Наманган вилоятининг Поп туманида ис газидан заҳарланиш оқибатида уч киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда "darakchi.uz"га Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари хабар қилди.
Маълум қилинишича, жорий йил 20 ноябрь куни соат 16:00 ларда туманнинг "Тинчлик" маҳалласида яшовчи 51 ёшли E.T., вояга етмаган 6 ёшли набираси Ф.T. ҳамда меҳмонга келган қайнонаси 74 ёшли Д.Й. уйни иситиш учун ўрнатилган темирдан ясалган печкага ёқилган табиий газдан чиққан ис газидан заҳарланиб, воқеа жойида вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввал Жиззахда 63 ёшли аёл ва унинг икки невараси, Хоразмда ижара уйда икки фуқаро ва Қашқадарёда 17 ёшли қиз ис газидан заҳарланиб вафот этган эди.