АсосийSport

Олимпия ва Паралимпия ўйинлари совриндорлари Тошкент давлат юридик университетида меҳмон бўлишди

Тошкент давлат юридик университетида Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи қабул қилинганлигининг 25 йиллиги муносабати билан “Байроғимиз – миллий ғуруримиз ва ифтихоримиз” мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Унда университет педагог ходимлари ва талабалари ҳамда Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтган ёзги Олимпия ўйинларида ғолибликни қўлга киритган бир қатор спортчилар иштирок этишди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси хабар бермоқда. 

Жумладан бокс бўйича Олимпия ўйинлари ғолиблари Фазлиддин Ғойибназаров ва Шаҳобиддин Зоиров, Олимпия ўйинларининг бронза медали соҳиби Муроджон Аҳмадалиев, XV Паралимпия ўйинларида спортнинг дзюдо турида бронза медалига сазовор бўлган Севинч Салаева ва Феруз Саидовларни шу куни университет жамоаси жуда илиқ қарши олишди.

Тадбирни университет ректори Е.Каньязов очиб, байроқнинг тасдиқланиш тарихи, унинг ҳуқуқий асослари ҳақида тўхталиб, байроқнинг нақадар муқаддас тимсоллигини таъкидлаб ўтди. Шундан сўнг сўз меҳмонларга берилди. Улар Олимпия ўйинлари давридаги таассуротлари билан ўртоқлашишди.

Дархақиқат, давлат рамзлари ҳар бир мамлакатнинг суверенитети ва мустақиллигини ифодаловчи муқаддас тимсоллардир. Ўзбекистоннинг давлат рамзлари халқимизнинг шон-шарафи, тарихий хотираси ва интилишларини ўзида мужассам этиб, шу юртда яшовчи ҳар бир фуқарога ғурур, фахр ва ифтихор бағишлайди.

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов таъкидлаганидек, озод Ўзбекистон фуқаролари учун мустақилликнинг муқаддас рамзлари – Давлат герби, Давлат байроғи, Давлат мадҳияси азиздир. Улар маънавиятнинг энг муҳим тимсолларидир. Шу боис, байроғимиз ёки гербимизга назар солганимизда ёки мадҳиямиз янграганда биз руҳан жўшқинликни, азму шижоатимиз ошганини, қалбимизда ғурур ва буюк истиқболга ишонч туйғусини ҳис этамиз.

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар