АсосийСиёсат

Марказий Осиё интеграцияси: қайси давлат раҳбари кўпроқ ҳисса қўшмоқда?

Тан олиш керак, атиги етти йил олдин минтақа давлатлари ўртасидаги чегаралар деярли ёпиқ эди.

'Марказий Осиё интеграцияси: қайси давлат раҳбари кўпроқ ҳисса қўшмоқда?'ning rasmi

Марказий Осиё стратегик муҳим минтақа бўлиб, собиқ Совет Иттифоқи парчаланганидан сўнг мустақил давлатларнинг шаклланиши ва минтақавий интеграция йўлларини излашнинг мураккаб босқичларини босиб ўтди.

Қайд этиш жоиз, интеграция жараёнлари равон ривожланмади. Хусусан, 2016 йилгача мамлакатлар ўртасида маълум масофа сақланиб қолди, бу ягона минтақавий сиёсатни шакллантиришни қийинлаштирди. Бунга ўша даврдаги биринчи раҳбарларнинг, хусусан, Ўзбекистон ва Қозоғистон етакчиларининг ўзаро сиёсий рақобатлашуви, мухолифона кайфияти, айрим давлат бошлиқларининг ўз шахсий амбицияларига ўралашиб бериши ҳам салбий ҳисса қўшди. 

Бироқ 2016 йилдан кейин минтақа давлатлари тепасига янги авлод етакчилари келиши билан Марказий Осиёда интеграция жараёнлари янги динамика касб этди. Ўзаро рақобатлашув ва, айтиш мумкинки, ҳасад аралаш сиёсат энди ўзаро ҳамкорлик ва итифоқчилик руҳияти акс этган эврилиш сари юз тута бошлади.

Бу жараён минтақа мамлакатлари ўртасидаги иқтисодий ва сиёсий алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган салмоқли саъй-ҳаракатлар билан ажралиб туради. 

БИРИНЧИДАН, минтақавий барқарорлик хавфсизликка таҳдид, экстремизм, сув-энергетика муаммолари ва иқлим ўзгариши каби умумий муаммоларга қарши кураш – минтақа давлатларнинг мувофиқлаштирилган саъй-ҳаракатларига боғлиқ бўлди. Россия, Хитой, АҚШ ва бошқа гегемон давлатларнинг геосиёсий манфаатлари орасида ўзаро манфаатли мувозанатни сақлаш, айниқса Афғонистондаги қалтис вазият фонида бирдамлик ва ҳамжиҳатликни талаб қилиши табиий эди. 

Тан олиш керак, атиги етти йил олдин минтақа давлатлари ўртасидаги чегаралар деярли ёпиқ эди. Сув ресурсларидан, яйловлар ва сув хўжалиги объектларидан фойдаланиш масалалари бўйича тинимсиз тортишувларнинг очиқ қарама-қаршиликка айланиб кетиш хавфи бор эди

Бундай вазият муҳим ўзгаришларни, энг асосийси бундай ўзгаришлар ташаббускорини кутаётган эди. 

ИККИНЧИДАН, қўшма инфратузилма лойиҳалари ва савдо-сотиқ каби иқтисодий манфаатлар минтақа мамлакатларини бир-бирига яқинлаштиришда муҳим омил бўлди. Айниқса давр ҳамда вазият логистика, сув ва энергетика борасидаги ўзаро мувофиқлаштирилган сиёсатни тақозо этган.

УЧИНЧИДАН, айрим давлатларнинг, хусусан, Марказий Осий давлатларининг ҳаммаси билан чегарадош, минтақа марказида – хавфсизлик ва геосиёсий имкониятлари юқори бўлган Ўзбекистоннинг янги ташқи сиёсат курси минтақавий ҳамкорлик учун янада қулай муҳит яратишга хизмат қилди. Бу “қор кўчкиси” эффектини яратиб, бошқа давлат раҳбарларида ҳам ўзаро ҳамкорликка қаратилган сиёсий ироданинг шаклланишига сабаб бўлди. 

