1

"Баҳодир Ялангтўш" фильмини суратга олиш ишлари давом этмоқда

МАДАНИЯТ 26.09.2022, 15:29
"Баҳодир Ялангтўш" фильмини суратга олиш ишлари давом этмоқда

Ўзбекистон Республикаси Кинематография агентлиги буюртмасига асосан, буюк саркарда, давлат ва жамоат арбоби, Самарқанд ҳукмдори Ялангтўш Баҳодир ҳақида бадиий фильмни суратга олиш ишлари давом этмоқда.  

Хўш, Ялангтўш Баҳодир ким ўзи? У Ватанимиз тарихида қандай ўрин тутган? Бугунги кунда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда унинг ҳаёт йўли қандай аҳамият касб этади?

Нима учун Ялангтўш?

 

Кўпчилик Ялангтўшни Самарқанднинг Регистон майдонидаги Шердор ва Тиллакори мадрасаларининг асосчиси сифатида билади. Аслида, у ўзбек давлатчилиги тарихида ўзига хос ўринга эга бўлган сиёсатчилардан саналади.

Маҳмуд ибн Валининг "Баҳр ал-асрор" асарида ёзилишича, амирнинг асл исми Хатой Баҳодир бўлган. Айрим манбаларда унинг исми гоҳ Низомиддин, гоҳ Абдулкарим тарзида келтирилади. Ривоятларга кўра, у душманга қарши жанглардан бирида ҳеч қандай совут тақмасдан, қалқон тутмасдан, кўксини очиб, майдонга тушгани учун Ялангтўш лақабини олган экан.

Унинг таржимаи ҳолига назар ташласак, 1576 йилда Нурота ҳокими Бойхўжа оиласида туғилган. Баҳодир Бухоро хони Абдуллахон II назарига тушган ва унинг ҳомийлигида 1590–1593 йилларда махсус ҳарбий мактабда ўқиган.

Шердор мадрасасининг қурилиши


Ўзининг давлат олдидаги муносиб хизматлари эвазига дастлаб Булунғур, Лойиш, Каттақўрғонда туманлари бошлиғи лавозимида ишлаган (1593–95) Ялангтўш Баҳодир  1611 йил Аштархонийлар сулоласига мансуб Имомқулихонни тахтга ўтқазишда фаол қатнашган.

У Самарқандни 1626 йилдан амалда мустақил идора эта бошлаган, унга оталиқ унвони берилган. Ялангтўш Баҳодир Бухоро хонлигининг барча ҳарбий амалиётларида фаол иштирок этган.

Давлат бошқарувини қўлга олишига ҳисса қўшгани, садоқатли ва намунали хизматларини эътиборга олган Имомқулихон 1612 йили Ялангтўш Баҳодирни Самарқанд вилояти ҳокими этиб тайинлайди. Бир қатор танаффуслар билан у  қирқ йил Самарқандни бошқарган.

Регистон қандай қурилган?

 

Баҳодир Ялантўшнинг тарих олдидаги энг буюк хизматларидан бири Самарқандда 1416-1420 йилларда бунёд этилган Улуғбек мадрасасига монанд тарзида Тиллакори (1646–1660) ва Шердор (1619–1636) мадрасаларини бунёд этиб, Регистонни яхлит мажмуа ҳолатига келтирганидадир.

Регистон мажмуасининг бугунги кўринишга келишида Ялангтўш Баҳодирнинг ҳиссаси катта бўлди. Унинг кўрсатмасига кўра, 1619 йилда Улуғбек мадрасаси рўпарасида худди шундай услубда янги мадраса қурилиши бошланади.

17 йил давом этган қурилиш сўнгида ҳар жиҳатдан Улуғбек мадрасасига ҳамоҳанг янги меъмрий обида қад ростлайди. Икки қаватли ушбу мадрса 54 та ҳужрадан иборат. Мадрасанинг Шердор деб аталишига сабаб унинг пештоқида инсон юзи акс этган қуёш ва шерлар тасвиридир. Айни пайтгача пештоқнинг икки томонида симметрик тарзда акс этган қуёш, шер ва оҳу тимсолларини мутахассислар турлича шарҳлаганлар.

Айрим маълумотларга кўра, мадраса қурилиши қуёш ҳамал буржида турган пайтда бошланиб, арслон (асад) буржига кирган пайтда якунига етгани учун ана шундай тимсоллар мадраса пештоқига туширилган деб ҳисоблашган.

Испан сайёҳи Дон Рюи Гонзалес де Клавихо ўзининг саёҳатномасида Шаҳрисабздаги Оқсарой пештоқида ҳам қуёш, шер ва оҳу тасвирларини кўрганини ёзади.

Шу билан бирга сайёҳ бу расмлар туркий халқларнинг қадимий тамғаларидан олинганини ҳам қистириб ўтган. Ушбу мадраса қурилган пайтда ҳали Оқсарой ҳали вайрон бўлмаганини эсга олсак, айнан ундан андоза олиб ишланганини тахмин қилиш мумкин.

Регистон майдони, Самарқанд

 

Тилла суви юритилган пештоқлар

 

Шердор мадрасаси қуриб битказилгач, Самарқанд ҳокими Ялангтўш Баҳодирга бу мажмуа ҳали номукаммалдек туюлади. Орадан ўн йил ўтиб, 1546 йилда унинг буйруғи билан учинчи иншоот – Тиллакори мадрасаси қурилиши бошланади. Мадраса қурилишидан олдин бу ерда ҳам мадраса, ҳам масжид қурилиши режалаштирилган. Шу боис иншоот тарҳи ўзига хос тарзда ишланган.

