Гормонларни ўзбошимчалик билан қўллаш аёлларда қандай хавфли асоратларни келтириб чиқаради?

САЛОМАТЛИК 30.10.2022, 15:41
Гормонларни ўзбошимчалик билан қўллаш аёлларда қандай хавфли асоратларни келтириб чиқаради?

Тиббиётда айрим беморларни даволаш учун сунъий гормон дори воситаларидан фойдаланилади. Бироқ ҳар қандай фармацевтик маҳсулот каби мазкур препаратларнинг ҳам инсон организмига салбий таъсири кам эмас. Айниқса, гормонал воситаларни нотўғри қўллаш ва ўзбошимчалик билан қабул қилиш организмда тузатиб бўлмас салбий оқибатларни келтириб чиқариши мумкин. Хусусан, хотин-қизлар, ҳомиладор аёллар ушбу дорилардан мутахассис назоратисиз фойдаланиши жуда хавфли.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати Республика перинатал маркази директори Нилуфар Ўринбоева бу борада ўз мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

— Гормонал дори воситалари аёлларда кўпгина гинекологик касалликлар ва ҳайз цикли бузилишининг олдини олишда шифокор томонидан буюрилади, — дейди мутахассис. — Фақат уларни қабул қилиш мутахассиснинг қатъий назорати ва кузатуви остида бўлиши зарур. 

Чунки нотўғри ва палапартиш гормон терапиясидан фойдаланиш аёллар соғлигида жиддий асоратларни келтириб чиқариши мумкин. Жумладан, бундай препаратларни ноўрин қўллаш хотин-қизларнинг тана вазни ошишига таъсир қилади. Қолаверса, юрак-қон томир хасталиклари ривожланиши хавфини оширади. 

Шунингдек: 

  • ошқозон-ичак тракти касалликлари; 
  • аллергик реакциялар; 
  • хавфли ва хавфсиз ўсмаларнинг ривожланиши; 
  • асаб ва руҳий бузилишлар; 
  • танада суюқлик тўпланиши; 
  • тухумдонларда кисталарнинг шаклланиши; 
  • темир танқислиги; 
  • тромбоз каби касалликлар ҳам айнан гормонларни ноўрин қўллаш оқибатида юзага келиши мумкин. 

 

Бундан ташқари, танада липидлар алмашинувининг бузилиши, жигар касаллиги, бачадон ҳамда вагинал қон кетиш, малигн неоплазм ҳолатларида аёллар учун гормонал терапия ўтказиш асло мумкин эмас. Бронхиал астма, эпилепсия, мигрен билан оғриган аёлларга эса бу муолажа эҳтиёткорлик билан буюрилиши лозим. 

Энг асосийси, гормонал дорилардан бемор опа-сингилларимиз мустақил ёки яқинларининг маслаҳати билан фойдаланмаслиги зарур. Акс ҳолда, юқорида таъкидлаганимиздек, бу ҳолат тузатиб бўлмас оқибатларга олиб келади. 

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1