Шу ўринда минтақадаги алоҳида олинган давлатлар ва уларнинг етакчиларининг Марказий Осиё интеграциясига, ишга туширилган жараёнлар самарадорлиги ва эришилган натижаларга қўшган ҳиссасини таҳлил қилиш айни воқеликнинг тўла манзарасини тасаввур қилишга ёрдам беради. 

Қозоғистон

Қозоғистон анъанавий равишда минтақада муҳим рол ўйнаб келган. Қозоғистон - минтақада ҳудудий жиҳатдан энг катта, Россия ва Хитой каби қудратли давлатлар билан бевосита чегарадош бўлган, табиийки бу давлатлар билан логистик ва энергетик соҳалардаги алоқаларда муҳим ўрин тутувчи давлат. Унинг минтақа давлатлари ҳамкорлигидаги салоҳияти ҳам юксак. 

Мустақил Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев 2019 йил мартигача бу лавозимни эгаллаб, Евроосиё интеграцияси ғояларини фаол илгари сургани билан машҳур. Унинг Евроосиё Иқтисодий Иттифоқини (ЕОИИ) яратиш ташаббуси Қозоғистон ва Қирғизистон каби давлатларни бир платформада бирлаштирди. 

Назарбоев иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш ва чегара масалаларини ҳал этишга қаратилган кўплаб олий даражадаги учрашувлар ўтказиш ташаббуси билан чиқди. Унинг минтақавий интеграция жараёнларини ривожлантиришдаги ролини алоҳида таъкидлаш адолатдан бўлади. 

Назарбоев истеъфога чиққанидан кейин унинг вориси Қосим-Жомарт Тоқаев минтақавий ҳамкорлик сиёсатини қўллаб-қувватлашда давом этди. У 2018 йилда Марказий Осиё давлат раҳбарлари саммити каби юқори даражадаги учрашувлар ташаббускори бўлиб, сиёсий мулоқотни мустаҳкамлашга ҳисса қўшди. Остонада ўтган ушбу саммит минтақада ўзаро мулоқотни тиклаш йўлидаги муҳим қадам бўлди.

Қирғизистон

Қирғизистон ҳам, минтақадаги бошқа давлатларга нисбатан кичикроқ давлат бўлса-да, интеграция жараёнларига ўзига хос ҳисса қўшиб келмоқда.

 Aлмазбек Aтамбаев (2017 йилгача) айниқса Ўзбекистон ҳукумати билан яқин қўшничилик ҳамда делимитация ва демаркация жараёнларида лояллик билдиргани таҳсинга сазовор. Унинг даврида Ўзбекистон-Қирғизистон умумий чегараларидаги муаммолар, ўзаро сиёсий кескинликлар барҳам топа бошлади. Атамбаев бир интервьюсида айтганидек, Ўзбекистон билан чегараларнинг мунозарали қисмларидаги муаммолар деярли 90 фоизга ҳал этилди. 

2017-2020 йилларда президентлик қилган Сооронбай Жээнбеков аввалги ҳукуматнинг минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш йўлидаги сиёсатини давом эттирди. Унинг Ўзбекистон билан муносабатларни нормаллаштиришдаги ролини алоҳида таъкидлаш жоиз, бу ҳар икки давлат раҳбарининг саъй-ҳаракатлари туфайлигина амалга ошди, десак хато бўлмайди. Жумладан, 2019 йилда Жээнбеков ва Мирзиёев ҳамкорликда бир нечта чегара ўтказиш пунктларини очишди. 

