Франция пойтахти Парижда ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий комиссияси раиси Гаяне Умерова Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ихтисослашган агентлиги – ЮНЕСКО Бош директори Одри Азуле билан учрашди.
Томонлар 2025 йил ноябрда сўнгги қирқ йил ичида илк маротаба Париждаги қароргоҳ сарҳадларидан ташқарида — Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган ЮНЕСКО (1945-йил 16 ноябрда ташкил этилган) Бош конференциясининг бўлажак юбилей сессиясига пухта тараддуд кўришнинг амалий жиҳатларини муҳокама қилдилар.
ЮНЕСКОнинг мазкур тарихий анжуманини Ўзбекистонда юқори ташкилотчилик савиясида уюштиришни таъминлаш бўйича тайёргарлик ишлари ва муштарак чора-тадбирларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Самарқандда ўтказиладиган Бош конференция давомида ЮНЕСКО ваколатлари доирасида янги жаҳоншумул ташаббусларни ҳамда икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга доир стратегик лойиҳа ва дастурларни такомиллаштириш ва қабул қилиш бўйича келишувларга эришилди.
Учрашув илиқ ва дўстона муҳитда ўтиб, унда ЮНЕСКО ва Ўзбекистон ўртасидаги кенг кўламли шерикликни янада юқори поғонага олиб чиқишга қатъий тайёрлик руҳи тасдиқланди.