Маълумотларга кўра, АҚШнинг Иллинойс ва Индиана штатларига кучли бўрон ҳамда торнадо ёпирилган. Бу ҳақда Associated Press хабар берди.
Қайд этилишича, табиий офат айрим ҳудудларда уй-жойларга жиддий зарар етказган. Хусусан, Чикаго шаҳри жанубида фавқулодда хизматлар кўплаб қўнғироқлар туфайли кучайтирилган режимда ишламоқда. 10 март куни юз берган бўрон оқибатида ўн нафарга яқин одам жароҳат олган.
Шунингдек, кучли шамол дарахтларни қулатиб, электр узатиш линияларига зарар етказган. Лейк-Виллиж шаҳрида эса маҳаллий Family Dollar дўкони ва ёқилғи қуйиш шохобчаси вайрон бўлган.
АҚШ Миллий метеорология хизмати маълумотига кўра, Ўрта Ғарбнинг айрим ҳудудларида кучли торнадо, вайронкор шамоллар ва йирик дўл кузатилган. 11 март куни эрталаб Кентукки ва Огаё штатларининг айрим ҳудудларида ҳам торнадо хавфи ҳақида огоҳлантириш берилган.
Маҳаллий ҳукумат аҳолига яқинларидан хабар олиб туриш ҳамда зарур бўлмаса сафарга чиқмасликни тавсия қилган. Аввалроқ, 6 март куни Мичиган ва Оклахома штатларида юз берган торнадолар оқибатида олти киши ҳалок бўлганди.






