Андижон вилоятида вояга етмаган қиз билан жинсий алоқа қилганликда гумонланаётган ИИБ ходими қамоққа олинди. Бу ҳақда вилоят прокуратураси маълум қилди.
Қайд этилишича, 2010 йилда туғилган қиз жорий йилнинг 3 июнь куни уйидан чиқиб кетиб, қайтиб келмаган. Ҳолат юзасидан Қўрғонтепа туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилган.
Текширув давомида Андижон вилояти ИИБ вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида инспектор-ижтимоий ходим бўлиб ишлаган С.Б. вояга етмаган қизни Андижон шаҳридаги хонадонлардан бирига олиб бориб, у билан жинсий алоқа қилгани аниқланган.
Шундан сўнг унга нисбатан Жиноят кодексининг 128-моддаси 3-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилди. Суд қарори билан гумонланувчига нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланди.
Прокуратура маълумотига кўра, ҳозирда иш бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Тергов жараёни вилоят прокуратураси назоратига олинган.
Жамоатчилик фаоли Абдураҳмон Ташановнинг билдиришича, ушбу шахс 2004 йил Афина Олимпиадасида бокс бўйича бронза медали соҳиби бўлган таниқли спортчи ҳисобланади.
Аввалроқ, Наманган вилоятида ҳам ўқитувчи вояга етмаган қизга нисбатан жинсий зўравонлик қилганликда гумонланаётгани ҳақида хабар берилган эди.






