АсосийSUG'DIYONA

Боласи билан тил топишолмаган ота-оналар ёхуд ўсмирлардаги қайсарлик ҳақида

Ўсмирлик муаммоларини чеклаб ўтган оилани топиш қийин. Қайсарлик, гапга кирмаслик, исён, баҳсу жанжаллар... Оналар ташвишдан ўзларини йўқотар даражага етадилар, оталар эса бу гапуқмас ўжарни нима қилишни билмай саросимага тушадилар. Бекорга ваҳима қилманг, ҳар нарсанинг ўз вақти бор.

 

«Қачон эсинг киради?»

   Боласи билан тил топишолмаган ота-оналар кўпинча шундай дейишади. Балки уларга эмас, бизга керакдир яна озгина эс, ақл? Гап ўсмирларда эмас, бизнинг уларга муносабатимиздадир эҳтимол.

   Маълумки, балоғат остонасида организмда қатор физиологик ўзгаришлар кечади, улар орасида энг эътиборлиси гормонал ўзгаришлардир. Фарзандингиз танасида гормонлар «рақс тушаяпти». Ўзингизнинг шу ёшингизни эсланг. Унга босиқлик билан, тушунган ҳолда муносабатда бўлиш керак. Бу ёшда болалар ўзларини шахс сифатида идрок эта бошлайдилар, оналар эса ҳамон уларга ёш боладек муносабатини давом эттираверадилар. Ахир, унинг энди ўз фикри бор, сиз эса ҳамон ҳамма фанлардан ва интизомдан (!) аъло баҳо олишини талаб қилаяпсиз. Болангизга сўнгги русумдаги жинси керак, ойиси бўлса аллақандай «иссиқ шим» сотиб олибди яна!

Тадқиқотларга кўра инсон 21–22 ёшларга келиб ота-онасини тушуна бошларкан. Унгача тушуниш ва чидаш сиздан, азиз ота-оналар! Демак, ҳали ҳаммаси олдинда.

 

Нима учун зиддият келиб чиқади?

   Бу саволнинг жавоби азалдан маълум бўлса-да, ота-оналар бир хатони такрорлайверадилар. Масалан:

1. Сабаб: дарс қилгиси йўқ, ҳеч нимага қизиқмайди, келажаги ҳақида ўйламайди.

Биз нима қиламиз: эговлаймиз, уришамиз, дўқ қиламиз: «Харбий хизматга борсанг, таъзирингни ейсан, аҳмоқ!», «Институтга киролмасанг, фаррош бўласан!»...

Аслида нима қилиш керак: ўқишни истамаётганлигининг сабаби билан қизиқиш, аниқлаш, бола келажакда ўзини ким сифатида кўришини сўраш ва бу ҳаётда нима билан шуғулланишни исташини билиш.

2. Сабаб: кун бўйи «шу бемаъни мусиқа»ни тинглайди.

Биз нима қиламиз: устидан куламиз, мусиқани ўчиришини талаб қиламиз, ўрнига ўзимизнинг дидимизга ёққан оҳангни таклиф этамиз.

Аслида нима қилиш керак: шу «бемаъни» мусиқани тинглаб, тушунишга ҳаракат қилиш, агар тушунмасак, буни тан олиш. Севимли мусиқасини тинглаш вақти ва овозининг баландлик даражасини мулойимлик билан келишиб олиш.

3. Сабаб: хонаси тартибсиз, ўзи йиғиштирмайди, сизга ҳам йиғиштиргани қўймайди.

Биз нима қиламиз: уришамиз, дўқ қиламиз, ҳаммасини ташлаб юборишини талаб қиламиз, жазолаймиз.

Аслида нима қилмоқ керак: хонани йиғиштиришда ёрдам сўраш, меҳмон келиб қолса ноқулай бўлишини тушунтириш, келишув таклиф қилиш: «Мен бугун йиғиштираман, сен – эртага...»

Ўсмир фарзандингиз билан юзага келадиган тушунмовчиликларнинг 55 та сабабини топинг ва худди шу тарзда таҳлил қилиб чиқинг.

 

«Сен» ми ёки «Мен»?

Руҳшунослар ўсмирлар билан муносабатда ота-оналар йўл қўядиган асосий хато дея ҳаддан ташқари таъна-дашномлар ва нуқул «сен-сен» деб гапиришни кўрсатишади. Масалан, «Сен бир иш қилмайсан», «Сен гапуқмассан», «Сен айбдорсан» ва ҳоказо. Мутахассислар «сен» дан «мен»га ўтишни тавсия қилишади. Масалан: «Мен ўқитувчингдан ёмон гаплар эшитиб хафа бўлдим», «Мен ёмон ота эканман, сенга зиддиятларни муроса эмас, мушт билан ҳал қилишни ўргатибман» каби. Умуман, ўсмир билан кўпроқ гаплашишга, дилдан мулоқот қилишга интилинг, токи у қалбини тирнаётган шубҳалар, қўрқувлар, ташвишлари билан ўртоқлашсин. Суҳбатни юқоридан эмас, тенг туриб олиб боринг. Унутманг, ўсмир билан мулоқотда икки асосий қурол бор: бири – сабр, иккинчиси – юмор.

 Шаҳина тайёрлади.

Бошқа янгиликлар