Олий Мажлис Сенати 23 октябрь куни бўлиб ўтган мажлисда Ўзбекистонда ер участкаларидан самарали фойдаланиш, соҳадаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган қонун маъқулланди. Бу ҳақда парламент юқори палатаси матбуот хизмати хабар берди. Ҳужжат имзолаш учун президентга юборилади.
Сенатор Шуҳрат Чўллиев яқинда ўзбошимчалик билан олиб қўйилган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни тан олиш тўғрисида муҳим қонун қабул қилингани ҳақида маълум қилди.
Ушбу ҳужжат аҳоли томонидан кoп йиллар давомида эгаллаб келинган, лекин кадастр ҳужжатлари мавжуд бўлмаган ер участкалари ва объектларга бўлган ҳуқуқларни тан олди.
— Бу, албатта, аҳолимизни анчадан бери қийнаётган долзарб муаммога ечим бўлади. Бироқ бу келажакда ерларни ўзбошимчалик билан тортиб олиш ва кейинчалик уларни қонунийлаштириш мақсадида уларда иншоотлар қуриш мумкин дегани эмас", — деди сенатор.
Хусусан, ер тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик чоралари кучайтирилмоқда.
Жиноят-процессуал кодексига ўзгартишлар киритилмоқда, унга кўра ер участкаларини ўзбошимчалик билан олиб қўйиш билан боғлиқ жиноятлар прокуратура ваколатига киритилади. Тизимда аллақачон ер масалалари билан шуғулланадиган тузилма мавжуд. Шу вақтгача бундай жиноятларни нафақат прокуратура, балки ички ишлар органлари ҳам тергов қилишлари мумкин эди.
Сенатор Ботир Матмуродовнинг маълум қилишича, ер участкаларига оид қонунбузарликлар Ички ишлар бошқармаси томонидан ўрганилганидан сўнг айрим ҳолларда айбдорлар жавобгарликка тортилган, бироқ рухсат этилмаган ерларни қайтариш, улардаги биноларни бузиш масалалари ҳал этилмаган. Сабаби, Ички ишлар бошқармаси ушбу масалалар бўйича судларга йиғимсиз даъво аризаларини киритиш ҳуқуқига эга эмас эди. Қолаверса, бундай ишлар бўйича субъектларнинг аксарияти давлат хизматчиларидир, шунинг учун бу ишлар прокуратура ваколатига кириши мақсадга мувофиқ, деди у.
Шуҳрат Чўллиевнинг таъкидлашича, авваллари давлат органлари жисмоний ва юридик шахслар томонидан ўзбошимчалик билан олиб қўйилган ерларни қайтариш бўйича даъво аризаси билан чиққан, бироқ бу иш судда кўриб чиқилгунга қадар ўша ер устида ноқонуний иншоотлар қуришга муваффақ бўлишган ва ҳатто улар бинони бузиш учун компенсация талаб қилишган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 июлдаги (467-сон) қарори билан тасдиқланган Ўзбошимчалик билан қурилган биноларни аниқлаш ва бузишни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ, ноқонуний иншоот аниқлангандан кейин 15 кун ихтиёрий равишда бузиш учун муддат берилади.
Ихтиёрий равишда бузиш амалга оширилмаган тақдирда, 2 кун муддатда ҳокимлик қошидаги махсус комиссияга билдиришнома тақдим этилади, комиссия эса 3 кун ичида судга даъво аризаси беради. Фуқаролик ишини суд муҳокамасига тайёрлаш учун 10 кун, уни судда кўриб чиқиш ва ҳал қилиш учун 30 кун, ҳал қилув қарори қонуний кучга кириши учун эса 20 кун талаб қилинади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, битта ноқонуний бинони бузиш тўғрисидаги қарорни Мажбурий ижро бюросига етказиш учун ўртача 80 кун (2 ой 20 кун) вақт кетади.Ушбу муддатларнинг узунлиги суд қарори қабул қилингунга қадар кейинги қурилиш учун шароит яратади. Кейинчалик, бу, ҳатто дастлабки босқичда ноқонуний қурилиш аниқланган бўлса ҳам, уни бартараф этишда қийинчиликларга олиб келади, дейилади тушунтириш хатида.
Эндиликда Иқтисодий ва Фуқаролик процессуал кодекслари ўзбошимчалик билан тортиб олинган давлат ерларини қайтариш ва улардаги биноларни бузиш ҳолатларини соддалаштирилган тартибда ва қисқа муддатларда кўриб чиқиш имконини берувчи нормалар билан тўлдирилмоқда. Судларда ортиқча қоғозбозликларнинг олдини олиш учун бундай ҳолларда аризага илова қилинадиган ҳужжатлар рўйхати алоҳида белгиланади.
Шунингдек, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фуқаролик ва иқтисодий судларга ер тўғрисидаги қонун бузилиши билан боғлиқ даъво ариза киритишда давлат божидан озод этилиши белгиланмоқда.
Муҳокама давомида Қонуннинг қабул қилиниши ер участкаларига нисбатан содир этилаётган ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш самарадорлиги ошишига, жиноятлар бўйича етказилган зарарнинг ўз вақтида ундирилишига хизмат қилиши таъкидланди.