2021 йилдан кейин Қирғистон президенти курсиси Садир Жапаров ихтиёрига ўтди. Жапаров, жумладан, 2021 йил 2-3 март кунлари Қозоғистон пойтахтига ташриф буюриб, президент Қосим-Жомарт Тоқаев ва собиқ президент Нурсултон Назарбоев билан маслаҳатлашувлар ўтказди. Токтогул сув омбори борасида маълум келишувларга эришилиб, Қирғизистоннинг энергетик хавфсизлигини таъминлашга қаратилган протокол имзоланди. 

Садир Жапаров бу учрашувдан бир ҳафта ўтгач, Тошкентга ташриф буюрди ва Президент Шавкат Мирзиёев билан чегара масалалари бўйича қолган муаммоларни 3 ой ичида ҳал қилишга келишиб олди. 

Тожикистон

1990 йиллар бошидан бери Тожикистонга раҳбарлик қилиб келаётган Имомали Раҳмон минтақадаги хавфсизлик масалалари, сув-энергетика ресурслари масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келади. Тожикистон ресурслари чекланган давлат сифатида, ўз манфаатларидан келиб чиққан ҳолда сув ресурсларини тақсимлаш ва инфратузилмани яхшилашга қаратилган минтақавий ташаббусларда фаол иштирок этиб келмоқда. Раҳмон 2018 йилда Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Душанбе учрашувида хавфсизлик, энергетика ва савдо соҳаларида минтақавий ва иқтисодий ҳамкорликнинг асосий масалалари муҳокамасида ўз ғоя ва таклифлари билан қатнашди. 

Тожикистон президенти минтақа давлатлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи транспорт инфратузилмасини яхшилаш бўйича лойиҳаларда ҳам фаоллик кўрсатиб келади. 

Туркманистон

Туркманистон ўз мустақиллигининг илк йилларидан бошлаб бетарафлик сиёсатини юритиб келмоқда. Лекин бу расмий Ашхабоднинг минтақавий интеграция лойиҳаларида фаол иштирокини деярли чекламаган. Аввалги президент Гурбангули Бердимуҳамедов (2022 йилгача) ва унинг вориси Сердар Бердимуҳамедов минтақа давлатлари ўртасидаги иқтисодий алоқаларни яхшилашга хизмат қилувчи трансчегаравий қувурлар ва транспорт йўлакларини яратиш бўйича лойиҳаларни фаол илгари сурмоқда. Бу эса минтақанинг иқтисодий ривожланишида катта аҳамиятга эга. 

Бундан ташқари, Туркманистон Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги сиёсий ва иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган қатор минтақавий учрашувларда иштирок этиб келади.

Ўзбекистон

2016 йил Ўзбекистон Президенти этиб сайланган Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё интеграция жараёнларида алоҳида ўрин тутади. Мирзиёев президентликка киришганидан сўнг дарҳол қўшни давлатлар билан муносабатларни яхшилашга устувор йўналиш сифатида қарай бошлади. Режа ва мақсадлар қоғоздан воқеаликка кўчди – реал қадамлар қўйилди, реал натижаларга эришилди. Бу жараёнлар халқаро ҳамжамият томонидан Марказий Осиёда барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш йўлидаги ижобий қадамлар сифатида қабул қилинди. 

Ўзбекистон етакчисининг 2018 йил март ойида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Остонадаги биринчи саммитидаги иштироки айниқса самарали бўлди. Шавкат Мирзиёев сўнгги 9 йил ичида биринчи бўлиб ташкил этилган ушбу анжуманнинг асосий ташаббускори бўлди. Саммит давомида иқтисодий ҳамкорлик, чегарадаги можароларни бартараф этиш ва сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.

2016 йилгача Ўзбекистон ўзига қўшни бўлган Қозоғистон ва Туркманистон нисбатан тинч сиёсат юритиб келган бўлса-да, Қирғизистон ва Тожикистон билан муносабатлар бирмунча кескинлик касб этганини тан олиш жоиз. Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон ҳукумати тепасига келиши, айрим экспертлар таъкидлаганидек, минтақа ҳамкорлиги учун ҳам қутлуғ қадам бўлди. Айниқса Қирғизистон ва Тожикистон билан муносабатларни нормаллаштиришда сезиларли ютуқларга эришилди.

