Ислом сивилизацияси маркази ахборот хизматининг берган хабарига кўра, Италиянинг тарихий илмий-оммабоп адабиётларга ихтисослашган етакчи нашриётларидан бири "Сандро Тети Эдитори" нашриёт уйи Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома” асарини илк бор италян тилида оммавий тиражда чоп этди.
Асарни италян тилида нашр этиш жараёнларига мазкур нашриёт раҳбари Сандро Тети бошчилигидаги малакали таржимонлар, муҳаррирлар ва дизайнерларнинг катта гуруҳи жалб этилган.
Атоқли италян олими ва адиби Франко Кардини томонидан ёзилган кириш сўзида Бобур “Сўз санъатига меҳр қўйган буюк ҳукмдор ёхуд салтанатни севган буюк адиб”, деб таърифланади. Таржимон Федерико Пасторе китобга ёзган шарҳида “Бобурнома” “ўз даврининг кундалик ҳаётини қайта тиклашга имкон берадиган, ислом тамаддунига хос автобиографик асарнинг илк ростгўй намунаси” эканига алоҳида урғу беради.
“Бобурнома” италян ўқувчилари орасида тез тарқалмоқда, у аллақачон мамлакатнинг кўпгина кутубхоналари фондларидан муносиб жой эгаллади. Ўзбекистон тарихига қизиқувчилар, шунингдек, Марказий Осиё, Ҳиндистон, Покистон ва Афғонистон тарихи билан шуғулланаётган олимлар бу нашрга жиддий эътибор ва қизиқиш билдирмоқда. Менимча, бу жуда катта ютуқ — деди нашриёт раҳбари.