Филиппин жанубида содир бўлган кучли зилзила оқибатида камида 19 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Associated Press агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, 7,8 магнитудали зилзиланинг эпицентри Минданао ороли соҳиллари яқинида, Генерал-Сантос шаҳри атрофида жойлашган. Асосий силкинишдан кейин бир нечта кучли афтершоклар ҳам қайд этилган бўлиб, улардан бирининг магнитудаси 6,7 ни ташкил этган.
Маҳаллий ҳокимият маълумотларига кўра, ҳалок бўлганларнинг аксарияти бинолар қулаши, кўчкилар ва вайроналар остида қолиши оқибатида ҳаётдан кўз юмган. Табиий офат натижасида 200 нафардан ортиқ киши жароҳат олган.
Зилзила оқибатида қатор ҳудудларда тураржой бинолари, мактаблар, автомобиль йўллари ва бошқа инфратузилма объектларига жиддий зарар етган. Шунингдек, электр таъминотида узилишлар кузатилган.
Табиий офатдан сўнг Филиппиннинг соҳилбўйи ҳудудлари ҳамда қўшни давлатлар учун цунами хавфи эълон қилинган. Кейинчалик мутахассислар томонидан мазкур огоҳлантириш бекор қилинган.
Филиппин Президенти Фердинанд Ромуальдес Маркос кичик жабрланган ҳудудларда таълим жараёнини вақтинча тўхтатиш ва оқибатларни бартараф этиш ишларига қўшимча куч ҳамда воситаларни жалб қилиш бўйича топшириқ берган.
Айни пайтда қутқарув хизматлари вайроналарни тозалаш ва эҳтимолий жабрланганларни қидириш ишларини давом эттирмоқда.
Маълумот учун, Филиппин тарихидаги энг ҳалокатли зилзилалардан бири 1976 йил 17 август куни Моро қўлтиғида содир бўлган. Магнитудаси 7,9–8,1 бўлган ушбу зилзила ва ундан кейин юзага келган цунами оқибатида тахминан 5 мингдан 8 минг нафаргача инсон ҳалок бўлган.