Шавкат Мирзиёевнинг илк муваффақиятли қадамларидан бири – минтақа раҳбарларининг ўзлари ҳам тан олганидек, Қирғизистон ва Тожикистон билан узоқ йиллардан бери таранг бўлиб келган муносабатларни тиклаш ва нормаллаштириш бўлди. 2017 йилда бошланган музокаралар натижасида чегаралар, сув ресурслари ва трансчегаравий ҳамкорлик бўйича муҳим келишувларга эришилди. Жумладан, узоқ муддатли чегара низоларига барҳам берилди, чегарада янги назорат-ўтказиш пунктлари очилди, бу эса товар айирбошлаш ҳажмининг ошиши ва ўзаро ишончнинг ортишига хизмат қилди. Масалан, 2017 йил сентябр ойида Қирғизистон билан чегарада “Дўстлик” назорат-ўтказиш пункти очилгани икки давлат муносабатларидаги янги босқич тимсолига айланди. Айни пайтга келиб, расмий Тошкент Қирғизистон ва Тожикистон билан чегаралар умумий узунлигининг 90 фоиздан зиёд қисми бўйича келишувга эришган.

Айниқса туркий давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг саъй-ҳаракатлари натижасида тобора самарали платформага айланди. Марказий Осиё хавфсизлик ва иқтисодий ривожланиш тизимига Туркия ва Озарбайжоннинг жалб этилгани, митақа давлатларининг ушбу туркий тилли давлатлар билан ҳамкорлиги тобора жипслашиб бораётганида ҳам Ўзбекистон раҳбарининг ҳиссаси алоҳида.

Халқаро эътироф

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг интеграция жараёнларидаги роли халқаро экспертлар ва давлат етакчилари томонидан юқори баҳоланди. Масалан, хорижий таҳлилчилар Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистон минтақа давлатларининг нафақат иқтисодий, балки сиёсий яқинлашувига ҳам кўмаклашувчи асосий ўйинчига айланганини таъкидлашади. БМТ ва бошқа халқаро ташкилотларнинг экспертлари ҳам Ўзбекистон минтақанинг барқарор ривожланишига, жумладан, сув ресурсларини тақсимлаш ва инфратузилмасини яхшилаш ташаббуслари орқали қўшаётган ҳиссасини алоҳида таъкидлашади. 

Хусусан, унинг 2024 йил август ойида Қозоғистонга ташрифи чоғида “Алтин Қиран” (Олтин бургут) ордени билан мукофотлангани ҳам бундай фикрлар исботи бўлди

Айниқса, 2024 йил 9 августда Қозоғистон пойтахтида ўтган, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг VI маслаҳат учрашуви чоғида Ўзбекистон раҳбарининг Марказий Осиё интеграциясига қўшган улуши алоҳида эътироф этилди. Шавкат Мирзиёевга минтақа давлатлари ўртасидаги дўстлик, қўшничилик ва ўзаро англашувни ривожлантиришдаги алоҳида хизматлари учун Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Фахрий нишонини тантанали равишда топширилди. 

Учрашув чоғида таъкидланганидек, минтақа давлатларининг ўзаро мувофиқлаштирилган фаолият натижасида товар айирбошлаш ва инвестициялар ҳажми бир неча баробар кўпайди, кенг кўламли ҳамкорлик лойиҳалари амалга оширилмоқда, чегараолди савдо ҳудудлари, қўшилган қиймат занжирлари, замонавий транспорт ва энергетика инфратузилмаси барпо этилмоқда. Халқаро субъектликнинг мустаҳкамланиши ва минтақанинг юқори жозибадорлиги туфайли Марказий Осиё иқтисодий фаоллик марказига, Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жанубни боғловчи транспорт-коммуникация кўпригига айланиб бормоқда. Бирдамлик ва минтақавий ўзига хослик туйғуси тобора мустаҳкамланиб бормоқда. 

