Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов бошчилигидаги делегация аъзоларининг Италия бўйлаб хизмат сафари бўлиб ўтмоқда. Мамлакатнинг бир катор шаҳарларидаги музей ва кутубхоналардан Ўзбекистон маданий меросига оид нодир дурдоналар ўрганилмоқда.

Қорахонийлар даврига оид кумуш идиш топилди

Хайъат вакиллари Рим шаҳридаги Аарон хусусий коллекциясига боришди. Мазкур коллекцияга ўтган асрнинг 70 йилларида таниқли коллекционер Армандо Таглиокоццо томонидан асос солинган бўлиб, у Мусулмон Шарқига тегишли бўлган халқ амалий санъати намуналарини ўз ичига олади.

“Коллекциямизда ҳозирги Эрон, Ҳиндистон, Яқин Шарқ, Кавказ ва Марказий Осиёга тегишли бўлган 100 дан ортиқ нодир экспонатлар сақланади, - дейди Аарон коллекцияси куратори Вероника Пристини. - Улар орасида бевосита Ўзбекистогн маданий меросига алоқадор бўлган бир қатор тарихий буюмлар ҳам бор ва улар коллекциямизнинг энг нодир экспонатлари қаторидан жой олган”.

Мазкур коллекцияда XI аср ўрталарида ҳозирги Кармана ҳудудларида, Қорахонийлар даврига тегишли бўлган кумуш идиш ҳам сақланади. Мазкур идиш гардишида араб тилида куфий хатида “ушбу мулк мўъминлар амирининг яқин дўсти Тўғрул Қорахоқонга тегишли” деган мазмундаги битиклар ўйиб ёзилган. Шунингдек, коллекциядан сомонийлар даврида мансуб бўлган минг йиллик сопол буюмлар, Хоразмшоҳлар даврида ишланган олтин лаган ва бошқа ашёлар сақланмоқда

Ибн Синонинг Болоньядаги "излари"

13 февраль куни делегация вакиллари Болонья университети кутубхонасида бўлиб, бу ердаги нодир қўлёзмалар билан танишдилар. Делегация аъзоларини Болонья университети кутубхонаси президенти, профессор Франческо Читти, бош координатор Мариа Торричелли, нодир манбалар бўлими бошлиғи Жованна Фламма ва бошқа мутахассислар кутиб олишди.

Болонья шаҳрида 1088 йилда очилган бу олий таълим даргоҳи дунёдагм энг қадимий университет ҳисобланади. Унинг кутубхонаси ҳам салкам 300 йиллик тарихга эга. Улар орасида Шарқ китобат санъатига тегишли бўлган кўплаб араб ва форс тилларидаги манбалар, хусусан 200 га яқин туркий тилдаги қўлёзмалар ҳам сақланади.

Кутубхона мутасаддилари билан учрашув пайтида Делегация аъзолари кейинги йилларда мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан маданий меросимизни ўрганиш ва асраш, Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан буюк алломалар ҳаёти ва фаолиятини тарғиб қилиш борасида амалга оширилаётган кенг қамровли ишлар ҳақида маълумот берди.

Кутубхонада буюк аллома Абу Али ибн Сино қаламига мансуб “Тиб қонунлари” асарининг иккита қадимий қўлёзмаси сақланади. Мазкур қўлёзмалар XIV-XVасрларда кўчирилган. Шунингдек, қўлёзмаларга моҳир рассомлар томонидан бир қанча миниатюралар ишланган. Қўлёзмаларда Франция Миллий кутубхонаси муҳрини ҳам кўриш мумкин.

“Бир пайтлар бу китоблар Франция императори Наполеон Бонапарт томонидан Парижга олиб кетилган, - деди кутубхонанинг нодир манбалар бўлими бошлиғи Жованна Фламма. - 1885 йилда италиялик маърифатпарварларнинг саъй ҳаракатлари натижасида бу дурдоналар яна Болоньяга олиб келинган. Бу эса Европада Ибн Сино асарлари қанчалик қадр-қимматга, муҳим аҳамиятга эга бўлганини кўрсатади.

Ибн Синонинг ушбу асари Европада китоб нашр қилиш технологияси пайдо бўлганидан сўнг “Инжил”дан кейин нашр қилинган иккинчи манба ҳисобланади. Айнан шу асарнинг Европа тилларига таржима қилиниши ва кўплаб нусхаларда нашр қилиниши кейинчалик Кўҳнга қитъада вабо, ўлат сингари мудҳиш эпидемияларга қарши курашда қўл келган, минглаб инсонлар ҳаёти сақлаб қолинган.

