Йиғилишда тармоқни “мақсад – ҳаракат – натижа” тамойили асосида ривожлантириш зарурлиги таъкидланди.

Маълум қилинишича, жорий йилда кимё маҳсулотлари экспортини 720 млн долларга етказиш вазифаси қўйилган. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун азотли ўғитлар ишлаб чиқаришни 1 млн 120 минг тоннага, фосфорли ўғитларни 135 минг тоннага ва калийли ўғитларни 222 минг тоннага етказиш режалаштирилган.
Тақдимотда 9,5 млрд долларлик 133 та лойиҳа доирасида 2,5 млрд доллар инвестиция жалб қилиш, шунингдек 24 та стратегик лойиҳа орқали 7 та янги ишлаб чиқариш қувватини ишга тушириш масалалари кўриб чиқилди.

Президент айрим лойиҳаларда муддатлар чўзилаётганини танқид қилиб, уларни жадаллаштириш бўйича топшириқлар берди.
Хусусан, Қўнғирот сода заводи, Самарқандкимё, Деҳқонобод калий заводи, Аммофос-Махам, Фарғонаазот ва Навоиязотдаги лойиҳаларнинг амалга оширилиши алоҳида муҳокама қилинди.
Шунингдек, Ўзкимёсаноат тизимида рақамлаштиришни кучайтириш, ERPтизимини кенг жорий этиш ва сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш режалари кўриб чиқилди.
Ҳисоб-китобларга кўра, энергия ва хомашё сарфини камайтириш орқали маҳсулот таннархини 10–15 фоизгача пасайтириш мақсад қилинган.






