1

ҚОРА КЎЙЛАК

МУТОЛАА 16.11.2016, 12:20
Теглар: Юрагимда сақлаганларим
ҚОРА КЎЙЛАК

Биринчи марта отасиз ўғил уйлантириш хавфи бутун борлиғини ларзага солди

Ўша куни  ҳам ҳавонинг қовоғи очилмай оқшом лайлакқордан бошланган қор эртасига майдалаб кун бўйи эринмай ёғди. Кечка томон  бориб янада  кучайди.  Совуқ ҳавода қор учқунлари  узун симёғочлардаги неон чироқ нурларида ялтираганча бир қарасанг муз томчилари каби товланар, ва яна бир қарасанг кўзни қамаштирувчи алланималарга ўхшаб  кетарди.

Шу куни аёл эри билан  айтишиб қолиб, уни қаттиқ ранжитди. Эри ўзлари яшайдиган беш қаватли уйнинг қўшни йўлагидаги ҳозирда ҳеч ким турмайдиган икки хонали квартирани сотишга  харидор топганди. Хотини  кечаги маслаҳатда уйни сотишга кўнганди. Негадир бугун ўз-ўзидан феъли айниди, балки бу хонадон кўз очиб кўрган уйи бўлгани учунми ёки болалари шу ерда туғилганигами ёки эндиликда улғайиб қолган ўғли ва қизининг келажагини ўйлабми, ёки сотилган уй пулидан эри қишлоғидаги чалабитган уйни битказаман деганигами, хуллас ўзи ҳам аниқ-тиниқ билмаган ҳолда бирдан тўнини тескари кийди-да,   “сотмаймиз!” деб икки оёғини бир этикка тиқиб туриб олди. Бундан эрининг чапараста жаҳли чиқиб,  титраб-қақшаб бақира кетди:

– Ҳой, ярамас хотин, мен сенинг кечаги лабзингга ишониб эркак сифатида харидорга сўз бериб қўйдим, ахир! Тушунсанг-чи! 

– Йўқ! Сотмаймиз дедимми, сотмаймиз! – дея ўз гапини тўтиқушдек такрорлаб кўнмай тураверди хотини яна.

– Ахир ўзинг неча марта айтгансан, ҳаммада қўша-қўша машина, биз ҳам итнинг кейинги оёғидек судралиб юравермай эл қатори яшайлик деб. Мундоқ эр бўлиб, машина миниб, жилла қурса эрталаблари ишхонамга ташлаб ўтардингиз демаганмидинг? Майли мен-ку ўтдим-а, бемошин, энди ҳеч бўлмаса шу ўғлинг  машина минсин, узоққа қатнаб ишлаяпти ахир!

Барибир унамади, чап ёни билан турганмикан, қайсарлиги тутиб ўзиникини ўрал билиб атайин қилгандек эрига терс туриб олди. Эри ўзини тута олмай шунақанги бақириб-сўкиндики, ҳатто унга Худодан ўлим ҳам тилаб юборди. Бу ҳақоратларни айтаркан юзлари жуда ёмон қизариб кетди, кўзлари ҳам ҳар галгидан бошқача –  ёмон олайди, илк бор сўкишлари оғзидан тўлиқ чиқмади, тили икки-уч бор гапга айланмай дудуқланиб қолди... Юраги нотекис ураётганини, нафас етишмаётганининг касри эди бу...

Шу куни эри тун бўйи безовталаниб ухлолмай чиқди, икки-уч бор ўрнидан туриб чироқни ёқди, ҳавонинг совуқлигига  қарамай деразани очиб қўйиб анча турди, қўлларини боши узра кўтариб чуқур-чуқур нафас олишга уринди. Аёл ҳам уйғониб, уйқусираган одамдек ёқимсиз ғудранди. Кейин ўзига келиб, ораларида ҳеч гап ўтмаганидек эридан ҳол сўради:

– Ҳа, нима бўлди?

– Ўзим шундай, – деди эри аввалига сир бой бермай. Бир кўнглида  “билиб туриб билмаганга олмай ўл”, деб  башарасига  айтмоққа шайланди. Сўнг ўзининг аҳволини ўйлаб жаҳлини ичига ютиб ростига кўчди. – Негадир нафасим қисилиб, ҳаво етишмаётгандек бўлаяпман. 

Эри шунга яқин гапларни икки-уч ойдан буён бот-бот такрорлаб қўярди. Айниқса, асабийлашганда... Аёл эрининг гапга ортиқча эътибор бермай  яна уйқуга кетди.

