1

Олти ойда солиқ текширувларида тасдиқланган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича фуқароларга 13,5 млрд сўм мукофот тўланди

ИҚТИСОДИЁТ 31.07.2023, 12:56
Олти ойда солиқ текширувларида тасдиқланган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича фуқароларга 13,5 млрд сўм мукофот тўланди

Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Солиқ қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Дилдора Ҳошимова маълум қилди.

Маълум қилинишича, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасига жамоатчилик назорати татбиқ этилиши натижасида тадбиркорлик субъектларида солиқ маданияти, аҳолида эса истеъмолчилик маданияти ошиб бормоқда. Жумладан, фуқароларга харид суммасидан 1% қайтариш амалиёти натижасида олти ой давомида солиқ мобил иловаси орқали 2 млнга яқин истеъмолчига 579,5 млрд сўм кешбэк тўлаб берилди. Солиқ ҳамкор тизими орқали солиқ ҳуқуқбузарликлари ҳақида 68 мингдан ортиқ мурожаат йўллаган. Шундан 39 мингга яқин мурожаат такрорий бўлганлиги сабабли қайтарилган ва текширув ўтказилмаган. Ўтказилган солиқ текширувларида тасдиқланган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича фуқароларга 13,5 млрд сўм мукофот тўланган.

Шунингдек, ноқонуний савдони олдини олиш тадбирлари натижасида умумий қиймати 1,2 млрд сўмга тенг акциз маркасиз, эски ва қалбаки акциз маркали, тегишли ҳужжатларсиз ҳамда маркировкаланмаган алкоголь ва тамаки маҳсулотлари савдосига чек қўйилди.

Юқоридаги омиллар ўз навбатида солиқ тушумларига ижобий таъсир кўрсатиб ўтган 6 ойида бюджетга 76,3 трлн сўм солиқ тушумлари таъминланиб, режа 101,8 фоизга ижро этилди ёки 1,3 трлн сўм қўшимча даромад бўлди.

Қайд этилишича, 2023 йилнинг I ярим йиллигида юз мингга яқин тадбиркорлик субъекти рўйхатдан ўтган ва фаолият кўрсатаётган юридик шахслар сони 569 мингдан, якка тартибдаги тадбиркорлар сони эса 242 мингдан ошди.

Тадбиркорлар учун яна бир қулайлик бу солиқларни тўлаш муддатини ўзгартиришдир. Ушбу имкониятдан мингдан ортиқ тадбиркорлик субъекти фойдаланиб, қарийб 614 млрд сўмлик солиқларни бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқига эга бўлди.

Ўз навбатида, тадбиркорлик субъектларининг айланма маблағларини кўпайтириш мақсадида қарийб 9 трлн сўм ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 7 фоизга кўп қўшилган қиймат солиғи бюджетдан қоплаб берилди.

“Автокамерал” текширувдан олдинги таҳлил тизими орқали хато ва камчиликлари кўрсатиб берилгач, 61 мингта тадбиркорлик субъектлари 5,4 трлн сўмга ихтиёрий қайта ҳисобот топшириб, келгусида бўлиши мукин бўлган текширишлардан сақлаб қолинди.

Ижтимоий тармоқларда кўп муҳокамаларга сабаб бўлаётган солиқ текширувлари ҳақидаги таҳлилий маълумотларга тўхталадиган бўлсак, Камерал солиқ текширувлари жами тадбиркорларнинг 3,1 фоизида, солиқ аудити эса 0,1 фоизидан ҳам камроғида ўтказилган.

Онлайн назарат-касса техникаларидан фойдаланувчи тадбиркорлик субъектлари сони 175 мингдан ортиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 7% га ошган. Улар томонидан 405 млн донадан зиёд чек расмийлаштириб, жами айланма қарийб 104 трлн сўмга етган. Онлайн назорат-касса техникалари орқали товар айланма ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан қарийб 40 фоизга ўсган.  

Маҳаллий бюджетлар мустақиллигини оширишга қаратилган тадбирлар натижаси билан солиқ тушумлари Жиззах, Сирдарё, Тошкент ва Навоий вилоятларида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан юқори даражада ўсишга эришилди.

Қайд этилишича, ҚҚС ставкасининг 15 фоиздан 12 фоизгача пасайтирилишига қарамасдан 15,8 трлн сўм туширилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 36 млрд сўмга ўсди. Ушбу даврда қўшилган қиймат солиғи тўловчилари сони 184 мингтадан ортиб, ўтган йил мос даврига нисбатан 16,4 фоизга ошди. 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1