6-17 ноябрь кунлари Женевада БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Универсал даврий шарҳи (УДШ) бўйича ишчи гуруҳининг 44-сессияси бўлиб ўтмоқда.
Ўзбекистон 2023 йил 8 ноябрда ўзининг тўртинчи ҳисоботини тақдим этди. 44-сессияда Ўзбекистон билан бир қаторда 13 давлат: Озарбайжон, Бангладеш, Буркина-Фасо, Кабо-Верде, Камерун, Канада, Колумбия, Куба, Жибути, Германия, Россия, Туркманистон ва Тувалунинг маърузалари кўриб чиқилди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ҳисоботлари УДШнинг биринчи, иккинчи ва учинчи шарҳларида мос равишда 2008 йил декабрь, 2013 йил апрель ва 2018 йил май ойларида кўриб чиқилган.
УДШнинг навбатдаги сессиясида иштирок этган Ўзбекистон делегациясига Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори Акмал Саидов бошчилик қилди. Делегация таркибига, шунингдек, Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар масалалари ва гендер тенглиги қўмитаси аъзоси Гулнора Маруфова, Олий суд раиси ўринбосари Икром Муслимов, ички ишлар вазири ўринбосари Яҳёжон Абдулхақов, соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Эльмира Боситхонова, шунингдек, ТИВ ва Ўзбекистоннинг БМТнинг Женевадаги доимий ваколатхонаси вакиллари киритилди.
Тадбир давомида халқаро ҳамжамият эътиборига Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш борасида амалга оширилаётган салмоқли саъйи-ҳаракатлар, жумладан, қонунчилик, маъмурий ва суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар халқаро ҳамжамият эътиборига ҳавола этилди.
Ўзбекистон ҳисоботи бўйича йиғилишда 84 давлат сўзга чиқди ва 244 та тавсия берилди.
БМТга аъзо давлатлар Ўзбекистон ҳукуматига УДШ бўйича ишчи гуруҳи йиғилишига жиддий тайёргарлик кўргани, батафсил миллий маъруза, инсон ҳуқуқлари масалаларининг айрим жиҳатлари бўйича қўшимча маълумотлар ва БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши билан мулоқотга юборилган юқори даражадаги делегация учун миннатдорлик билдирди.
Сўзга чиққан делегацияларнинг аксарияти Ўзбекистон томонидан 2013 ва 2018 йиллардаги олдинги УДШ даврларида қабул қилинган тавсияларни амалга ошириш ҳамда ИҲК билан очиқ ва конструктив мулоқотни ривожлантириш бўйича кўрилган чораларни юқори баҳолади.
Ўзбекистондаги асосий эркинликлар ва инсон ҳуқуқлари кафолатланган конституциявий ислоҳот қатор давлатлар вакиллари томонидан олқишланди. Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ва «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида белгиланган вазифалар мамлакатимизнинг инсон ҳуқуқларини илгари суриш ва таъминлаш, бу борадаги халқаро мажбуриятларини бажаришга содиқлигини намоён этаётгани алоҳида таъкидланди.
Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича тузилмалари билан ҳамкорлигини янада ривожлантириш ва кенгайтириш борасидаги саъй-ҳаракатлари қўллаб-қувватланди. Бунга 2023 йил март ойида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Тюркнинг Ўзбекистонга ташрифи ёрқин мисол бўла олади. Ўзбекистоннинг УДШ, БМТ шартнома органлари ва ИҲКнинг махсус тартиблари бўйича Ишчи гуруҳи тавсияларини амалга ошириш бўйича миллий ҳаракатлар режалари ва дастурлари стратегияларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш тажрибаси алоҳида эътиборга лойиқ деб топилди.
ИҲКга аъзо мамлакатлар, шунингдек, Ўзбекистоннинг болалар ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш, айниқса, пахта терими, одам савдосига қарши кураш борасидаги ютуқларини ҳам ижобий баҳолади.
Бундан ташқари, сўз ва ОАВ эркинлигини таъминлаш, болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, оналар ва болалар ўлимини камайтириш, инсон ҳуқуқлари бўйича узлуксиз таълим тизимини яратиш, аёллар ҳуқуқлари ва гендер тенглигини таъминлаш, аёлларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш, коррупцияга қарши кураш, ҳуқуқбузарликларга қарши кураш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларнинг самарали натижалари эътироф этилди.
Кўплаб делегациялар Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, тадбиркорлар имкониятларини кенгайтириш ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларини, жумладан, Бизнес-омбудсман институти орқали аҳоли фаровонлигини ошириш, қишлоқ ва шаҳарлар ўртасидаги тафовутни қисқартириш, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларини ҳар томонлама қамраб олишга қаратилган ишларни ижобий баҳолади.
Сессия иштирокчилари Ўзбекистон ҳукуматининг имконияти чекланган фуқаролар ҳуқуқларини таъминлаш ва уларга зарур шароитларни кенгайтиришга қаратаётган эътиборини ҳамда «Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисида»ги Конвенциянинг ратификация қилинганини олқишладилар.
Таъкидлаш жоизки, УДШ платформаси жаҳон ҳамжамиятига мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан, инсон ҳуқуқлари масалаларига ихтисослашган хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг тавсияларини инобатга олган ҳолда холис маълумотларни етказишнинг ноёб имкониятидир.
ИҲКга аъзо давлатлар ва УДШ сессиясининг барча иштирокчиларига «Ўзбекистон: инсон ҳуқуқлари соҳасидаги тараққиёт» маърузаси, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси, «Ўзбекистон–2030» стратегияси рисолалари ва бошқа материаллар тарқатилди.
2023 йил 10 ноябрь куни Ўзбекистоннинг УДШ бўйича тўртинчи маърузасини эшитиш якунлари юзасидан тегишли тавсиялар қабул қилинди.