                                                      * * *

Тонг саҳар уйғонди, ёнида эри йўқ эди, бадантарбия қилгани балконга чиққандир-да, деган ўйда яна кўзларини юмди. Бироқ анча вақт ўтди ҳамки эри келавермади. Шунда  эрининг тундаги гапларини эслаб, ховотирланганча аста елкасига халатини ташлаб болконга мўралади. Қараса, ўтган йили кузакда нафақага чиққан ва эндигина олтмишдан ошаётган  эри – Жавлон акаси юрагини  устига қўлларини қўйганича чалқанча тушиб ётарди.

                                                       * * *
“Тез ёрдам” машинаси касалхонанинг жонлантириш бўлимига олиб борди. Биринчи юрак ҳуружи – микроинфаркт экан. Яхшиямки, оёқда юриб ўтказиб юбормабди,  касалхонага ҳам  вақтида  келтирилибди, акс ҳолда...

Касалхонада ўзини билмай – “кома” ҳолида бир кеча-кундуз ётди. Ўзига келиб кўзини очганда қаршисидаги оқ халатли одамларни кўриб аввалиги ажабланди, сўнгра ниманидир уққандек  кўзларини беҳолгина қайта юмди. Хотини унинг ўзига келганини эшитиб докторларга ялиниб-ёлвориб бирров  эрининг олдига кириб-чиқишга изн сўради. Эри унинг овозини эшитиб, кўзини очди, унга бегоналардек унсиз ва маъносиз тикилди. Аёл пича нима деярини билмай тарашадек қотиб турди, кейин ўзини ўнглаб:

– Тузукмисиз? – деди ҳам безовталик, ҳам таҳликалик оҳангда. Унинг овозида “бизни кимларга ташлаб кетмоқчисиз”, деган ҳадикли титроқ ва қўрқув бор эди.

Эри индамади, гапиришни истамади, аста қимирлаб бошини девор томонга ўгириб олди, негадир шу пайт мижжаларидан ёш ўрмалади. Шу кўйи ётганча хотинига қарамай ётаверди, анчадан сўнг гўё тилдан қолмаганини англатмоқчидек:

– Уйдан қора кўйлагимни олиб кел! – деб  пичирлади, холос.

Жавлон акаси бошқа ҳеч гап айтмади. Ёнида унга ҳамроҳлик қилган  тожикларга ўхшаб кетадиган қиррабурун, қорамағиздан келган ёш ва чиройли доктор аёл уни коридор бўйлаб туйнукчаси бор кириш эшиги ёнигача кузатиб келди-да,  илгични  суриб эшикни очаркан: 

– Қора кўйлак мумкин эмас! Бизда шунақа, – деди.

Аёл шифокорнинг бу гапи чинми ёки ҳазилми билолмади...  

                                               * * *
У эридан эшитган “қора кўйлак” ҳақидаги  гапни ҳеч кимга айтмади. Аммо юрса ҳам, турса ҳам жонлантириш бўлими шифокорининг “Қора кўйлак мумкин эмас. Бизда шунақа” дегани сира хаёлидан нари кетмасди. Эри  нафақага чиққач, ўтган йили кузакда қишлоғига бориб илк бор туғилган кунини у ерда ўтказиб қайтганда олиб келганди у кўйлакни. Икки томонида иккита чўнтаги бор, манжети икки қават қилиб тикилган хушбичим ушбу қора  кўйлак ҳақида, уни ким совға қилгани ҳақида чурқ этмаганди, ҳатто ҳазилтепа қилиб сўраганда ҳам мийиғида кулганича гапни бошқа ёққа бурганди. Лекин айнан шу кўйлакни хуш кўриб, танаси яйраб киярди. У эрининг кексайганда қора рангга кўнгил қўйганини сира тушунолмасди...

