Бугун Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов Sila Sveta асосчиларидан бири Александр Ус билан учрашди. Учрашувда шунингдек, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов, Алоҳида муҳим ижтимоий, маданий ва тарихий аҳамиятга эга бўлган объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш дирекцияси раҳбари Рустам Шоабдураҳмонов, Sila Sveta вакиллари Артем Рыбалко, Томас Мюллер иштирок этди.
Компания томонидан музей экспозицияларини замонавий технологиялар ёрдамида бойитишга бағишланган тақдимот ўтказилди. Унда компания вакиллари ўз лойиҳаларини намойиш этиб, экспозицияларни янада жонли, интерактив ва таъсирчан қилиш бўйича янги ғояларни илгари сурдилар. Тақдимотда марказдаги маълумотларни замонавий ёндошувлар орқали ифодалаш, виртуал реаллик ва мультимедиа ечимларидан фойдаланиш бўйича таклифлар билдирилди.
Компания вакиллари Ислом цивилизацияси меросини илмий ва эстетик жиҳатдан мукаммал акс эттиришда технологиялар муҳим ўрин тутишига эътибор қаратдилар. Бундай ёндашув ташриф буюрувчиларга тарихий маълумотларни нафақат кўриш, балки интерактив тарзда ҳис қилиш имкониятини ҳам беради. Шунингдек, тақдимот давомида музей концепциясини ривожлантиришга оид қатор фикрлар билдирилиб, халқаро тажрибалардан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.
Компания мутахассиси Томас Мюллер тақдимот доирасида марказ музейи учун амалга оширилаётган ишлар ҳақида шундай фикр билдирди:
“Ислом цивилизацияси маркази маданият ва илм-фанга бағишланган. Тарихий артефактларни оригинал кўринишида намойиш этишнинг доим ҳам имкони бўлмайди. Лекин биз замонавий технологиялар ёрдамида реалистик намойиш усулларини тақдим этамиз. Масалан, бу ерда сиз бенуқсон пикселли рассомлик намуналарини кўришингиз мумкин, улар жуда табиий кўринади ва ташриф буюрувчилар эътиборини тортишига ишончимиз комил. Бугунги кунда диққатни сақлаб қолиш муддати жуда қисқа, шу боис, биз контентни қизиқарлироқ қилиб тақдим этишни кўзлаяпмиз. Менга шахсан қўлёзма қоғоз ёзувларига асосланган дисплей технологияси жуда ёқди. У махсус ёритиш талаб этадиган ҳақиқий суратлар каби кўринади ва қизиқарли томони бу каби технология Лувр музейида ҳам қўлланилади”.
Ислом цивилизацияси маркази учун мазкур ҳамкорлик келажакдаги муҳим қадамлардан бири ҳисобланади. Чунки музейнинг маданий ва таълимий аҳамиятини оширишда инновацион ечимлар, рақамли технологиялар ва мультимедиа элементларидан фойдаланиш уни нафақат илмий, балки жаҳон ҳамжамияти учун ўзига хос манбага айлантириши мумкин.
Шунингдек, компания асосчиларидан бири Александр Ус ҳам ушбу лойиҳа ҳақида тўхталиб ўтди:
"Ушбу дастурдаги энг муҳим вазифамиз – замонавий технологиялардан фойдаланиш, лекин нозик дид билан, чунки Ислом цивилизацияси маркази – маданият, тарих ва дин ҳақида сўзловчи тарихий бино. Шунинг учун биз бу технологияларни мулоҳазали тарзда жорий этиш ва ахборотни янги услубда етказишни мақсад қилганмиз.
Менга шахсан шаффоф экранлар жуда катта таассурот қолдирди. Бу ҳақиқий инновация – тасвир ҳавода осилиб тургандек кўринади ва у билан интерактив равишда ишлаш мумкин. Экран сенсорли бўлиб, смартфон дисплейи каби ҳаракатга жавоб беради. Унинг улкан ҳажми ва тасвир сифати ҳақиқатан ҳам ҳайратланарли!"
Sila Sveta – 2007 йилда ташкил этилган халқаро продакшн студияси бўлиб, санъат ва технология уйғунлиги орқали инновацион ечимлар яратиш билан шуғулланади. Компания музей экспозициялари, кўргазмалар, шоу режиссураси ва саҳна дизайни бўйича жаҳон миқёсида кўплаб йирик лойиҳаларни амалга оширган. Sila Sveta ўз фаолиятида интерактив визуал ечимлар, нур ва проекция технологияларидан фойдаланиб, тарих ва маданиятни замонавий ёндошувлар орқали намойиш этишда катта тажрибага эга.