Саммит чоғида, шунингдек, минтақада миллий ID-карталарини ўзаро тан олиш ва «Бир тур - бир минтақа» тамойили асосида оммавий туристик маҳсулотларни ишлаб чиқиш таклиф қилингани ҳам диққатга сазовор. Бу борадаги энг сўнгги янгиликларга кўра, эндиликда Ўзбекистон ва Қозоғистон фуқароларига ўз шахсий гувоҳномалари (ID карталар) ёрдамида ўзаро саёҳат қилишга рухсат берилиши мумкин. Ўзбекистон Президентининг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили Абдулазиз Комиловнинг маълум қилишича, (https://yuz.uz/news/ozbekiston-tashqi-siyosatida-yangi-markaziy-osiyo) шу кунга қадар Ўзбекистон ва Қозоғистон фуқаролари ўртасида визасиз режим мавжуд эди, аммо икки давлат фуқаролари фақат хорижга чиқиш паспорти билан ўтишлари мумкин бўлган. 2023 йил 1 сентябрдан бошлаб ички ҳужжат –фуқаро ID-картасини тақдим этган ҳолда Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасини кесиб ўтиш тартиби амал қилаётган эди холос. Энди шундай тартиб ўрнатиш лойиҳаси Қозоғистон томони билан ҳам муҳокама қилинмоқда. 

Интеграцион жараёнлар динамикаси сусаймайди

Хулоса қилиб айтганда, Шавкат Мирзиёев 2016 йилда президентликка келганидан буён Марказий Осиёда интеграция жараёнлари янги босқичга кўтарилди. Минтақавий ҳамкорлик, барқарорлик, иқтисодий ҳамкорлик ва хавфсизлик борасида ижобий натижаларга эришилди. Бундай ютуқлар Шавкат Мирзиёевни интеграция жараёнлари соҳасида Марказий Осиёдаги энг нуфузли етакчилардан бири, дейиш учун асос бўла олади.

Шу ўринда минтақа халқларининг интеграциялашуви, ўзаро маданий яқинлигини таъминлаб келган яна бир муҳим тарихий омил – нафақат тил, балки дин бирлигини ҳам унутмаслик лозим. 

Атоқли ўзбек адиби Абдулла Қодирийнинг “мозийга қайтуб иш кўриш хайрликдир” деган олтинга тенг сўзларига риоя этган ҳолда, "Ислом тарихидан олтин саҳифалар" китобида келтирилган бир тарихий воқеани ёдга олиш мумкин:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам 35 ёшга кирганларида, яъни милодий 606 йили Каъбада даҳшатли ёнғин юз берди, ортидан сел қуйди ва натижада Каъба хароб ҳолга келди. Қурайш қабиласи Каъбани таг-туги билан бузиб, ўрнида янгидан барпо этишни хоҳлади. Шу мақсадда Қоратошни ўз ўрнидан қўзғатишга мажбур бўлишди. “Янги бино пойдевори табаррук Қора тош ўрнатиладиган баландликкача кўтарилганда, уни ким қўли билан кўтариш шарафига муяссар бўлади?”, деган масалада Қурайш қабиласи улуғлари тортишиб қолишди ва бу баҳс тўрт кеча-кундуз давом этди. Охир-оқибат Қурайш қабиласининг энг кексаси, Холид ибн Валиднинг амакиси Абу Умайя ибн Муғийра шундай таклиф берди: “Каъбанинг Шайба (ҳозирги Бобус-Салом) эшигидан кириб келган биринчи одамга бу иш ечимини ҳавола қиламиз”. Ҳамма бу таклифга рози бўлди. Кўп ўтмай Шайба дарвозасидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кириб келдилар. Ҳаммалари бир овоздан: “Бу одам ишончли, бировнинг ҳақига хиёнат қилмайдиган амин”, дея у зотга воқеани айтиб беришди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир оз ўйлаб олдилар ва сўнг эгниларидаги ридони ечиб, одамлар ўртасига ёздилар. Қўллари билан Қора тошни кўтариб, унинг ўртасига қўйдилар. Кейин: “Ҳар бир қабила бошлиғи бу ридони кўтарсин”, дедилар. Қабила бошлиқлари Қора тошни ридо билан кўтариб, уни қўядиган жойга келтирдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса Қора тошни кўтариб, ўз ўрнига жойлаштирдилар. Шу тариқа, низо бартараф этилди, араблар ўртасидаги ўзаро келишмовчилик барҳам топди. 