Эри бир ҳафта жонлантириш бўлимида ётди. Бу орада аёлнинг кўнглига “қора кўйлак” ҳақидаги гап неча марта келиб кетди. У уйдаги кирлар орасидан  эри суйган  ўша қора кўйлакни топиб ювди, болконга осиб қуритди, негадир уни ҳар галгидан бошқача меҳри  ийиб дазмоллади. Унинг ўйларини ҳам,  қилган иши маъносини ҳам болалари – анчайин улғайиб қолган ва ҳозирда ишлаётган ўғли-ю қизи сезмадиям. Аёл эса уларнинг тўйини  нафақат ўзигина эмас, мана шу қора кўйлакни эслаган эрининг ҳам кўришини жуда-жуда истарди. Биринчи марта отасиз ўғил уйлантириш, қизига келган совчиларга отаси йўқ деган гапни қай  йўсинда айтиш хавфи унинг бутун борлигини ларзага солди. Шуларни ўйлаб эрига айтган гапларидан пинҳона афсус чекарди. Уй нима экан, эрининг соғайиб кетиши,  болаларининг тўйида бўй кўрсатиб туриши ва  бирга-бирга орзу-ҳавас кўриши учун жонини ҳам беришга тайёр эди у шу топда... Нима бўлганда ҳам оилада яхшими, ёмонми отанинг бори яхши!

* * *
Эрининг жонлантириш бўлимида ётган кунлар аёлга йилдай узоқ туюлиб кетди, соатлар кунга айланиб, азобда ўтди. Ўзини ҳарчанд чалғитмоққа уринса-да, “реанимация – жонлантириш бўлими” деган ўй  ҳеч миясидан кетмасди. Агар эрига бирор кор-ҳол бўлса... унда нима қилади? Болалари нима қилади? Улғайишиб, ишлаётган бўлишса ҳам, барибир, отанинг ўрни бошқа, у ҳеч қачон ота ўрнини босолмайди. Ҳали ўғлини уйлантириши, қизини узатиши керак. Бировникига совчиликка борсанг, отаси йўқ деган гапни айтиш қанчалик қийин... Ахир ота-онанинг кўзи очиқлигида фарзандлари тўйини кўриш бошқача-да. Э, намунча ёмон ўйлар унга ёпишиб олмаса... Эй Худо, аввало ўзинг ундай қора куннинг юзини тескари қил!.. Қора!..  Негадир бу сўз ўйига келгач, яна фикри чувалашиб қора кўйлакка келиб тақалди... Нега энди қора кўйлак? Нега оқ эмас, кўк эмас, сариқ эмас, айнан қора...  яна бошқа жойда эмас, айнан жонлантириш бўлимида ётганида...
Аёл буни қанча ўйламасин, ҳеч тагига етолмади...
Эртасига ҳам аёл не умидда касалхонага борди. Аммо эри – у яхши кўриб теккан, уни чин дилдан севиб қолиб, унга уйланган – шу Жавлон акаси шифокорларга айтиб қўйганми, мана неча кундирки, уни  олдига киритишмаяпти, ўз дарди-ю ғамига ўзи қовурилиб жонлантириш бўлимининг бир кишилик хонасида ёлғиз ётибди...
Кейинги кун ҳам кечагисидан баттар ўтди. Негадир ўзининг аҳволи ҳам ёмонлашиб, қон босими  ошиб, орқа мияси лўқиллаб оғрийдиган одат чиқарди. Докторга чиқди, доктор аҳволини кўриб “дардингиз асабдан” дея касаллик варақаси очди ва дориларни ёзиб бергач, ҳеч қаёққа чиқмай, ҳеч нарсани ўйламай, айтилган дори-дармонларни ичиб ётишни тайинлади. Ётиш қайда? Ўйламай бўладими? Дам олиш куни эди, тушликда қизининг “қўйинг, бугун ўзимиз бориб келамиз” деганига қарамай, не умидда болаларига эргашиб касалхонага келди. Аҳвол ўзгармаган, чамаси, яна ҳеч кимни ичкарига қўйишмади. Шундоқ ҳам эзилиб битган юраги адойи тамом бўлди. Эрининг раъйига қарши чиқиб айтган гапларини эслаб тилини кесиб ташлашга тайёр эди шу маҳалда. Ўша гапларни айтгунча тилига чечак чиқса майлийди. Лекин бу гал ҳам ичини каламушдек кемираётган дардини  болаларига билдирмади, Худойимга пинҳона ёлвориб мана шу икки қора кўзининг бахтига эрига соғлик-омонлик тилади...
Аёлнинг кейинги кунлардаги аҳволини тасвирлашга ҳожат бормикан? Ўйлар, ўйларга қўшилиб уни зимдан қийнаётган касаллик уни шу кунлар ич-ичида сўлитиб, муштдеккина  қилиб қўйгандек эди. Эрини ўйлаб, шифокор буюрган  дориларни ичиш у ёқда турсин, томоғидан дурустроқ овқат ҳам ўтмай қўйганди... кечалари ҳам бир ёстиққа бош қўйиб ўттиз беш йилдан ортиқ бирга яшаган эрини эслаб, мижжа қоқмасди... Касалхонада  олдига кирганда негадир кўнглига келган  “кечиринг” деган сўзни айта  олмаганидан ҳам афсус чекарди...

