Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда уч йигит ҳомиладор аёлга шилқимлик қилди сарлавҳаси остида видео тарқалган эди. Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ Матбуот хизмати маълумот берди.
Маълум бўлишича, ҳолат Яшнобод туманида содир бўлган. Уч нафар эркак спиртли ичимлик таъсирида йўлда кетаётган аёлга туртилиб кетган. Аёл билдирилган эътирозига нисбатан, унинг ҳомиладорлигига ҳам қарамай, ҳақорат қила бошлаган.
“Тахминан сота 20:45 лар атрофида атрофида ишдан уйга қайтаётганимда уч нафар менга нотаниш фуқаро менга тегажоғлик қилишди. Менимча, учаласи ҳам аслида спиртли ичимлик ичиб олишган экан. Улар менга гап отишди ва қўл ҳаракатлари билан тегажоғлик қилишди. Бунақа қилмаслик кераклигини айтганимда, жараён бироз муаммоли ҳолатга келди. Лекин бугунги кунда Ўзбекистонда қонун кучи жуда ҳам устувор ва айниқса аёлларнинг ҳуқуқлари жуда ҳимоя қилинмоқда.
Яшнобод тумани ички ишлар бўлимига алоҳида ташаккуримни билдираман, зеро вазиятни тўғри баҳолашди. Улар безорилик қилган, менга нотаниш бўлган, ёши 30-40 лар оралиғидаги эркакларни топиб келишди ва керакли чораларни кўришди. Бунинг учун яна бир бор ички ишлар бўлимига миннатдорлигимни билдираман", - дейди аёл.
Спиртли ичимлик таъсирида ўзларининг ҳаракатларини оддий ҳол деб ҳис этган ҳуқуқбузарлар қонун олдида жавоб беришига тўғри келган вақтда ўз қилмишларига афсусланишди.
“Кафедан чиқдик, шерикларим билан йўлимизда кетаётган эдик, йўлдан бу аёл чиқиб қолди. Билмасдан туртилиб кетдим, спиртли ичимлик таъсирида эдим. Қилган ишимдан, гапирган гапларимга афсусдаман. Узр сўрайман, бундай ҳолатни такрорламайман", - дейди ҳуқуқбузар эркаклардан бири.
"Ўртоқларим билан чиқаётгандим, аёл билан келишмовчилик келиб чиқди. Унга қўпол гапириб юбордим. Ундан узр сўрайман. Бошқа такрорламайман", - дейди иккинчи ҳуқуқбузар.
Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Яшнобод тумани судида уч нафар ҳуқуқбузарга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) билан суд қарори қабул қилинди.
Ҳуқуқбузарликни содир этганликлари айби исботланди ва уларни 10 кун муддатга маъмурий қамоқ жазосига тортиш белгиланди.