Зоминда иккинчи Халқаро мақом санъати анжумани бошланди. Унинг очилишида Президент Шавкат Мирзиёев нуқт сўзлаб, барчани ушбу воқеа билан самимий муборакбод этди.
“Авваламбор, сиз, азизларни бетакрор қадрият ва анъаналар юрти бўлган Ўзбекистон заминида иккинчи маротаба ўтказилаётган Халқаро мақом санъати анжуманининг очилиши билан чин қалбимдан муборакбод этаман.
Бугунги тантанамизда ЮНЕСКО Бош конференцияси 42-сессияси президенти Симона Микулеску, АЙСЕСКО Бош директори Салим Муҳаммад ал-Малик, ТУРКСОЙ Бош котиби Султон Раев, Туркий маданият ва мерос фонди президенти Актоти Раимкулова, Туркий давлатлар Парламент Ассамблеяси Бош котиби Меҳмет Суреййа Эр, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Бош котиби ўринбосари Нурлан Сейтимов, Туркия Республикаси Президентининг бош маслаҳатчиси Ялчин Топчу, Қозоғистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Малик Отарбаев, Тожикистон Республикаси Президентининг ижтимоий ривожланиш, маданият ва жамоатчилик билан алоқалар бўйича ёрдамчиси Абдулло Раҳмонзода, Қирғиз Республикаси маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазири Олтинбек Максутов, Озарбайжон маданият вазири Адил Габил ўғли Каримли ва бошқа муҳтарам меҳмонларимиз иштирок этаётгани учун алоҳида миннатдорлик билдираман.
Хуш келибсиз Ўзбекистон заминига!
Қадрли меҳмонлар!
Мазкур анжуман 2018 йилда кўҳна Шаҳрисабзда ўтказилган биринчи халқаро мақом санъати фестивалининг давоми бўлиб, пандемия туфайли вужудга келган олти йиллик танаффусдан сўнг барчамизни янгича руҳ ва шукуҳ билан яна ўзига чорламоқда.
Буюк ипак йўли дурдонаси – жаннатмакон мамлакатимизнинг гавҳари, сервиқор тоғлар, ям-яшил ўрмонлар, халқпарвар ва олижаноб инсонлар юрти бўлмиш бетакрор Зомин бугун катта санъат байрамига мезбонлик қилмоқда.
Қадимий Зомин ҳақида кўплаб китоблар, илмий тадқиқотларда батафсил маълумотлар берилган. Тарихий манбаларда қайд этилишича, “Зомин” атамаси “Авесто”да тилга олинган “Зомёд”, яъни, фаровонлик фариштаси деган ном билан боғлиқ ва милоддан аввалги VII-V асрларга бориб тақалади.
Ноёб археологик топилмалари, забардаст алломалари билан жаҳонга машҳур ушбу ҳудуд кўп асрлар давомида цивилизация бешикларидан бири, илм-фан, санъат ва маърифат маркази бўлиб келган. Жумладан, XII асрнинг охири ва XIII асрнинг биринчи ярмида бу маконда яшаб ижод этган ҳуқуқшунос аллома Муҳаммад ибн Маҳмуд Уструшоний тарихда болалар ҳуқуқлари бўйича биринчи кенг қамровли манба – “Болалар ҳуқуқлари кодекси” (“Жомиъ аҳком ас-сиғор”) номли ноёб асар яратганини катта фахр ва ифтихор билан тилга оламиз.
Бошқача қилиб айтганда, ушбу тарихий асар бола ҳуқуқлари Ғарб цивилизациясидан қарийб олти юз йил муқаддам бугунги Ўзбекистон заминида тўлиқ ўрганилиб, амалга оширилганини кўрсатади.
Бу кўҳна диёр нафақат беқиёс табиат мўъжизаларини, шу билан бирга, буюк маънавий хазина бўлган халқимизнинг бой анъана ва қадриятлари, маданий мероси ва фольклор намуналарини ҳам сақлаб келаётган табаррук заминдир.
Шу ўринда Жиззах вилоятидан Ўзбекистон халқ ҳофизлари Эсон Лутфуллаев ва Орифхон Ҳотамов, Ўзбекистон санъат арбоби Баҳрулло Лутфуллаев каби ҳаётбахш ва ўлмас наволари билан халқимиз меҳрини қозонган атоқли ҳофизлар, моҳир бастакорлар етишиб чиққанини ёдга олишни истар эдим.