* * *
      ... Ҳафта охирида эрталабки соат ўн бирларда уйидаги телефон чўзиқ жиринглади. Аёл уйда ёлғиз эди. Аста телефондаги рақам аниқлагичга қаради ва юраги шув этиб кетди: у касалхона жонлантириш бўлимининг рақами эди. Тану жони қақшаб гўё юраги уришдан тўхтаб қолгандек туюлди... Телефоннинг жиринги ўчди ва хиёл ўтмай яна жиринглади. Ноилож қўрқа-писа не-не ҳавотирда гўшакни кўтарди, “аъло” дейишга ҳам мажоли қелмади.
        – Аъло, Жавлон акаларникими? Нега индамайсиз? Касалхонадан қўнғироқ қиляпман... 
Аёл овоз эгасини таниди... ўша истараси иссиқ тожикбашара чиройли аёл – Мадина! Аёлнинг ранги қув оқариб кетди, ичида бир нарса узилгандек туюлди, охири ўзини базўр қўлга олиб:
– Эшитяпман,– деди  жуда паст овозда.
– Эрингиз ҳақида айтмоқчийдим: уни аҳволи анча яхши.
Аёл хушхабардан дарҳол ўзига келолмади. Худди бу гапнинг яхши хабар эканлигини ҳам уқмагандек гунгу лол бўлганча тураверди.
– Мени эшитяпсизми?..
– Ҳа, – деди аёл, кейин шошиб сўради: – Бирор гап айтдими?   
– Айтди. Шуни айтмоқчийдим. Бугун уни кардиология бўлимига ўтказамиз. “Тихий часть”дан кейин олдига келишингиз мумкин. Келсангиз, албатта, қора кўйлагини олиб келаркансиз...
Аёл гўшакни қўйиб дераза ёнига борди. Қиш оёқлаб, ҳавога яқинлашиб келаётган баҳор тафти уриб қолгани учунми, эндиликда қор ўрнига эрталабдан гўё унинг дардларига айланиб  ёғаётган ёмғир тина бошлаган эди. У хона бурчагидаги кийим шкафини очди. Қора кўйлак ҳам барча кўйлаклар қаторида илгакда осиғлиқ турарди, лекин у бошқа кўйлаклардек бирини устига бири кийдирилиб эмас, балки алоҳида кийим илғичга осиб қўйилган эди. Аёл кўйлакка меҳр билан қўл чўзди ва уни илгакда турганича олиб ёнидаги якандозлар тахлами устига оҳиста қўйди, меҳри товланганча  қора кўйлакни узоқ силади.
Ташқарида осмон дардларини айтиб ёғаётган ёмғир тина бошлаган, аммо энди аёлнинг кўзларидан ёмғир бўлиб севинч  ёшлари оқарди...
АДҲАМ ДАМИН

Шарҳлар

​ҚИММАТГА ТУШГАН “МУҲАББАТ”

25.07.2017, 11:04

Бирон бир ишни бошлаш осон кечмайди. Немисларда ҳам “ҳамма ишнинг бошланиши оғир” деган мақол бор. Қанча меҳнат, маблағ ва тинимсиз ҳаракат зарур. Ҳужжатларни тўғрилаш, маълум...
​Шубҳага эргашиб…

11.07.2017, 12:11

Насиба кўзини тўйхонанинг тўрт томонига югуртириб эрини излай бошлади. Қани у? Тополмагач, ўрнидан турди-да, бутун ташвишларини унутиб шўх таронага рақс тушаётганларни оралаб, эшик томон юрди....
​Япроқдаги нур

29.06.2017, 14:11

Қизлар ётоқхонасининг юқори қаватига кўтарилаётганимда қаттиқ ҳаяжонланиб кетдим. Кўришмаганимизга ҳам анча бўлди. Қандай кутиб оларкин? Нимадан гап бошласам экан? Бу учрашувимиз нима билан тугаркин? Ҳар...
​МЕҲРИБОН

28.06.2017, 15:27

Собира календарга қаради. Ўн еттинчи феврал… Эртага ўғли билан учрашади. Иккиларининг ҳам туғилган кунлари. Юрагини темир қўллар ғижимлагандек бўлди. Соғинган, жуда-жуда соғинган…Уч йил муқаддам…Собира ўзи...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1