1

Юрагимда сақлаганларим: Қўрқинчли аёл

МУТОЛАА 08.08.2016, 14:05
Теглар: Юрагимда сақлаганларим
Юрагимда сақлаганларим: Қўрқинчли аёл

Таҳририятга келган мактубларни бирма-бир ўқирканман, диққатимни нариги столда турган телефоннинг овози бузди. Хатдан кўзларимни ололмаётганим боис, қимир этмай ўтирганим сари телефон ҳам бетоқатланарди. “Олмаганингга қўймайман”, дегандек, тинимсиз жирингларди...

Охири хатни столда қолдириб, гўшакни кўтардим.

—  Вой Худо, кўтаришди, кўтарди-я! — деди кимдир қулоғимга тутишим билан. 

—  Ассалому алайкум! — дедим аксарият мухлисларда кузатиладиган ҳаяжонни тушуниб. 

—  Ассалом, газетага тушдимми? 

—  Газетага тушдингиз...

—  Ҳалиги... Мен анчадан буён ҳеч кимга айтолмай юрганларимни гапириб бермоқчи эдим, — деди мухлисамиз ўзини таништирмай туриб. — Ёзиб оласизми?  

—  Ёзиб оламан. 

—  Гапни нимадан бошлашни ҳам билмайман. Ҳаяжонланганимдан гапларим эсимдан чиқиб кетди. Бўлмаса, неча кундан буён миямда такрор-такрор айтиб, пишитиб олгандим.

—  Ўзингизни таништирмадингиз? — дедим ҳамон кимлигини айтмаган мухлисамизга кимлигини айтиши лозимлигини эслатиб. 

—  Айтмасам ҳам бўладими? Яқинларим таниб қолса... 

—  Ихтиёрингиз. Нима бўлди? Нимани айтмоқчи эдингиз?

—  Кўп нарсани гапиришим керак эди. Энг биринчи, ўзимнинг камчилигимни айтиб қўйсам. Нега бунақаман, билмайман. Ёмон одатим бор. Унинг гапини бунга, буникини унга айтиб қўявераман. Кўп бора “деди-деди”нинг сабабчиси бўлиб, гап эшитган дамларим ҳам бўлди. Лекин энг ёмони...

Ишонсангиз, энг яқин дугонамнинг дил ёриб айтган гапини ҳам бошқаларга етказганман. Ҳаммаси шундан бошланди. Кўпчиликни ўзимдан совутдим. Юз ўгиришларига сабабчи бўлдим.

Дугонамнинг турмуши бузилган эди. Эри ичувчи бўлгани боис, кўп калтаклар, шунинг ортидан битта қизчаси билан ажрашиб кетганди. Унинг қандай қийналганларини ўзим кўрганман. Аввалига акаси тергайвериб тоқатини тоқ қилди. 

—  Ажрашиб келиб шарманда қилганинг етмагандек, энди дарвоза олдида ўтириб олиб ўзингни реклама қиляпсанми? — дерди қўшнилар билан суҳбатлашиб ўтиргани чиққудек бўлса. — Бу ерда ўзингни кўрсатиб ўтиргунча қизингга қара, менинг болаларимнинг юзини юляпти. 

Мен дугонамнинг қизлик уйидан икки хонадон наридаги оилага келин бўлиб тушгандим. Шунинг учун бу гапларга ўзим ҳам гувоҳ бўлганман. 

Бу орада ажрашишганига олти ой ўтмай, эри уйланди. 

—  Эрим ёмон бўлса ҳам, ажрашган бўлсам ҳам барибир нима учундир боғланиб турган эканман. Бирдан бўшашиб, бор-будимдан айрилгандек бўлдим. Эҳтимол, эримнинг тавба қилишига, ярашиб, бахтли ҳаёт кечиришимизга ваъда беришига умид қилгандирман, — деди у бир куни. 

Бу гапларни сир сифатида фақат менга айтаётганини билардим. Лекин нима учундир, эртасига у акасидан қўрқиб кўчага чиқмаганида орқа-олдини ўйламай сўзлашга тушдим:

—  Дугонам бечорага ҳам қийин. Эри билан ажрашганига пушаймон. Ўзи калта ўйлаган-да! Эри уйлангач, дугонам ҳам ўйлаб кўриб хатосини тушунганми?.. — дедим атай қўшниларни оғзимга қаратишни истаганим учун сирли қилиб.

—  Вой, ёмон кўради-ку, эрини, — бир қўшним гапимни шарт кесди.

—  Сиз биласизми, менми? Мен дугонасиман-ку! Мен билан сирлашади. Ўзи айтди. Балки эри уйланганидан кейин акаси ҳам баттар зуғум қилаёганми?

—  Ака бўлгандан кейин тергайди-да! “Зуғум” деманг, — деди бошқа бир қўшнимиз.

—  Сиз биласизми, менми? Акаси кун бермайди, унга...

