2025 йил 1 августдан бошлаб Ўзбекистонда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори 10 фоизга оширилиб, 1 миллион 271 минг сўм этиб белгиланади. Бу ўзгариш сафарбарлик чақирув резервида (ССР) хизмат қилувчи фуқаролар учун тўланадиган бир ойлик ҳарбий хизмат ҳақига бевосита таъсир қилади.
Мазкур тўлов суммаси минимал иш ҳақи миқдорининг 7 баробарига тенг ҳисобланади. Шундай қилиб, августдан бошлаб бир ойлик ҳарбий хизмат учун тўлов 8 миллион 85 минг сўмдан 8 миллион 897 минг сўмга ошади. Ушбу тўлов бирйўла ёки йил давомида бўлиб-бўлиб тўланиши мумкин. Маблағлар Мудофаа вазирлигининг махсус ҳисобрақамида жамланиб, ҳарбий хизматчилар нафақаси, моддий-техник база мустаҳкамланиши ва хизмат таъминотига йўналтирилади.
Сафарбарлик чақирув резервига 27 ёшгача бўлган фуқаролар қабул қилинади. Улар ойлик ҳарбий йиғинларда қатнашадилар, шунингдек, фавқулодда вазиятлар ёки қуролли тажовуз ҳолатларида ҳақиқий ҳарбий хизматга сафарбар этилиши мумкин. 2019 йилдан буён бир ойлик ҳарбий хизмат тўлови босқичма-босқич ошириб келинмоқда.