Ўзбекистоннинг Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Ойбек Шахавдинов (қароргоҳи Будапештда жойлашган) кеча Словения Президенти Наташа Пирц Мусарга ишонч ёрлиқларини топширди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА.
Расмий маросимдан сўнг бўлиб ўтган мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Словения ўртасидаги икки томонлама муносабатларни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, сиёсий, иқтисодий ва маданий соҳалардаги ҳамкорликни фаоллаштиришга қаратилган турли даражадаги икки томонлама тадбирлар жадвали кўриб чиқилди. Ҳар икки томон муносабатларни янада ривожлантириш ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёр эканлигини тасдиқлади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил октябрида Ўзбекистоннинг Словениядаги биринчи элчиси этиб тайинланган Ойбек Шахавдинов ушбу мамлакат Ташқи ишлар вазирлигига ўзининг ишонч ёрлиқлари нусхаларини топширган эди.