Фақат уни эмас, уйимиздаги гапларни кўчага, кўчадагини уйга олиб кириб ҳам ҳаммани оғзимга қаратиб ўтиришни яхши кўрардим. Бир куни қайнонамнинг опаси меҳмонга келди. Ёшликларини эслашди. Холамиз “Сенинг ошиқларинг кўп бўлган. Бир марта уйга борганингда бир синфдошинг билан гаплашиб турганингни эринг кўриб қолиб, онамларникига ташлаб кетворгани эсингдами? Бўлмаса, кўчада шунчаки сўрашиб, ҳол-аҳвол сўрагансизлар. Эринг эса рашкдан ёниб, ўзини тутолмаган...” 

Эртасига яна қўшниларни ўзимга қаратгим келди.

—  Кеча қайнонамнинг опаси келганди. Роса қайнонамнинг сирларини очиб ташлади, — дедим қизиқ нарса айтаётгандек овозимни паст қилиб.

—  Қанақа сири бор экан? — ҳамма хотинлар бирдан қизиқсинди.

Бундан баттар завқим келди.

—  Келин бўлгандан кейин ҳам роса "ҳунар” кўрсатган эканлар. Ҳатто синфдоши билан қайнотам кўриб қолган экан. Кейин қайнонамни онасиникига ташлаб кетиб қолган экан. Сал қолган экан, ажрашиб кетишига.

—  Йўғ-е, қайнонангизни ҳамма мақтайди-ку! Ҳеч ким бемаъни гап айтмаган.

—  Ҳамма ҳам билмайди-да! Кеча опасининг ўзи айтди-ку! — дедим беписанд қараб.

Ҳар доим бу гапларим чувалашмас, мен энг зўр гурунг берувчи, ҳаммани оғзига қаратиб ўтирувчи давранинг гули бўлиб қолаверардим. 

Бу сафар ҳам шундай бўлади деб ўйлагандим. 

Пешиндан кейин дугонам бизникига келди. Кўчага чиқиб ўтиришимизга ҳам ҳожат қолмади. Иккаламиз роса гурунглашдик. Билдимки, дугонамнинг ўта муҳим гапи ёки маслаҳатлашадиган иши бор. Бўлмаса, уйимизга келмасди. Шуни ўйлаб, ичим қизиса-да, сабр билан унинг “ёрилиши”ни кутдим.  Охири у дилидагини айтишга тушди:

—  Бир гап айтсам, ҳеч кимга айтмайсанми? Маслаҳатинг керак. Нима қилишни ҳам билмайман. Биласан, сиқилиб юргандим. Эрим уйлангандан кейин негадир дунёга сиғмай қолдим. Худди ўзимни кераксиздек ҳис қилдим. Ҳатто, ўша алкаш эрим ҳам кимгадир керак, кимдир интиқ эканки, мана уйланиши қийин бўлмади, мен-чи? Шу қадар қадрсизманми, дея эзила бошладим. Бир ҳафта сиқилдим, бир ой ич-этимни едим. Охири ўзимни овутиш учун телефонимни қўлимга олдим. Алам билан дуч келган рақамни тердим. Эркак киши олди. Шошиб қолганимдан “Узр, адашиб тушдим”, дедим. “Тез-тез адашиб туринг, шунақа адашиб тушадиганларга маҳтал бўлиб ўтирибман”, деди у дабдурустдан. “Ростдан адашиб тушдим!” дея жаҳл билан босиб қўйдим. У эса смс юборди: “Менам рост айтдим. Бирор ким адашиб тушса ҳам майли эди. Дардимни эшитса бўлди, деб ўтирибман”, дебди. Индамадим. Тағин хабар юборди: “Узр, ростдан адашиб тушганга ўхшайсиз...”

Унинг сўзлари юрагимни тилди. Беихтиёр менам хабар юбордим: “Адашмагандим, сиқилганимдан тергандим...”

Дугонамнинг гапи шу ерга етганда янада яқинроқ ўтирдим. У эса қизариб кетди. Мен ўзимни тиёлмай савол ҳам бердим:

—  Кейин телефон қилгандир?

—  Йўқ, — деди дугонам ерга қараб. — Хабар юборди. “Дардлашгингиз келса, тинглашга тайёрман. Фақат бир шартим бор, менинг ҳам дардимни эшитасиз...” дебди. Мен “Яхши”, деб жавоб йўлладим. Кейин эса телефонимни ёнимга қўйиб ўйга толдим: “Нима қиламан, дуч келган одамга дардимни айтиб. Бирор нима топармадим?” 

Орадан ўн дақиқа, ўн беш дақиқа, ярим соат ўтди. Телефоним жиринглади. Ҳалиги рақам. Хаёл билан кўтардим. 

—  Кутиб ўтиравераманми? — деди суҳбатдошим. 

—  Нега кутасиз? — дедим ўз хаёлларим билан банд бўлганим учун. 

