2023 йил 23 октябрь куни Тошкент шаҳрида “Ёшлар ҳуқуқлари: имкониятлар ва ҳимоя қилиш механизмлари” мавзусидаги халқаро форумнинг очилиши ноанъанавий тарзда – маънавий-бадиий саҳна намойиши билан бошланди. Муҳташам мажлислар зали узра Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидовнинг “Инсон” қасидаси иқтидорли ёшлар ижросида ўзбек, инглиз ва рус тилларида янгради.
Ушбу халқаро анжуман дунё ҳамжамияти томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти куни деб эълон қилинган тарихий сана – 24 октябрь арафасида ўтказилаётганида ўзига хос рамзий маъно бор. Марказий Осиё ёшлар форуми Ўзбекистон Республикаси Президентининг2023 йил 12 майдаги Фармони билан тасдиқланган “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 75 йиллигига бағишланган тадбирлар дастури” доирасида ўтказилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов халқаро форумни очар экан, ушбу жаҳон анжуманининг ўзига хос хусусиятлари, долзарблиги ва муҳимлигини кўрсатадиган қуйидаги мезонларни алоҳида таъкидлади:
биринчидан, Марказий Осиё ёшлар форуми Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 75 йиллиги ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Вена бутунжаҳон конференциясининг 30 йиллигини кенг нишонлаш доирасида бўлиб ўтмоқда;
иккинчидан, мазкурФорум аҳолисининг қарийб ярмини ёшлар ташкил этадиган Марказий Осиё минтақасида ёшлар ҳуқуқларини таъминлаш бўйича бирдамлик ва ҳамкорликни ўзида рамзий ифодалайди;
учинчидан, Форум Ўзбекистон Республикаси Президентининг БМТ Бош Aссамблеяси 78-сессиясида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳузурида Марказий Осиё ёшларини ривожлантиришга кўмаклашиш бўйича Ишчи гуруҳни ташкил этиш тўғрисидаги ташаббусини амалга ошириш доирасида ўтказилмоқда;
БМТнинг Ўзбекистондаги Доимий мувофиқлаштирувчиси номидан – ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги вакили в.б. Жофри Ижумба Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти амалдаги раисининг Ёшлар масалалари бўйича махсус вакили Мемет Жаку ҳамда Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси вакили Муҳаммад Лавал Сулаймоннинг қутлов сўзлари тингланди.
Сўзга чиққанлар Марказий Осиё ёшлар форуми унинг иштирокчилари учун ёшлар ҳуқуқлари ва имкониятларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш механизмлари бўйича зарурий билимларга эга бўлиш, ўзаро тажриба алмашиш, долзарб ғоя ва лойиҳаларни рўёбга чиқариш учун қулай ахборот-маърифат ва амалий муҳокама-мунозара майдонига айланишига ишонч билдирдилар. Бунда халқаро анжуман иши давомида сиёсатчилар ва жамоат арбоблари, илмий-академик доиралар намояндалари ва тадбиркорлар, Ўзбекистон ва дунё ёшлари вакиллари ўртасида бўлиб ўтадиган жонли мулоқотлар муҳим аҳамият касб этишига эътибор қаратилди.
Шундан сўнг жаҳон анжумани ўз ишини учта ялпи мажлис доирасида давом эттирди.
Ёшлар ва глобал чақириқлар: барқарорлик ва тинчликни қўллаб-қувватлаш. Марказий осиё ёшлар форумининг биринчи ялпи мажлисида шу ҳақда сўз борди. Бунда, аввало, Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Бош Aссамблеясининг 78-сессиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ёшлар соҳасида яна бир муҳим ташаббус – БМТ ҳузурида Марказий Осиё ёшларини ривожлантиришга кўмаклашиш бўйича ишчи гуруҳ ташкил этишни таклиф қилгани таъкидланди. Ушбу ташаббус минтақа ёшлари ҳуқуқларини таъминлаш ва амалга оширишдан энг юқори даражада манфаатдорликнинг яққол намунасидир.
Шунингдек, Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан 2023 йил 15 сентябрда Марказий Осиё давлат раҳбарлари ёшларни жамиятнинг маданий, сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий ҳаётига янада кенг жалб этиш учун шарт-шароитларни таъминлашга қаратилган “Ёшларга оид сиёсатнинг умумий йўналишлари тўғрисида битим”ни имзоладилар. Ушбу минтақавий ҳужжатни қабул қилишдан мақсад ёшлар сиёсати соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлашдир.
Биринчи ялпи мажлисга БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлинмаси раҳбари Матилда Богнер, Ўзбекистон РеспубликасиЁшлар ишлар агентлиги директорининг ўринбосари Дилнозахон Каттахонова модераторлик қилди.
БМТТДнинг зўравон экстремизмнинг олдини олиш масалалари бўйича халқаро эксперти Жозеф Гайт, халқаро эксперт Дамир Тузмухаммедов, Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси раиси Отабек Шавкатов, ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари бўйича фаоллар – Алия Турдиева (Қирғизистон) ва Фируза Расмухамедова (Ўзбекистон), Фридрих Эберт номидаги жамғарманингЎзбекистондаги ваколатхонаси лойиҳа менежери Бобуршоҳ Алимовнинг маърузалари тингланди.
Келгусида ёшлар ҳуқуқлари соҳасидаги амалий ишлар ва сиёсий ташаббуслар учун пойдевор бўлиб хизмат қиладиган қарорлар ва тавсиялар ишлаб чиқиш учун амалий таклифлар илгари сурилди. Давлатлар, халқаро ташкилотлар, фуқаролик жамияти ва ёшлар ташкилотлари ўртасида ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш муҳимлиги қайд этилди.
Сўзга чиққанларнинг фикрича, ёшларни уларнинг ҳуқуқлари ва манфаатлари билан боғлиқ қарорлар қабул қилиш ва режалаштириш жараёнларига жалб этиш жуда муҳим. Навқирон инсонларнинг тенг имкониятларини таъминлаш, салоҳиятини ўстириш ва ҳаётини фаровонлаштиришга қаратилган дастур ҳамда лойиҳаларнинг амалга оширилиши ва ривожлантирилишини рағбатлантириш зарур.
Инсон ҳуқуқлари бўйичаЎзбекистон Республикаси
Миллий марказинингматбуот хизмати