Ромитан тумани ҳокими ўринбосари фирибгарликда айбланяпти. Айблов ҳужжати суд мажлислари порталида эълон қилинди.
2024 йил мартидан бери Ромитан тумани ҳокимининг инновацион ривожланиш масалалари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келган Азиз Бобоев жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин. У акаси билан бирга фирибгарлик ҳамда ҳужжатларни қалбакилаштиришга оид ишда судланмоқда.
Жиноят ишлари бўйича Ромитан туман судида 2025 йилнинг 7 январ куни Бобоев Азиз Хожиқурбонович ҳамда Бобоев Лазиз Хожиқурбоновичга доир жиноят иши кўриб чиқилади. Судланувчиларга Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 3-қисми “б, в” бандлари, 228-моддаси (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш), 2-қисми “а, б” бандлари ҳамда 3-қисми билан айб эълон қилинган. 3 нафар фуқаро жабрланувчи сифатида кўрсатилган.
Эслатиб ўтамиз, Бобоев Азиз Хожиқурбонович 1988 йилда Ромитан туманида туғилган. 2011-2022 йилларда “Микрокредитбанк”нинг Ромитан туман филиалида турли лавозимларда фаолият юритган.