Куз якунига етай деганда пишиб етиладиган хурмонинг ширин таъми кўпчиликка манзур. Билсангиз, уни севиб истеъмол қилгач, организмимиз керакли витамин ва минералларга тўйиниб, бир неча хасталикларга қарши курашар экан.
- Хурмо таркибида кўп миқдорда глюкоза, сахароза, С, А, РР витаминлари, лимон кислотаси, темир, кальций, калий, натрий, магний, оқсил, углевод, йод мавжуд бўлгани боис, у иммунитетни мустаҳкамлайди.
- Иштаҳани очиб, асабларни тинчлантиради. Иш унумдорлигига салмоқли таъсир кўрсатади.
- Буйрак касалликларига чалинган беморлар учун фойдали озуқадир. Чунки хурмо пешоб ҳайдаш, буйракдаги тошларни эритиш хусусиятига эга.
- Калийга бой бўлгани боис, юраги безовта қилувчи беморлар кунига 2-3 дона хурмо ейишса, дард енгиллашади.
- Йодга бой бўлгани боис, буқоқнинг олдини олишга хизмат қилади.
- Ичакни керакли бактериялар билан таъминлайди. Шу боис халқ табобатида меъда-ичак хасталикларини даволашда кенг қўлланилади.
- Кўз ва тери саломатлигида ўрни беқиёс. Шунингдек, организмда саратон ривожланишининг олдини олади.
- Хурмони кўп истеъмол қилувчиларнинг қон босими меъёрида бўлади.
- Томирларнинг варикоз кенгайишида хурмо ёрдамга келади.
- Тўйимли мева бўлгани боис, уни истеъмол қилганда очлик ҳисси камаяди.
- Ўпка фаолиятини яхшилайди. Айниқса, кашандалар хурмони кўп истеъмол қилишлари лозим.
- Камқонликни даволаш учун кунига икки марта 100 мл. хурмо шарбатини таомдан аввал ичиш керак. Шунингдек, хурмо барглари қўшиб дамланган чой ҳам фойдалидир.
- Шамоллаш ва йўталда хурмо шарбатига қайнатилган иссиқ сув қўшиб, томоқни чайиш наф беради.
- Хурмо шарбати билан оғиз чайилса, милк яллиғланишини бартараф қилади.
- Хурмо ва олмадан косметик ниқоб тайёрлаб, юзга суртилса, ҳуснбузарлар арийди.
Шуниси ҳам борки...
- Таркибида кўп миқдорда глюкоза мавжудлиги боис, қандли диабетга чалинган беморлар хурмони кам истеъмол қилганлари маъқул.
- Ошқозон ва ичак операциясидан сўнг хурмодан парҳез қилиш керак.
- Вазн йўқотиш ҳаракатида юрганлар хурмони ҳаддан зиёд кўп емаганлари маъқул.
- Хурмони сут ёки совуқ сув билан бирга еб бўлмайди.
- Кичик ёшдаги болаларга бермаган маъқул.
- Хурмо пишиши билан уни бирданига кўп миқдорда истеъмол қилмай, кунига 2 тадан бошлаб, аста-секин 5 тагача ейиш мақсадга мувофиқдир.