Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Ички ишлар ва Божхона органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирлар давомида 6 мингдан ортиқ кучли таъсир қилувчи дори воситалари мусодара қилинди. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, кейинги вақтларда анъанавий гиёҳванд моддаларга нисбатан арзонроқ бўлган синтетик наркотиклар ва кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний муомаласи ортиб бормоқда. Ушбу воситалар асосан қўшни давлатлардан ноқонуний йўллар орқали олиб кирилиб, яширин тарзда сотилаётгани қайд этилган.
Тезкор тадбирлардан бири давомида Фарғона шаҳрида яшовчи, 1974 йилда туғилган фуқаро келгусида сотиш мақсадида ўз уйида 3580 дона "Регапен" кучли таъсир қилувчи дори воситасини сақлаётгани аниқланган. Мазкур дори воситалари ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.
Шунингдек, Қўқон шаҳрида яшовчи, 1990 йилда туғилган шахс бошқарувидаги "Ласетти" русумли автомобиль "Қўқон—Тошкент" йўналишида ҳаракатланаётган вақтида тўхтатиб текширилган. Текширув жараёнида транспорт воситаси салонига яширилган 2520 дона «Регапен» дори воситаси аниқланган.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввал Андижон шаҳрида ноқонуний фаолият юритган дори воситалари ишлаб чиқариш цехи фош этилгани ҳақида хабар берилган эди.






