АсосийDunyo

Қирғизистон КХШТ тинчликпарвар кучлари билан машғулотларни ҳеч қандай изоҳсиз бекор қилди

'Қирғизистон КХШТ тинчликпарвар кучлари билан машғулотларни ҳеч қандай изоҳсиз бекор қилди'ning rasmi

Балиқчи шаҳридаги 20636-сонли ҳарбий қисмнинг «Эделвейс» ўқув марказида 10—14 октябрь кунлари бўлиб ўтиши керак бўлган “Бузилмас биродарлик – 2022” қўмондонлик-штаб ўқув машғулотлари Қирғизистон Мудофаа вазирлиги томонидан бекор қилинди.

Ўт очишни тўхтатиш режимини сақлаш бўйича иш олиб бориш режалаштирилган машғулотлар 10 октябрда бошланиши керак эди.

Июнь ойида қўшни республика мудофаа вазирлиги ушбу ўқув машғулотларини ташкил этишга тайёргарлик бошлангани ҳақида хабар берган эди. Иккинчи штаб музокаралари КХШТ тинчликпарвар кучлари билан “Бузилмас биродарлик – 2022” қўмондонлик-штаб ўқув машғулотларини ўтказишга тайёргарлик кўриш юзасидан ўтказилди.

Машғулотларга Арманистон, Беларус, Қозоғистон ва Россиянинг тинчликпарвар контингентлари жалб этилиши керак эди. КХШТ тинчликпарвар кучлари билан “Бузилмас биродарлик” машғулотлари 2012 йилдан буён ўтказиб келинмоқда.

Ушбу машқларда, режалаштирилганидек, Тожикистон ҳарбийлари иштирок этиши керак эди. Бироқ чегарадаги можародан сўнг кўплаб қирғизистонликлар, шунингдек, Жогорку Кенеш депутатлари Тожикистон Республикаси Қуролли кучлари вакилларини машғулотларга киритмасликни талаб қилишган.

КХШТ ҳозирча машғулотлар бекор қилинганига муносабат билдирмаган.

Аввалроқ сиёсий таҳлилчилар Қирғизистон президенти Садир Жапаров 7 октябрь куни Санкт-Петербургда бўлиб ўтган МДҲ давлатлари раҳбарларининг норасмий учрашувида иштирок этмаганини таъкидлаган эди. Кун тартибидаги асосий масала Владимир Путин ва Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг 70 йиллик юбилейларини нишонлаш бўлди.

Сентябрь ойи ўрталарида Қирғизистон ва Тожикистон ҳарбийлари ўртасида кенг кўламли чегара тўқнашувлари юз берган, бунинг оқибатида ҳар икки томондан ўнлаб одамлар ҳалок бўлган, юзлаб одамлар жароҳатланган эди. Шу билан бирга, ҳар икки давлат КХШТга аъзо ҳисобланади.

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар