1

Навоий ғазалининг икки қатор байтини тиланчидан қанчага сотиб олган?

МУТОЛАА 09.02.2023, 09:01
Навоий ғазалининг икки қатор байтини тиланчидан қанчага сотиб олган?

Бугун, 9 февраль шеърият мулкининг султони, Мир Алишер Навоий ҳазратлари таваллуд топган кун. Мавлоно 1441 йилда Ҳирот шаҳрида таваллуд  топган. Навоийнинг таърифини, мукаммал ижод намуналарию, юзлаб ғазаллари ҳақиқда йилларки эшитиб, ўрганиб келамиз. Унинг беқиёс ижоди китоблар, дарсликлар, илмий ўрганишлар ва интернет манбалари орқали инсониятга қўлма-қўл ўтиб келяпти, маълум ва машҳур. "darakchi.uz" бугунги сана муносабати билан кун давомида Алишер Навоийнинг биз билмаган ва эшитмаган айрим ривоят ва манбаларга асосланган тарихи ҳақидаги маълумотларни тақдим этиб боради.  

Алишер Навоийнинг кўпгина асарлари ўз тарихига эга. Айримларининг яратилиши тарихи ёзма манбаларда аниқ далиллар келтирилган бўлса, бошқалари ҳақида ҳатто турли ривоят ва ҳикоятлар ҳам тарқалган.

 Айрим ғазалларнинг яратилиш даври хусусида тадқиқотчилар, адабиёт ихлосмандлари ўртасида анчадан бери баҳслар давом этиб келади. Ана шундай ғазаллардан бири Алишер Навоийнинг:

   Кўкрагимдур субҳнинг пероҳанидин чокроқ,

   Кипригим шабнам тўкулган сабзадин намнокроқ.

 – матлаи билан бошланади. Алишер Навоий ҳақида халқ афсоналарини ўзида жамлаган “Эл деса Навоийни...” тўпламида худди шу ҳақдаги ривоят ҳам келтириб ўтилган.

 Кўпгина адабиётшунослар ушбу байт билан бошланувчи ғазалнинг матлаини Самарқандда, бир тиланчидан эшитиб қолгани, кейинчалик орадан ўн йиллар ўтиб, уни сотиб олгани ҳақида маълумот беришади.

 Маълумотларга кўра, 1465-1469 йилларда Алишер Навоий Самарқандда яшаган, шу ерда ўқиб ижод қилган. Худди шу даврларда Алишер Навоий Самарқандда бир дарвешнинг тилидан юқоридаги байтни эшитиб қолгани ҳақидаги бир ривоят юзага келган.

Ривоят қилишларича...

...Алишер Навоий Самарқандда таҳсил олаётган йилларда Самарқанд бозорида бир дарвеш ана шу байтни куйлаб, тиланчилик қилиб юрганини кўради. Бу байт Навоийга жуда ҳам маъқул бўлади. Дарвишни холироқ жойда учратиб, ушбу байтни сотишни сўрайди.

Бироқ, бу пайтда Навоийнинг шоирга берадиган бир нечта ақчаси ва эгнидаги тўнидан бошқа ҳеч нарсаси йўқ эди. Дарвиш унга бу байтни куйлаб  қирқ йилдан бери оила тебратишини айтади. Навоий бу ғазалнинг муаллифи билан қизиқади. Маълум бўлиши дарвиш бу ғазални отасидан ёд олган бўлиб, муаллифи ким эканлигини билмас экан. Навоий ноумид бўлиб, ҳужрасига қайтади.

Бу орада Ҳусайн Бойқаро Хуросон тахтини эгаллаб, дўстини Ҳиротга таклиф этади. Султон Ҳусайннинг салтанатида юқори лавозимни эгаллайди. Орадан ўн йилдан кўпроқ ўтгандан сўнг Навоий давлат ишлари билан Самарқандга йўли тушиб, қадрдонлариникида меҳмон бўлади. Бир суҳбатда Навоий ўша байт ва унинг соҳибини эслайди. Ҳамсуҳбатлар Навоийга дарвешнинг ниҳоятда кексайиб, энди бозорма-бозор, растама-раста юролмай қолганлиги, бир ерда мункайиб ўтирганича пичирлаб, тиланаётганидан дарак беришади. Навоий ўша дарвишни излаб топади ва аввалги тилагини эслатади.

