Афғонистон миллий электр компанияси Ўзбекистондан импорт қилинадиган электр энергияси техник носозликлар туфайли узилганини маълум қилди. Бу ҳақда Etilaatroz хабар берди.
Қайд этилишича, электр таъминоти 13 январь куни маҳаллий вақт билан соат 16:00 да тўхтатилган. Қайд этилишича, Ўзбекистон техник носозликлар туфайли етказиб беришни тўхтатган.
Натижада Афғонистон Тожикистондан сотиб олган электр энергиясини тақсимлашга қилишга мажбур бўлди. Электр энергияси асосан йирик шаҳарлар ва ижтимоий объектларга йўналтирилади.
Таъкидланишича, Афғонистонда электр энергияси биринчи навбатда шифохоналар ва муҳим хавфсизлик идораларига, шундан сўнг аҳоли турар жойларига тақсимланади. Афғонистон кўпроқ қўшни давлатлар, жумладан, Ўзбекистон, Туркманистон, Тожикистон ва Эрондан импорт қилинадиган электр энергиясига таянади.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистондан импорт қилинадиган электр энергияси Кобул ҳамда Парвон, Каписа, Панжшер, Нангарҳор, Лағмон, Логар, Пактий, Хост, Майдон Вардак, Ғазни ва Бағлон вилоятини электр билан таъминлайди.
Айни пайтда, аномал совуқ ҳаво туфайли Ўзбекистоннинг ўзида ҳам энергетика инқирози кузатилмоқда. Ҳатто Тошкентнинг бир қанча жойларида ҳам деярли бир кун давомида электр энергияси йўқ бўлди.