Уффицидаги Амир Темур тасвири

Кутубхонада XVII аср бошларида кўчирилган, Абдураҳмон ас-Суфийнинг “Китаби сиварил кавокиб ас-сабита” (Қўзғалмас юлдузлар тасвирлари ҳақидаги китоб) асари нусхаси сақланади. Маълумки бу асар ас-Суфий томонидан Х асрда, Сомонийлар даврида яратилган бўлиб, Мирзо Улуғбек топшириғига асосан 1434 йилда Самарқандда қайта кўчирилган.

Тадбир давомида мазкур кутубхона фондидаги нодир манбалар, ушбу маърифат масканининг халқаро алоқалари ҳақида сўз юритилди. Келгусида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ходимларини ушбу қўлёзмаларни чуқурроқ ўрганиш учун юборишга келишиб олинди.

Шу куннинг ўзида делегациямиз вакиллари Флоренция шаҳридаги Уффици галереясида бўлиб, бу ерда сақланаётган санъат дурдоналари билан танишишди. 1581 йилда очилган ушбу галерея Италиядаги энг йирик санъат музейи номини олган. Бу ерда Леонардо да Винчи, Микеланжело сингари буюк рассомларнинг бебаҳо асарлари сақланади. Мазкур санъат асарлари орасида Соҳибқирон Амир Темур қиёфаси акс этган тарихий портрет борлиги ҳайъат вакилларининг эътиборини тортди.

Ватикан кутубхонасидаги хазиналар

14 февраль куни делегация аъзолари Ватикан Аполстол кутубхонасига ташриф буюришди. Мазкур кутубхонага 1447 йилда Рим Папаси Николай V томонидан асос солинган бўлиб, унинг фонди 1 500 000 дан ортиқ босма ва ёзма асарларни ўз ичига олади. Бу ерда шунингдек, 50 мингдан ортиқ лотин, грек, араб, форс, грузин, яҳудий ва туркий тиллардаги қўлёзмалар сақланади.

Ўзбекистонлик меҳмонларни Ватикан давлати Кутубхона ва архив ишлари бошқармаси раҳбари Дон Ангело Зани, Апостол кутубхонаси бошлиғи Мауро Мантовани, кутубхона раҳбари ўринбосари Тимоти Янц ва бошқалар кутиб олишди.

Учрашув чоғида Ватикан давлати тарихи, кутубхона фонди ва ундаги нодир манбалар, кутубхонада олиб борилаётган тадқиқотлар ҳақида сўзлаб берилди.

Делегация аъзолари Марказ фаолияти ҳақида тўхталиб, бу муассаса Ўзбекистон Республикаси Президентининг ғояси асосида бунёд этилаётганини қайд этди. Шундан сўнг кутубхона мутасаддилари ўзбекистонлик меҳмонларни кутубхона фондидаги нодир манбалар, қўлёзмалар, хариталар ва ҳужжатлар билан таништиришди. Келгусида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан келишиб олинди.

Цезарь ватанида Бобур ёди

Заҳириддин Муҳаммад Бобур қаламига мансуб “Бобурнома” асарининг итальян тилидаги нашри тақдимотига бағишланган тадбирлар Рим шаҳрида ҳам давом этди. Шундай тадбирлардан бири Карло Наллино номидаги Шарқшунослик институтида ўтказилди.

Тадбирда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов, Ўзбекистоннинг Италиядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Абат Файзуллаев, Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти Баҳром Абдуҳалимов, Италия шарқшунослик институти Президенти профессор Клаудио Ло Жаконо, шарқшунос олим, профессор Миколо Бернардини, Sandro Teti Editore нашриёти раҳбари Сандро Тети, Сапиенза университети профессори Фабио Грасси ва бошқалар сўзга чиқиб, “Бобурнома”нинг нашр этилиши ва икки давлат ўртасидаги адабий, маърифий алоқаларнинг ўрни ҳақида гапирди. 

 Тадбирда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори  бугун Янги Ўзбекистонда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан маданий меросни асраб-авайлашга ва тарғиб этишга катта эьтибор қаратилаётганини таъкидлаб, яратилган шарт-шароитлар ва бугунги тадбир учун давлат раҳбарига иштирокчилар номидан миннатдорлик билдирди.

 Италиядаги музей ва кутубхоналарда ўтган учрашувлар чоғида Ўзбекистондаги Ислом цивилизациси марказининг жорий йилда ўтказилиши кўзда тутилган очилиш маросимида ушбу нодир қўлёзмалар ва тарихий дурдоналар кўргазмасини ташкил этиш бўйича келишиб олинди.