АсосийСаломатлик

Очлик иммун ҳужайраларининг саратонга қарши хусусиятларини оширади

Янги тадқиқот натижалари келгусида саратонни қўшимча даволаш учун бир қатор имкониятларни очиб бериши қайд этилмоқда.

'Очлик иммун ҳужайраларининг саратонга қарши хусусиятларини оширади'ning rasmi

Янги тадқиқотга кўра, ҳафтасига икки марта 24 соатдан очлик ҳолатида юриш “табиий қотил ҳужайралар” деб аталадиган ўзига хос иммунитет ҳужайраларининг саратонга қарши курашиш қобилиятини оширади. Бу ҳақида Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Натижалар келгусида саратонни қўшимча даволаш учун бир қатор имкониятларни очиб беради. Тадқиқот Нью-Йоркдаги MSK Саратон маркази олимлари томонидан ўтказилди.

“Ўсмалар жуда оч бўлади, — деди иммунолог, тадқиқотнинг ҳаммуаллифи Жозеф Сан. — Улар зарурий озиқ моддаларни “ейди”, бу билан кўпчилик иммун ҳужайралари учун зарарли бўлган липидларга бой душман муҳитни яратади. Тадқиқот очликнинг “табиий қотил ҳужайралар”ни ушбу бостирувчи муҳитда яхшироқ омон қолиш учун қайта дастурланиб олишини кўрсатди”.

 Қайд этилишича, “табиий қотил ҳужайралар” (NK) лейкоцитлар бўлиб, улар ўз номига мос ҳолда вирус ва саратон ҳужайралари билан зарарланган бошқа ҳужайраларни йўқ қилади. Уларнинг асосий вазифаси “босқинчилар”ни йўқ қилиш бўлса-да, NK-ҳужайралар зарарли ҳужайраларга ҳужум қилишга сигнал бериш учун цитокинлар деб аталадиган оқсилларни чиқариш орқали бошқа иммун ҳужайралар билан ўзаро таъсирга киришади. Қанчалик кўп NK-ҳужайралари саратон ўсимтасига кириб борса, бемор учун прогноз шунчалик яхши бўлади.

“Тадқиқот давомида ҳар бир очлик циклида NK-ҳужайралар глюкоза ўрнига ёғ кислоталаридан муқобил ёқилғи манбаи сифатида фойдаланишни ўрганганини кўрдик, — деди тадқиқотнинг етакчи муаллифи Ребекка Дельконте. — Бу ҳақиқатан ҳам уларнинг саратонга қарши таъсирини оптималлаштиради, чунки ўсимта микро муҳитида юқори концентрацияли липидлар мавжуд ва улар бундай метаболик машғулотлар туфайли энди ўсимтага кириб, у ерда яхшироқ яшаб қолишлари мумкин”.

Олимларнинг фикрича, очликнинг кўп турлари бор ва уларнинг баъзилари организм учун фойдали, айримлари эса зарарли бўлиши мумкин. Беморлар ўз шифокорлари билан мулоқотда бўлиб, уларнинг индивидуал ҳолати учун қай бири хавфсиз ва фойдали эканлиги ҳақида билишлари керак.

    Бошқа янгиликлар