Алоэ
Алоэ япроқларини совуқ сувда ювиб, майдалаб бўлакланг-да, докага ўраб, шарбатини сиқиб олинг. 2 ош қошиқ алоэ шарбатига 1 чой қошиқ асал қўшиб, 5-6 кун тиндириб қўйинг. Кунига 2-3 марта овқатланишдан олдин 1 чой қошиқдан қабул қилинади.
Брусника ва клюква
Брусника ва клюква меваларидан (бозорларда сотилади) компот тайёрлаб, ҳар куни 1 стакандан ичиб туринг.
Бодрезак (калина) ва анор
Анор доналари ва бодрезак меваларини тенг миқдорда аралаштиринг. Совуқ ва салқин жойда усти ёпиқ идишда сақланг. Ушбу аралашмадан 1 ош қошиқ олиб, устидан ярим стакан хона ҳароратидаги қайнаган сув қўшинг. 40 дақиқа давомида тиндириб қўйинг. Бундай ичимликни кунига 2-3 марта ичиш керак.
Ёронгул
Инфекцион касалликларнинг олдини олиш мақсадида уйда (имкон бўлса, ишхонада ҳам) ёронгул ўстиринг. Ундан ажралиб чиқадиган моддалар бактерия ва вирусларни ўлдиради.
Женьшень
Гриппни бошдан ўтказган инсонларга касалликнинг 5-7 куни асал-женьшенли желе истеъмол қилиш тавсия этилади. Гиёҳнинг қуритиб майдаланган илдизини асал билан аралаштиринг (25 гр. илдизга 700 гр. асал) ва 10 кун давомида тиндириб қўйинг. Кунига 3 маҳал овқатланишдан ярим соат олдин 1 чой қошиқдан истеъмол қилинади. Даволаш курси — 2 ой.
Лимон
Битта лимон шарбатини сиқиб олиб, 1 литр қайнаган сувга аралаштиринг. 5 ош қошиқ асал ҳам қўшинг. Бу ичимликни кун давомида ичиб тугатиш керак.
Лимон ва саримсоқ пиёз
10 та лимонни пўстлоғи билан бирга майда тишли қирғичдан ўтказинг. Фақат данакларини олиб ташланг. Кейин 10 бўлак саримсоқ пиёзни ҳам қирғичдан ўтказинг. Барини яхшилаб аралаштириб, устидан 3 литр қайнаб совутилган сув қуйинг. 2 кун давомида қопқоғи маҳкам ёпилган идишда музлаткичда сақланг. Эрталаб оч қоринга ва кечқурун уйқудан олдин 1 ош қошиқдан истеъмол қилинади.
Пиёз
Грипп эпидемияси вақтида бир бош пиёзни иккига бўлиб, 10-15 дақиқа давомида ҳидланг. Буни кунига 3-4 марта такрорланг.
Саримсоқ пиёз
Бир неча бўлак саримсоқ пиёзни майдалаб тўғранг. Ликопчага солиб, ухлашдан олдин бошингиз тепасига қўйиб қўйинг. Бу билан ётоқхонангиздаги ҳавони микроблардан тозалайсиз.
Наъматак
Ярим стакан қуритилган наъматак мевалари устидан 1 литр сув қуйинг. Оловга қўйиб, 10 дақиқа қайнатинг. Кейин 8-10 соат ўраб қўйинг-да, докадан ўтказиб олинг. Эрта тонгдан бошлаб ҳар 2-3 соатда бир стакандан ичиб турилади (асал, мураббо, қанд солиб ичиш ҳам мумкин). Даволаш курси — 1 ҳафта. Наъматакни термосга солиб, асал қўшиш, устидан қайноқ сув қуйиб, бир кечага қолдириш мумкин. Эрталаб уйқудан уйғонгунингизча шифобахш ичимлик тайёр бўлиб туради.