—  “Дардлашгингиз келса, тинглайман”, дедим. “Яхши”, дедингиз. Лекин қўнғироқ қилмадингиз...

—  Дардим йўқ. Шунчаки ёздим. Сиз эса айтверинг. Эшитаман, — дедим. 

—  Менинг ҳам айтгим келмай қолди. Гўё бутун дардлардан фориғ бўлгандекман. Сал аввал дунёга сиғмаётгандим. Энди қушдекман...

Шу билан гапимиз қизиди. Унинг айтишича, яқинда аёли кетиб қолибди. Ўн йилдирки, бефарзанд эмиш. Дўхтирлар эркакни айблаган экан, хотин жўнаворибди. “Сизни танимаганим, билмаганим учун очиқ-ойдин айтдим. Енгил тортдим”, деди у сўзи якунида. Сўнг ихтиёрсиз равишда мен эримни ёмонладим. Биринчи суҳбатимиз шу тарзда дардлашув билан кечди. Эртасига эса ҳазил-ҳузул қилиб, кўнглимни кўтарди. Ҳозир ҳам гаплашиб турибмиз. Бир-биримизга ўрганиб қолаётгандекмиз. Икки кундан буён “Кўришайлик, балки тақдир йўлларимиз бирдир”, дейдиган бўлди. Бошим қотиб қолди. Нима қилай? Албатта, ишонаётганим йўқ. Лекин... ичимда нимадир бор. Умидми...

Мен ўша дамда ҳам дугонамнинг сўзларини қандай қилиб қўшниларга етказиш ҳақида ўйлардим.  

Унга албатта учрашишни маслаҳат бердим. Аёллар даврасида эса жўшиб сўзладим:

—  Дугонам дардини эркаклар билан гаплашиб ювяпти. Нима ҳам қилсин? Ёш бўлса, боши очиқ бўлса. Бугун учрашувга ҳам кетган. Бир-бирини ёқтиргудек бўлса, тўй бошлаб юборишадими?

Буни қарангки, бу гапим дугонамнинг янгасининг қулоғига етиб борибди. У эрига айтибди. Ўша куниёқ учрашувдан қайтиши билан акаси эшик очибди. Кейин бузуқдан олиб, бузуққа солибди. Бир шапалоқ туширибди ҳам. Ўша-ўша дугонам кўчага  ҳам чиқмай қўйди. Телефон қилсам ҳам жавоб бермаяпти. Тинимсиз қилган қўнғироқларимга жавобан смc юборибди: “Сенга ишонгандим. Кутмагандим, сендан. Сенга нима ёмонлик қилгандимки, айтган гапларимни ҳаммага ёйиб юрибсан? Сендек дугонам йўқ...”

Биласизми, қўшни аёллар ҳам мени кўрса юз ўгиряпти, суҳбатларига қўшмаяпти. Биттаси аччиқ-аччиқ гапирди ҳам:

—  Дугонангизнинг юз хотирини ҳам қилмабсиз-а? Сиз қўрқинчли аёлсиз! Қўрқиш керак сиздан. Узоқроқ юриш керак...

Ҳатто қайнонам ҳам койиди. Ўзи ҳақидаги гапларимни эшитган экан. Бир кунда ҳамма юз ўгирди. Нима қилишимни билмай қолдим. Нима қилай, маслаҳат беринг...

КАМИНА оққа кўчирди

Шарҳлар

​ҚИММАТГА ТУШГАН “МУҲАББАТ”

25.07.2017, 11:04

Бирон бир ишни бошлаш осон кечмайди. Немисларда ҳам “ҳамма ишнинг бошланиши оғир” деган мақол бор. Қанча меҳнат, маблағ ва тинимсиз ҳаракат зарур. Ҳужжатларни тўғрилаш, маълум...
​Шубҳага эргашиб…

11.07.2017, 12:11

Насиба кўзини тўйхонанинг тўрт томонига югуртириб эрини излай бошлади. Қани у? Тополмагач, ўрнидан турди-да, бутун ташвишларини унутиб шўх таронага рақс тушаётганларни оралаб, эшик томон юрди....
​Япроқдаги нур

29.06.2017, 14:11

Қизлар ётоқхонасининг юқори қаватига кўтарилаётганимда қаттиқ ҳаяжонланиб кетдим. Кўришмаганимизга ҳам анча бўлди. Қандай кутиб оларкин? Нимадан гап бошласам экан? Бу учрашувимиз нима билан тугаркин? Ҳар...
​МЕҲРИБОН

28.06.2017, 15:27

Собира календарга қаради. Ўн еттинчи феврал… Эртага ўғли билан учрашади. Иккиларининг ҳам туғилган кунлари. Юрагини темир қўллар ғижимлагандек бўлди. Соғинган, жуда-жуда соғинган…Уч йил муқаддам…Собира ўзи...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1