1

Беҳидан 14 та фойдали рецепт

САЛОМАТЛИК 14.10.2016, 10:18
Теглар: Саломатлик
Беҳидан  14 та  фойдали рецепт

Кузда ғарқ пишиб-етиладиган хуштаъм мева — беҳини барчамиз севиб истеъмол қиламиз. Ундан тайёрланадиган мураббою шарбатлар қишда заифлашган организм учун дармондори бўлишини айтмайсизми?! Билсангиз, бу ажойиб мевадан халқ табобати ва косметологияда ҳам фойдаланиш мумкин.

Йўтал тутганида...

Битта беҳини иккига бўлиб, уруғидан ажратинг. Алоҳида идишда 100-150 гр. сув билан аралаштириб, оловга қўйинг. Ўртача оловда қуюқроқ бўлгунича қайнатинг. Сўнг оловдан олиб, илиқ ҳолатда 1 ош қошиқдан кунига 3 маҳал овқатдан аввал ичишингиз мумкин. Ҳар куни дамлама янгидан тайёрланади. У қуруқ йўтал ҳамда бронхлар шамоллашида тавсия этилади.

Камқонликка қарши

Ўртача катталикдаги беҳини уруғидан тозалаб, ичини 2 чой қошиқ асал билан тўлдиринг. Сўнг 15 дақиқа газ печига қўйиб, юмшатиб пиширинг. Асалли беҳини бир кунда бир маротаба истеъмол қилиш кифоя. У камқонлик ва ҳазм қилиш фаолияти билан боғлиқ муаммоларда асқотади.

Буйрак безовта қилса...

Беҳи мевасининг 1 ош қошиқ қуритилган барги ва шунча миқдордаги тозаланган уруғини 200 мл. қайнаган сувга дамлаб, оловга қўйинг. 5-6 дақиқа ўрта оловда қайнагач, тагини ўчиринг-да, бироз совутинг. Таъбга кўра, асал билан  аралаштириб, 1 ош қошиқдан кунига 3-4 маҳал истеъмол қилинг. Бу дамлама пешоб ҳайдовчи хусусиятга эга.

Иммунитет  пасайдими?

3 та беҳи мевасини тўғраб, шарбат сиққичдан ўтказинг. Таъбга кўра, асал билан аралаштириб, оз-оздан кун давомида қабул қилинг. Асал қўшилган беҳи шарбати қабзиятнинг олдини олади ва иммунитетни мустаҳкамлайди.

Циститда даво бўлади

Агар сизни цистит қийнаётган бўлса, кунига 50-80 гр. янги сиқилган беҳи шарбатини истеъмол қилинг. Шарбат таркибидаги фойдали моддалар пешоб ажралишини яхшиласа, бактерияларга қарши хусусияти касалликка қарши курашишда кўмакчи воситадир.

Агар асабийлашсангиз...

Бир ҳафта давомида мана бу усулга риоя қилишингиз мумкин: ҳар тановвулдан сўнг асал билан буғда тайёрланган яримта беҳи бўлагини истеъмол қилинг. Агар асалга аллергиянгиз бўлса, 1 ош қошиқ беҳи мураббоси билан алмаштириш мумкин. Мева таркибидаги фойдали хусусиятларга кўра, асабни тинчлантиради.

Болажоннинг иштаҳаси йўқ!

Кунора яримта  беҳи мевасини озроқ сариёғ ва таъбга кўра асал билан буғда тайёрлаб, асосий тановвулдан сўнг десерт сифатида фарзандингизга беринг. У иштаҳани яхшилаб, ширинлик ўрнини боса олади.

Грипп профилактикаси

Агар оила аъзоларингиздан бири шамоллаган бўлса, унинг ётоғига пўсти арчилган ва уруғидан тозаланган икки бўлак беҳи мевасини қўйинг. Мева таркибидаги эфир моддалари антидепрессив хусусиятга эга бўлиб, беморнинг тинчланишига ва уйқуси тинч бўлишига кўмак беради.

Диққат қилинг!

Беҳи меваси таркибида ошловчи моддалар бўлгани боис, ич кетиши ҳамда тез-тез ич бузилишига мойиллиги борлар, шунингдек, кичик ёшдаги болалар хомлигича ейиши тавсия этилмайди. Яхшиси, уни озроқ асал ёки сариёғ билан буғда ёхуд газ печида пишириб, оз-оздан истеъмол қилиш керак.

Косметлогияда...

  • Беҳининг бир бўлагини қирғичдан ўтказиб, ҳосил бўлган шарбати билан юз терисини артинг-да, 15 дақиқадан сўнг илиқ сувда чайинг. Бу мевали лосьон юз терисининг ортиқча ёғланишига йўл қўймайди.
  • Қирғичдан чиқарилган беҳи бўтқасидан ҳуснбузарни йўқ қилишда фойдаланиш мумкин. Бунинг учун мева бўтқаси намланган юз терисига текис суртилиб, 15 дақиқадан сўнг илиқ сувда чайилади.
  • Беҳи уруғини 100 гр. қайнаган сувга дамлаб, 5 дақиқа давомида чайқатиб туринг. Сўнг аралашмани докадан ўтказиб, қуёшда қорайган ёки қизарган терини енгил артишингиз мумкин. Беҳи уруғидан тайёрланган ушбу аралашма терини оқартириб, аввалги ҳолатини тиклайди.
  • Бир дона тухум оқини кўпиртириб, тенг миқдорда беҳи шарбати, одеколон ва камфора спирти билан аралаштириб, юз териси артилади. 15 дақиқадан сўнг илиқ сувда чайилади. Бундай ниқоб юз терисини оқартириш ва турли тошмалардан ҳоли бўлишда қўлланади.  

Беҳи чўпидан...

Беҳи дарахтининг тозаланган чўпларига гўшт қиймасидан лўликабоб ясаб, ўсимлик ёғида қовуринг. Сўнг арчилган сабзавотлар билан қозонга териб, димланг. Бундай усулда тайёрланган лўликабоб беҳининг ўзига хос таъми билан бирлашиб, янада хушхўр ва мазали бўлади.

 

Самира тайёрлади

Шарҳлар

Буйрак хасталиклари кимларда кўпроқ учрайди? Шифокор жавоб берди

06.08.2021, 17:47

CCВ Матбуот хизмати буйрак етишмовчилиги қандай хасталик экани ва уни бартараф этишда мамлакатимиз тиббиёти нималарга қодирлиги ҳақида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бўлим раҳбари,...
ЮТИНГАНДА ҚУЛОҚ ОҒРИҒИ?!

26.12.2017, 13:12

— Уч яшар ўғлим овқат чайнаб ютаётганида қулоғини ушлаб, оғриётганини айтди. Шифокорга кўрсатсам, отит деб ташхис қўйди. Бу қандай касаллик? Уни уйда даволаса бўладими? Назира...
ДИАТЕЗ ҚАЙТАЛАМАСИН ДЕСАНГИЗ…

26.12.2017, 13:08

— Эмизикли чақалоғим экссудатив диатез касаллиги билан оғриганди. Ҳозир соғайган бўлса-да, айрим таомларни истеъмол қилганимда унинг баданида қизғиш доғлар пайдо бўлади. Гўдакда диатез қайталамаслиги учун...
ФАРЗАНДИНГИЗНИ МАКТАБ КАСАЛЛИКЛАРИДА АСРАНГ!

26.12.2017, 11:36

Узоқни кўра олмаслик;сколиоз (умуртқа поғонасининг қийшайиши);гастрит;руҳий-асаб тизими бузилишлари кабиларни мактаб касалликлари сирасига киритиш мумкин. Статистикага кўра, ҳар беш боланинг бири умуртқа поғонаси муаммоларидан қийналса, ҳар...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1