АсосийJamiyat

Жанубий Кореяда Ўзбекистон маданияти ҳафталиги бошланди

Корея Республикасида Ўзбекистон Республикаси маданияти ҳафталиги бошланди. Ўзбекистон билан Жанубий Корея ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, мамлакатимизда маданият, фан-таълим, сайёҳлик каби соҳаларда амалга оширилаётган ва эришилаётган ютуқларни кенг тарғиб этишга бағишланган ушбу тадбир Ўзбекистон Республикасининг Корея Республикасидаги элчихонаси ва Сеул миллий университетининг Осиё маркази ҳамкорлигида ташкил этилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда

Ўзбекистон маданияти ҳафталигининг очилишига бағишланган маросимда икки мамлакатнинг фан, таълим ва маданият соҳаси мутахассислари, дипломатик корпус вакиллари, Ўзбекистон ва Жанубий Корея санъати намояндалари, профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар иштирок этди. 

Сеул миллий университетининг Осиё маркази директори Мюнг Ку Канг ва бошқалар Ўзбекистон билан Жанубий Корея ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари барча соҳалар қатори маданият соҳасида ҳам изчил ривожланиб бораётганини алоҳида таъкидлади. 

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг 2015 йил май ойида Жанубий Кореяга, Корея Республикаси Президенти Пак Кин Хенинг 2014 йил июнь ойида Ўзбекистонга давлат ташрифлари ўзаро ҳамкорликни янада юксалтиришга хизмат қилди. 

Ўзбекистон ва Жанубий Корея муносабатлари ўзаро ишонч ва ҳурмат, дўстлик ва стратегик шерикликка асосланган. Икки давлат ўртасидаги алоқалар 2006 йилда имзоланган Стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги қўшма декларация, 2014 йилда қабул қилинган Стратегик шерикликни янада ривожлантириш ва чуқурлаштириш тўғрисидаги қўшма декларация асосида тараққий этмоқда. 

Ўзбек ва корейс халқларининг ўхшаш жиҳатлари кўп. Меҳнатсеварлик, садоқат, меҳр-оқибат каби фазилатлар икки халқ учун бирдек хосдир. Бу жиҳатлар икки мамлакатнинг дўстлиги ва ҳамкорлигида муҳим омил бўлмоқда. Маданий-гуманитар алоқалар мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлашда муҳим роль ўйнамоқда. Фан, таълим, санъат, спорт, туризм каби йўналишлардаги ҳамкорлик тобора ривожланмоқда. 

Мамлакатимизда истиқомат қилаётган барча миллат ва элат вакиллари қатори корейс миллатига мансуб ватандошларимизнинг ҳам ўз миллий анъана ва қадриятларини асраб-авайлаши, бойитиши ҳамда келгуси авлодларга етказиши учун кенг имкониятлар яратилган. Корейс миллати вакиллари мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳаётининг барча жабҳаларида фаол иштирок этмоқда. Уларнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатида, маҳаллий Кенгашларда, бошқарув органларида, иқтисодий-ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида фаолият юритаётгани, истиқлол йилларида 300 нафарга яқини мамлакатимиз давлат мукофотларига сазовор бўлгани бунинг яққол тасдиғидир. 

1999 йилдан “Ўзбекистон – Корея” дўстлик жамияти фаолият олиб бормоқда. Икки мамлакат санъаткорлари Ўзбекистон ва Жанубий Кореяда ўтказиладиган турли анжуман ва фестивалларда мунтазам иштирок этиб келмоқда. 2014 йили Тошкентда Сеул боғи очилди. Яқинда Ўзбекистонда Корея Республикаси фестивали бўлиб ўтди. 

Кореянинг Тэгу ва Пусан чет тиллари университетларида ўзбек тили, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Тошкент давлат шарқшунослик ва Самарқанд давлат чет тиллари институтларида корейс тили ўргатилмоқда. Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида ахборот технологиялари, инжиниринг каби замонавий йўналишларда юқори малакали мутахассислар тайёрланмоқда. Мамлакатимиз олий ўқув юртлари Корея Республикасининг ўттиздан ортиқ илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорлик қилиб келаётир. Қатор таълим масканларида корейс тили ва маданияти марказлари очилган. 13 олий ўқув юрти, 30 мактаб ва лицейда корейс тили ўрганилмоқда. 

Жорий йилнинг май ойида Тошкентда Корейс маданияти ва санъати уйи қурилиши ишлари бошланди. 2017 йилда қуриб битказилиши мўлжалланаётган мазкур муассаса корейс халқининг бой маданияти ва ўзига хос санъати, урф-одатлари ва анъаналарини сақлаш ва тарғиб қилиш учун қулай замин яратади. Мамлакатларимиз ўртасидаги маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлик алоқалари ва халқларимизнинг ўзаро дўстона ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Маданият ҳафталигининг очилишида мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги дўстлик, кенг кўламли маданий-гуманитар алоқалар Ўзбекистон билан Корея Республикаси ҳамкорлиги янада истиқболли эканидан далолат бериши қайд этилди. 

Ўзбекистон ва Жанубий Корея санъат намояндаларининг концерти бўлиб ўтди. 

Тадбир доирасида Сеул миллий университетида Ўзбекистон тарихи ва маданияти акс этган фото ва ўзбек миллий ҳунармандлик буюмлари кўргазмалари очилди. Фотокўргазмада Жанубий Корея рассомлари томонидан тасвирга олинган, Ўзбекистон манзаралари, халқимиз маданияти ва турмуш тарзи акс этган суратлар намойиш этилаётир. Тарихий обидаларнинг маҳобатли образларида дунё тамаддунининг кўп асрлик қиёфалари ва муҳим даврлари акс эттирилган. 

Маданий форум доирасида Ўзбекистон кино фестивали ўтказилмоқда. Унда режиссёрлар Аюб Шаҳобиддиновнинг “Паризод” ва Рашид Маликовнинг “Тоға” фильмлари намойиш этилмоқда. Тадбир давомида Сеул миллий университетида ўзбек шарқшунос олимлари томонидан талабалар учун махсус маърузалар ўқилиши режалаштирилган.

Бошқа янгиликлар