Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги тасарруфидаги Деҳқонобод давлат ўрмон хўжалиги Дуоб ўрмон бўлими ҳудудида жами 104 дона Зарафшон арча дарахтлари таг қисмидан кесилганлиги ва ўсишдан тўхтамас даражасида шикастлантирилганлиги аниқланди.
Шунингдек, Дуоб ўрмон бўлими бошлиғи вазифасида ишлаган З.Б. ҳамда 4 сарҳад ўрмон қўриқчиси вазифасида ишлаган Ҳ.Э.га ўз лавозим вазифасига лоқайдлик билан қараганлиги учун маъмурий жарима қўлланилган.
Бундан ташқари, шу ҳудудда Зарафшон арча дарахтларининг 38 донаси номаълум шахслар томонидан таг қисмидан ва ён шохлари кесилганлиги аниқланиб, ўрмон қўриқчиси Ҳ.Э.га такрорий маъмурий жарима қўлланилиб, ўрмон хўжалигига 94 миллион 387 минг 500 сўм зарар етказилганлиги ҳисобланган ва Фуқаролик ишлари бўйича Ғузор туманлараро судига даъво ариза киритилган.Бундан ташқари, Дуоб ўрмон бўлими 3 сарҳад ҳудудида ҳам номаълум шахслар томонидан ноқонуний равишда 6 дона Зарафшон арча дарахтлари ўсишдан тўхташ даражасида таг қисмидан ва ўсишдан тўхтамаслик даражасида кесиб кетилганлиги аниқланган. Ҳудуд ўрмон қўриқчиси Р.Б.га нисбатан маъмурий чора қўлланилиб, ўрмон хўжалигига етказилган 41 миллион 400 минг сўм зарар етказганлиги маълум бўлган ва ҳужжатлар судга юборилган.
Қолаверса, айнан мазкур ҳудудда фуқаро Ҳ.А. томонидан 8 дона (зарар миқдори 25 миллион 387 минг 500 сўм) Зарафшон арчаси таг қисмидан ва ён шохлари кесилаётганлиги аниқланган ва маъмурий жарима қўлланилиб, ҳужжатлар Фуқаролик ишлари бўйича Ғузор туманлараро судига юборилган.Шу билан бирга, номаълум шахслар томонидан ноқонуний равишда 49 дона Зарафшон арча дарахти ўсишдан тўхташ даражасида таг қисмидан ва ён шохлари ўсишдан тўхтамаслик даражасида кесиб кетилган. Натижада ўрмон хўжалигига 176 миллион 587 минг 500 сўм зарар етказилган ва зарарни ундириш учун ҳужжатлар Деҳқонобод туман прокуратурасига ўтказилган.
Дуоб ўрмон бўлими ҳудудида жами 104 дона Зарафшон арча дарахти таг қисмидан кесилган ва ўсишдан тўхтамас даражада шикастлантирилган.Ҳолатлар юзасидан ўз вазифасига совуққонлик билан ёндашган маъсул шахсларга, ҳуқуқбузарларга нисбатан чора белгилаш масалалари кўриб чиқилмоқда.