АсосийJamiyat

Давлат бюджети очиқлигини конституциявий даражада кафолатланиши кимга қандай мажбуриятларни юклайди?

'Давлат бюджети очиқлигини конституциявий даражада кафолатланиши кимга қандай мажбуриятларни юклайди?'ning rasmi

Мамлакатнинг иқтисодий ривожланиши нафақат давлат бюджетига келиб тушаётган маблағларнинг кўпайишига, балки бюджет маблағларининг тўғри ва самарали сарфланишига боғлиқ. Шунинг учун сўнгги йилларда бюджет соҳасида жиддий ислоҳотлар амалга оширилди. Хусусан, республикамизда бюджет тизими очиқлиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири бу бюджет маблағларининг шаклланиши ва тақсимланишида фуқаролар иштирокини таъминлаш билан боғлиқ механизмларнинг амалиётга жорий этилаётганлигидир. Бунга мисол қилиб бюджет маълумотларининг очиқлиги ва шаффофлигини янада ошириш, бюджет маблағларининг шаклланиши ва сарфланиши устидан парламент ва жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда маҳаллий бюджетдан амалга ошириладиган харажатлар йўналишларини белгилашда фуқаролар иштирокини таъминланишидир. 

Давлат раҳбарининг 2018 йил 22 августда қабул қилган “Бюджет маълумотларининг очиқлигини ва бюджет жараёнида фуқароларнинг иштирокини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–3917-сонли Қарори бюджет маблағлари билан боғлиқ муносабатларни йўлга қўйишда кескин ўзгаришларга олиб келди. Мазкур Қарорга мувофиқ, 2019 йилдан бошлаб бюджет маблағларини тақсимлашда фуқаролар томонидан маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбаларининг камида 10 фоизини жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларга йўналтиришни назарда тутадиган механизм жорий этилди. Шу билан бирга қарорда кўрсатилган топшириқларни бажариш мақсадида 2019 йил 1 январидан жамоатчилик фикрини шакллантириш учун туман (шаҳар)лар бюджетларининг қўшимча манбалари ҳисобидан молиялаштирилиш таклиф этилаётган тадбирлар тўғрисидаги ахборотни жойлаштиришни назарда тутадиган “Очиқ бюджет” ахборот портали (www.openbudget.uz) ишга туширилди. 

Ўзбекистонда узоқ йиллар давомида давлат бюджети очиқлиги ва унинг устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш ҳақида гап-сўз бўлиши ҳам мумкин эмас эди. Юқорида таъкидлаганимиздек сўнгги йилларда мамлакатимизда бюджет тизимида амалга оширган ислоҳотлар натижасида унинг очиқлигини таъминлашга қаратилган амалий ишлар ҳаётга тадбиқ этила бошланди. Бунинг учун бир қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Бу эса фуқароларимизни нафақат давлат бюджети устидан назорат ўрнатишга, балки маблағларни сарфланишида ҳам иштирок этишларини таъминлашга шароит яратди. Янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасига шу мақсадга қаратилган қоидаларнинг киритилиши юқорида қайд этиб ўтган ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида кўришимиз мумкин.

Янгиланаётган Конституциянинг 148-моддага киритилаётган давлат бюджетини шакллантириш ҳамда ижро этиш тартиб-таомилларининг очиқлик ва шаффофлик принциплари асосида амалга оширилиши, фуқаролар ва фуқаролик жамияти институтларининг давлат бюджетининг шакллантирилиши, ижро этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширилишини давлат томонидан кафолатланиши каби янги қоидаларни мисол қилиб кўрсатишимиз мумкин. Мазкур қоидалар биринчи навбатда фуқароларнинг маҳаллий ва давлат бюджети қандай шаклланиши ҳамда бюджет маблағларини қандай сарфланиши устидан назорат ўрната олишларига хизмат қилади. Чунки, айрим ҳолатларда маҳаллаларда мавжуд бўлган муаммоларни ҳал этиш бўйича аҳолининг айрим мурожаатларига тегишли мансабдор шахслар томонидан “режага киритилди, молиялаштириш бўлса бажарамиз” деган жавоблар берилган. Минг афсуски кўп ҳолатларда асосий муаммолар қолиб, иккинчи даражали масалаларни ҳал этиш юзасидан қарорлар чиқарилган. Бу эса аҳолини узоқ йиллардан бери қийнаб келаётган ижтимоий муаммоларини яна ортга сурилишига сабаб бўлаётган эди. Шундай ҳолатларни кескин равишда олдини олиш мақсадида янги таҳрирдаги Конституцияга бюджет очиқлиги ва шаффофлигини таъминлайдиган янги моддалар киритилмоқда.

Мазкур моддаларнинг амалиётга жорий этилиши биринчидан, давлат бюджетининг очиқлигини таъминласа, иккинчидан, давлат бюджетининг аниқ манзилли ва мақсадли ишлатилишини таъминлайди. 

Яна бир муҳим жиҳати бевосита маҳаллий ва давлат бюджети маблағларини шаклланиши ва ишлатилишига бевосита алоқадор бўлган мансабдор шахслар, давлат органлари, ҳокимлар ва ҳокимликлар ҳамда маҳаллий ва парламент даражасидаги депутатларга бюджет маблағларини ишлатилиши бўйича катта масъулият юклайди. 

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, мазкур модданинг фуқароларимиз томонидан қўллаб-қувватланиши келажакда бюджет маблағларининг талон-тарож қилинишини олдини олиш билан бирга бюджет маблағларини ўринсиз ёки бесамара фойдаланилишининг олдини олишга замин яратади. Бу эса аҳолига малакали тиббий хизматлар кўрсатиш, сифатли таълим олиш имкониятларини кенгайтиради. Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларига зарур бўлган ёрдамлар кўрсатилади ҳамда уларни уй-жой билан таъминлаш, тадбиркорлик ва умуман, давлат ва жамиятни ҳаётининг бошқа барча соҳаларида самарадорликни таъминлашга хизмат қилади.

Нодирбек Расулов

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти 

лойиҳа раҳбари, иқтисодиёт фанлари доктори

    Бошқа янгиликлар