Тўрт айвонли, квадрат шаклга эга бўлган ҳовли уч томондан бир қаватли ҳужралар билан ўралган. Мадрасанинг ғарбий томонидан масжид барпо этилган. Мадраса ва масжиднинг ички ва ташқи томонлари турли  нақшлар, арабий битиклар билан безатилган. Айниқса ички томонида ишланган нақшлар устидан тилла суви юритилгани учун мадраса “Тиллакори” яъни тилладан ишлов берилган деб аталган. Айримлар бу иншоотни Ялангтўшбийнинг кичик мадрасаси ҳам деб аташади.

Ҳар учала мадраса биргаликда ўзига хос яхлитликни, уйғунликни ташкил этади. Мадрасалар турли даврларда қурилган. Айниқса Улуғбек мадрасаси кейингиларидан икки аср олдин қурилганига қарамай, ушбу мажмуа бир пайтда ягона меъморий ечим асосида қурилгандек таассурот уйғотади.

Нечта Ялангтўш бор?

 

Айни пайтда қозоқ қардошларимиз ҳам Ялангтўш Баҳодир миллий қаҳрамон сифатида эътироф этиб, унга бир қанча шаҳарларда ёдгорлик ҳам ўрнатганлар.

Аммо, тарихий маълумотларга мурожаат қилсак, Ялангтўш Баҳодир ўзбекларнинг олчин қабиласидан эканлиги, у аштархонийлар даврида қозоқ хонларига қарши бир қатор жангларда жасорат кўрсатгани айтилади. Жумладан, 1609 йилда Самарқандга юриш қилган қозоқ хони Абилай султон қўшинини Сиғноққа қадар қувиб борган. 1612 йилда Тошкент ва Туркистон яқинида қозоқ қабилаларига қарши курашда кўрсатган қаҳрамонликлари учун Имомқулихон томонидан Балх амири этиб тайинланган.

Худди ўша йили у яна бир йирик қозоқ хони Есимхонга қарши катта қўшин билан жангга киради ва рақибини мағлуб этади. Ўзбек давлати томонидан қозоқ хони Жаҳонгирга ёрдамга юборилган Ялангтўш Баҳодир ва Абдураҳмон девонбеги бошчилигидаги қўшин 1643 йили ҳозирги Қозоғистоннинг жануби-шарқидаги Ўрбулоқда юз берган ҳал қилувчи урушда қалмоқларнинг эллик минглик лашкарини енгган.

Жалантос Сейитқул ўғли ёдгорлиги, Ақтўбе, Қозоғистон

 

Шу боис, айрим тадқиқотчилар қозоқ халқ оғзаки ижоди намуналарида Жалантўс Сейитқул ўғли номи билан машҳур бўлган Баҳодирнинг Ялангтўшга алоқаси йўқлигини таъкидлашади. XVIII асрда яшаб ўтган яна бир тарихий шахс  – Жалантўс Қулиқулининг мақбараси эса, Қарағанда шаҳридан жануби-шарқда жойлашган.

Баҳодирнинг сўнгги манзили

 

Даҳбеддаги "Махдуми Аъзам" масжиди ҳам Ялангтўш Баҳодир томонидан 1619 йили қурдирилган ва ўз замонасининг маданий марказларидан бираг айланган. Айтишларича, масжид ўн тўртта устун устига тикланган, ўн тўрт гумбазли қилиб қурилган, унинг саҳнига ўн тўрт туп чинор экилган ва ўн тўрт ҳукмдорнинг жасади дафн этилган экан.

Ялангтўш Баҳодир ўз даврида катта мавқега эга бўлган нақшбандия тариқатига юксак эҳтиром билан қараган ва маълумотларга кўра, унинг ўзи ҳам ушбу тариқатга кирган.

Хонақоҳнинг шимолий қисмидаги, 17.6х16.6 метр ўлчовдаги деярли квадрат шаклга эга дахма Самарқанднинг кулранг мармаридан ишланган бўлиб, баландлиги – 1.55 метр, бурчаклари мармар ярим устунлар билан безатилиб, Қуръон оятлари билан зийнатланган.

Ялангтўш Баҳодирнинг икки қизи – Иқлимабону ва Ойбибининг қабрлари ҳам шу ердан ўрин олган.

Баҳодир Ялангтўш қабри, Даҳбед қўрғони

 

Ялангтўш Баҳодир 1656 йили 80 ёшида бу ёруғ оламни ташлаб кетган. Васиятига кўра уни Даҳбеддаги Маҳдуми Аъзам хонақоҳига, пири Хожа Ҳошим қабрининг оёқ томонига кўмганлар. Шу тариқа, ўзбек халқи ва давлатчилиги тарихида ўз ўрни ва хизматларига эга йирик давлат арбоби, кўплаб хайрли ишлар ташаббускори, илм-фан ҳамда маданият ҳомийси Ялангтуш Баҳодирнинг умр дафтари тугаган.

Баҳодир жасорати – экранларда

 

Ўзбекистон Кинематография агентлиги ва Самарқанд вилояти ҳокимлигида бу қаҳрамон ҳамюртимиз ҳаёти ва фаолияти ҳақида “Ялангтўш Баҳодир” бадиий фильмини суратга олиш ишлари бошланди. Фильмнинг илк саҳналари “Ипак йўли дурдонаси” XIV Тошкент халқаро кинофестивали кунлари суратга олинди.

Съёмка жараёнида  Даниянинг Danmon Group компаниясидан сотиб олинган 3,5 миллион долларлик техникалар ишлатилмоқда. Фильм таниқли  режиссёр Жаҳонгир Аҳмедов томонидан суратга олинмоқда. 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1