Сал аввал Украиналик журналист Ўзбекистонни Россияга Эрон дронларини етказиб беришда айблагани ва депутат Алишер Қодиров Ўзбекистон Ташқи ишлар ва Мудофаа вазирликлари бу туҳматни расман рад этиши ва Гордонни узр сўрашга мажбур қилиши кераклигини айтгани ҳақида хабар берган эдик.
Шунингдек, ҳолатга Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг муносабатини эълон қилдик.
Украиналик журналистнинг айбловига Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам расмий баёнот билан чиқди:
"Интернет тармоғида украиналик журналист ва блогер Дмитрий Гордоннинг исроиллик тадбиркор Леонид Невзлин билан видеоинтервюси тарқалиб, гўёки унда Эроннинг учувчисиз учоқлари (дрон) Ўзбекистон ҳудудида йиғилаётгани тўғрисида ёлғон маълумотлар келтирилган.
Шуни алоҳида маълум қиламизки, Ўзбекистон Республикаси Эрон Ислом Республикаси билан ҳарбий-техник соҳада ҳамкорлик қилмайди ва ўз ҳудудида Эрон ҳарбий техникасини йиғмайди" дейилади хабарда.
Шунингдек баёнотда Ҳозирги вақтгача Украина томонидан ҳам, бошқа хорижий ҳамкорлардан ҳам “Эрон дронларини йиғиш” масаласи бўйича расмий мурожаатлар келиб тушмаганлиги маълум қилинди.
"Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Украина расмий ҳукуматига Украина оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон тўғрисида икки томонлама муносабатларга путур етказиши мумкин бўлган бундай асоссиз айбловлар ва бошқа ишончсиз маълумотлар тарқатилишининг олдини олиш бўйича тегишли чоралар кўришни сўраб мурожаат қилади" ТИВ дейилади баёнотида.