Муҳтарам фестиваль қатнашчилари!
Бизнинг қадимий тарихимиз, бой маданиятимиз, азалий қадриятларимизнинг рамзи бўлган мақом санъати теран фалсафий илдизлари, бетакрор бадиий услуби ва бой ижодий анъаналари билан маънавий ҳаётимизда муҳим ўрин эгаллайди. Мақом – умумбашарий туйғуларни авж пардаларда тараннум этадиган нодир санъат тури сифатида ҳам биз учун ғоят қадрлидир.
Шу билан бирга, у ўзида мусиқа, шеърият ва рақс санъатини ажойиб тарзда уйғун этган юксак тафаккур ва инсоний камолот қомусидир. Мақом санъати учун асосий мавзу – энг аввало, шахс, унинг эрки ва қадри, тинчлик-тотувлик, ҳамжиҳатлик ва умумбашарий тараққиёт ҳисобланади.
Бу мумтоз бадиий обида асрлар мобайнида авлодлар ўртасида руҳий узвийликни сақлаб, инсон маънавий оламини бойитиб, ёшларни ҳар томонлама баркамол этиб тарбиялашдек улуғ мақсадларга хизмат қилиб келмоқда.
Мақом ўзида халқнинг теран руҳияти, эзгу ниятлари, миллий менталитети, сўнмас қадриятларини мужассам этган бўлиб, цивилизация тараққиётида муҳим ўрин эгаллайди.
Мусулмон Шарқида Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврида мақом санъати жадал ривожланиб, ўзининг юксак чўққисига кўтарилди. Хусусан, X асрнинг биринчи ярмида Шарқда “Муаллими соний” номи билан машҳур бўлган Абу Наср Форобий ўзининг “Катта мусиқа китоби”да мусиқа санъатининг назарий ва амалий мезонларини уд сози орқали мукаммал тартибга келтирган. Буюк мутафаккир Муҳаммад Хоразмий “Илмлар калити” китобининг мусиқага бағишланган қисмида ўша даврдаги мусиқа чолғулари ҳақида аниқ маълумотлар беради. Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби буюк алломаларимиз эса ноёб мусиқий асарлар яратиб, мақом ривожига беқиёс ҳисса қўшганлар.
XX асрда бу анъаналарни муносиб давом эттирган Абдурауф Фитрат, Виктор Успенский, Юнус Ражабий каби салоҳиятли ва пешқадам санъатшунос олимлар, Ҳожихон Болтаев, Комилжон Отаниёзов, Турғун Алиматов, Берта Давидова, Фаттоҳхон Мамадалиев, Ориф Алимахсумов, Маҳмуджон Тожибоев сингари атоқли ва фидойи устозларнинг унутилмас хизматларини ҳамиша чексиз ҳурмат ва эҳтиром билан эсга оламиз.
Мажозий маънода олти азим ўзанга қиёсланадиган, халқимиз бадиий тафаккурининг беқиёс маҳсули бўлган “Шашмақом” асрлар давомида жаҳон маданият уммонини тўлдириб, уни ҳар томонлама бойитиб келмоқда.
Шу ўринда мумтоз мусиқа санъатининг гултожи бўлган бетакрор мақомларимиз ЮНЕСКОнинг Инсоният номоддий маданий мероси рўйхатига киритилгани ва бу уни бутун дунёда кенг тарғиб қилиш ва оммалаштиришга муносиб ҳисса қўшаётганини улкан хурсандчилик билан таъкидламоқчиман.
Ҳурматли анжуман иштирокчилари!
Ўзбекистонда мақом санъатини асраб-авайлаш ва келажак авлодларга безавол етказишда машҳур давлат ва жамоат арбоби Шароф Рашидовнинг ўрни алоҳида ажралиб туради. Ғоят оғир даврларда Шароф Рашидовичнинг саъй-ҳаракатлари билан Тошкент давлат консерваториясида мақом санъатини илмий ўрганишга, уни халқаро миқёсда тарғиб этишга асос солинган эди. Ўша йилларда республикамизда мақом ансамбли ташкил этилган. Ўлмас “Шашмақом” дурдоналари нотага олиниб, 6 жилддан иборат мукаммал китоб нашр қилинган.
Ўйлайманки, бугунги файзли анжуманимиз туфайли раҳматли Шароф Рашидовичнинг ҳам руҳлари шод бўлмоқда.
Хабарингиз бор, Янги Ўзбекистонда барча соҳалар қатори маданият ва санъат йўналишини ривожлантириш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Бу жараёнда “Шарқ тароналари”, Халқаро бахшичилик санъати, “Лазги”, Халқ ҳунармандчилиги фестивали сингари нуфузли анжуманлар, Тошкент халқаро кинофестивали, маданият кунлари, тасвирий ва амалий санъат кўргазмалари ҳамда бошқа муҳим тадбирларни ўтказиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Ҳеч шубҳасиз, улар орасида мумтоз мусиқа санъатининг ноёб дурдонаси бўлган мақомларга бағишланган мазкур халқаро фестиваль беқиёс ўрин тутади. Мамлакатимизда ушбу санъат равнақини янги босқичга олиб чиқиш, истеъдодли ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, бу борада халқаро ҳамкорликни кучайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Бугунги кунда мақом санъати бутун мамлакатимиз бўйлаб, бошланғич таълимдан тортиб, академик фан даражасигача бўлган босқичларда узлуксиз тарзда ўрганилмоқда. Биз Тошкент шаҳрида Мақом маркази янги биносини қуриш бўйича амалий ишларни бошладик. Мақом ривожи йўлида сермаҳсул ижод қилиб келаётган бастакор, композитор, мусиқашунос, хонанда ва созандаларни фаол қўллаб-қувватлаш мақсадида юртимизда нуфузли миллий танловлар ўтказиб келинмоқда.
Бугунги имкониятдан фойдаланиб, ҳаётини ана шундай шарафли ва масъулиятли ишга бағишлаган, гўзал қалб оламида бу умумбашарий мерос намуналарини авайлаб-ардоқлаб келаётган, ўзининг беназир ва жозибадор оҳанглари билан халқларимизни мафтун ва мамнун этаётган сизлар каби барча азиз санъаткорларимизга шахсан ўз номимдан, бутун халқимиз номидан самимий миннатдорлик билдираман.
Қадрли дўстлар!
Биз бу борада бошлаган ва баланд марраларни кўзлаган режа ва тадбирларимизни албатта изчил давом эттирамиз. Зеро, миллий мақом ижрочилиги мумтоз санъатимиз ва юксак маданиятимизнинг ўқ илдизи бўлиб келган ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади.
Буюк Алишер Навоий бобомиз айтганларидек, “Кўнгил қуввати – хуш навоздин, руҳ қути – хуш овоздин”.
Қаранг, қандай чуқур маъноли сўзлар.
Дарҳақиқат, барча олис ва яқиндан келган санъаткорлар иштирокида дўст ва биродар халқларимизнинг дилларини бир-бирига чамбарчас боғлайдиган бугунги анжуманимиз ҳам мусиқа орқали ер юзидаги барча инсонларга маънавий озиқ беришга хизмат қилади. Фестивалимиз кўлами тобора кенгайиб, бугун бу муҳташам мажмуада Осиё, Европа, Шимолий ва Жанубий Америка, Африка қитъаларининг 80 дан ортиқ мамлакатларидан қарийб 400 нафар меҳмонлар жам бўлиб тургани ҳам фикримизнинг яққол тасдиғидир.
Эзгулик ва гуманизм байроғи остида бирлашган, санъатни бутун борлиғи билан севадиган барча ижод аҳли учун ушбу фестиваль, ҳеч шубҳасиз, катта байрамдир.
Фурсатдан фойдаланиб, тадбирни ташкил этишда бевосита иштирок этаётган барча фидойи инсонларга, бизнинг қувончимизга шерик бўлаётган хорижий давлатларнинг элчилари ва халқаро ташкилотлар вакилларига, ҳурматли меҳмонларимизга чин дилдан ташаккур айтаман.
Мақомлар жаҳон мусиқа ихлосмандлари руҳининг туганмас куч-қувват ва илҳом манбаи бўлсин!
Мақом санъатининг шони ва шуҳрати боқий бўлсин!
Барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт-саодат, олижаноб фаолиятингизда янги омадлар ёр бўлсин!“ - деди давлат раҳбари.