Шунда дарвиш байтни битта яхши ҳовли-жой, битта тегирмон ва бир эшакка алмашишини айтади. Навоий чолнинг шартига кўнади. Унга айтганларини олиб беради. Байт эса унинг шахсий мулки бўлиб қолади. Шундан кейингина унга дадил қўл уриб, байтни мукаммал ғазал ҳолига келтиради...

Навоийнинг бошқа ғазаллари қатори бу ҳам ўз вақтида мухлисларига етиб боради, ҳофизлар уни куйга солиб куйладилар, бу куй Навоийнинг ғазали билан асрлар оша бизнинг давримизга етиб келди. 

“Муаллифлик ҳуқуқи”нинг тарихий кўриниши

Бу бир қарашда муболағага ўхшаб кўриниши ҳам мумкин. Умри давомида юз минг байтдан кўра кўпроқ бадиий мерос қолдирган буюк шоир наҳотки бировнинг бир байти учун шу қадар жон куйдирган, унинг учун жуда катта харажат қилган бўлса?

Албатта, бу ўринда бироқ муболаға ҳам бўлиши мумкин. Лекин ҳақиқат шуки, Навоий чиндан ҳам Самарқандда анча пайт яшаган, шу ердаги шоирлар, олимлар суҳбатидан баҳраманд бўлган, бу ерда дилбар шеърлар битган. Бундан ташқари, Навоий ўзидан аввал яшаб ўтган ва замондош шоирларнинг гўзал мисраларига юқори баҳо берган. Истеъдод эгаларини топиб, уларни ҳар тарафлама рағбатлантирган.

Юқоридаги ғазал ҳам ошиқнинг руҳий аҳволи гўзал ташбеҳлар билан ифодаланган нафис ижод намуналаридан биридир. Юқоридаги ҳолатда эҳтимол, Навоий фақат байтнинг гўзаллиги, нафисли туфайли эмас, умрини шу байтни айтиб, оила боқиб ўтказган бир тиланчига яхшилик қилиш, умрининг қолган қисмини ўз уйида, фароғатда ўтказишини истагани учун ҳам байтни шу қиммат нархга сотиб олгандир?

Қолаверса, бу ривоят замонави тилда “муаллифлик ҳуқуқи”, “плагиатликка қарши кураш” сингари тушунчалар Навоий даврида ҳам мавжуд бўлгани, хусусан Навоийнинг ўзи ҳам бошқаларнинг ижодига катта ҳурмат билан қараганини кўрсатади.

Ҳақиқатга қанчалар яқин?

Афсуски, юқоридаги ривоятнинг бирор тарихий манбадаги талқинини учратмадик. Ривоят илк бор, ўтган асрнинг 60-йилларида илк фольлор тўпламларида чоп этилган.

Ривоятдаги фактларни таҳлил қиладиган бўлсак, Навоий Ҳиротга қайтганидан сўнг орадан ўн йилдан кўпроқ вақт ўтганидан кейин, яъни “тиланчи билан ҳисоб-китоб қилинганидан сўнг” битилган. Демак, ушбу ғазал 1489 йилда тўлиқ, бугун биз билган ҳолда келган бўлиши керак эди.

Лекин, Алишер Навоийнинг 1471 йилда темурийларга қўшни Оққўюнлилар давлатида кўчирилган девонида ушбу ғазал тўлиқ кўринишда учрайди. Қолаверса, тарихий манбаларда Навоий Ҳиротдан қайтганидан сўнг яна Самарқандга келгани ҳақида маълумотлар йўқ.

Яна бир қизиқ маълумот шундаки, тарихчи Мирзо Муҳаммад Ҳайдарнинг “Тарихи Рашидий” асарида эса, ушбу байт Навоийнинг яқин мулозимларидан Мавлоно Соҳибдородан сотиб олинганига ишора қилинади.

Нима бўлган тақдирда бу ғазал Навоий ижодига мансуб энг гўзал шеърлардан бири саналади.

Рустам Жабборов, журналист

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1