Сурхондарё QurilishInvest ДМ буюртмаси асосида ўтказилган давлат харидини Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ўрганиш жараёнида қонунбузарлик ҳолати аниқланди.
Хусусан, давлат муассасаси томонидан Бойсун туманидаги “Хонғоронсой” сел сув омборидан насос станцияси ва сув узатиш қувурларини қуриш орқали экин майдонларининг сув таъминотини яхшилаш бўйича бошланғич қиймати 38,5 млрд сўм бўлган тендер эълон қилинган.
Харид комиссияси баённомасига кўра, мазкур давлат харидида 36,5 млрд сўмлик таклиф билан “Д.Й.Т.” МЧЖ ғолиб, 38,5 млрд сўмлик таклиф билан “М.И.Т.” ХК захирадаги ғолиб деб топилган.
Аниқланишича, тендернинг яна бир иштирокчиси — “Ф.” МЧЖнинг солиқ ҳисоб варағига ноқонуний аралашув орқали солиқдан қарздорлик мавжудлиги ҳақида сохта маълумот киритилган.
Натижада жамият “Шаффоф қурилиш” махсус ахборот платформаси орқали тендер жараёнидан асоссиз равишда четлатилган.
Агентлик томонидан кўрилган чоралар натижасида мазкур хариднинг бекор қилиниши таъминланди.
Шунингдек, ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар асосида ҳозирда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан тегишли ҳуқуқий баҳо берилмоқда.
Коррупция ҳолатига дуч келган фуқаролар, агентликнинг “Колл-маркази” – 1253 орқали мурожаат қилиши мумкин.