Қора тош билан боғлиқ бу воқеа Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг обрўсига обрў қўшилишида, Қурайш қабилалари назарида янада ҳурмат ва салобат касб этишларида муҳим ўрин тутди.”. 

Кўриб турганингиздек, пайғамбар ўзига берилган ҳуқуқдан фойдаланиб, қора тошни якка ўзи жойлаштирса ҳам бўлар эди. Аммо у ўзини эмас, бошқаларни ўйлаган, халқ бирдамлиги ва тотувлигини ўз иззат-нафсидан устун қўйган.

Деярли 90 фоизи мусулмон бўлган бир халқнинг вакили сифатида, Ўзбекистон президентининг Марказий Осиё минтақаси давлатлари ва халқлари бошини қовуштириш йўлидаги саъй-ҳаракатлари билан юқорида зикр этилган воқеа ўртасида маълум параллеллар борлигини сезиш осон. Фақат ўз давлати манфаати эмас, балки бутун минтақа тинчлиги ва фаровонлиги учун қайғураётган Ўзбекистон раҳбарининг узоқни кўра билиши ва сиёсий донолиги фикримиз исботидир. Зеро, қўшнинг тинч – сен тинч дея бежизга айтилмаган. Қўшнинг уйида ёнғин чиқса, сен ўчиргани чиқмасанг, бу олов сенинг уйингга ҳам ўтиши аниқ. 

Яна бир ибратли воқеа: АҚШдаги бир фермер энг сара ва ҳосилдор маккажўхори мусобақасида доим ютиб чиқар экан. Аммо фермернинг бир одати бор экан - у доим даласидан чиққан энг сара ва бўлиқ макка доналарини уруғлик қилишлари учун қўшниларига текин тарқатар экан.

Шунда бир мухбир ҳайрон қолиб, “нега уларга яхши уруғларингиздан берасиз, ахир улар мусобақадаги рақибларингизку, уларнинг ҳосили яхшиланса, сизга зарарку”, дея савол берибди. 

- Йўқ, мен бундан фақат фойда кўраман, дебди фермер. – Чунки шамол ва асаларилар уларнинг даласидаги маккажўхорилар гулчангини менинг даламга ҳам олиб келиб, экинларимни чанглатади. Қўшниларимнинг экини ҳам яхши ва сара навли бўлса, менга ҳам фойда бўлади. Агар мен ҳарқанча селекционерлик қилиб, меҳнат қилсам ҳам, қўшниларим даласидан ёмон навларнинг чанги маккажўхоримни чанглатса, мендаги донларим ҳам майда ва сифатсиз бўлиб қолади.

Марказий Осиёдаги вазият ҳам шу маккажўхори даласига ўхшайди. Қўшниларнинг тараққиёти ва пешқадамлиги бошқа давлатлар, пировардида эса бутун минтақа тараққиёти ва хавфсизлигига хизмат қилади. Ўзбекистон раҳбари эса айни мана шу ҳақиқатни чуқур англаб етган ва уни амалга татбиқ этиб, реал натижаларга эришган сиёсий етакчи сифатида тарихга кириши муқаррар...

Абулфайз Сайидасқаров

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар