1

“Қуёнлаб” ва “бўританглай” болакайлар... Лаб ва танглай нуқсонининг давоси бор!

САЛОМАТЛИК 13.12.2016, 10:28
Теглар: Саломатлик, Касаллик, Бола, Она ва бола, SUGDIYONA, Жарроҳлик
“Қуёнлаб” ва “бўританглай” болакайлар... Лаб ва танглай нуқсонининг давоси бор!

Ота-онанинг бирдан-бир тилаги туғилажак фарзанди соғ-омон дунёга келишидир. Афсуски, баъзан ниятларимиз биз истагандек ижобат бўлмай ҳам қолади. Ва ҳомилада туғма нуқсон бор, деган ташхисни эшитамиз... Авваллари, бундай вазиятда  “Энди нима бўлади?”, “Одамлар нима дейди?”, деган таҳликалар пайдо бўларди. Эндиликда эса мамлакатимиз шифо масканларида кўпгина нуқсонлар самарали даволаниб, пластик жарроҳлик йўли билан бартараф этилмоқда. Бу борада тиббиёт фанлари доктори, юз-жағ соҳаси пластик жарроҳи – Адҳам Ҳасанов батафсил маълумот беради.

 

– Адҳам Иброҳимович, маълумки, ота-она туғилажак фарзандида туғма нуқсон борлигини эшитгани ҳамон, энг аввало, “Нега шундай бўлди?”, деган саволни беради. Шу маънода билмоқчимиз, “бўританглай” ва “қуёнлаб”лик каби нуқсонларнинг келиб чиқишига нималарни сабаб, дейиш мумкин?

— Бу нуқсонлар илмий тилда юқори лаб ва танглай кемтиклиги, дейилади. Унинг юзага келиши сабаблари эса жуда кўп. Болада бу турдаги кемтикликлар она қорнидаги даврнинг биринчи уч ойлигида шаклланади. Ҳомиладор аёлнинг биринчи уч ойликда юқумли хасталиклар билан оғриши, ўз вақтида даволанмаслиги, турли дори препаратларини шифокор кўрсатмасисиз қабул қилиши, ҳомиладорликдаги ҳамроҳ касалликлар, жумладан, камқонликда туғма нуқсон юзага келиши мумкин. Шунингдек, яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ, аёл ёки эркакнинг кимё саноатида фаолият юритиб, техника хавфсизлиги қоидаларига риоя этмаслиги, фарзанд кўришни нотўғри режалаштириш сингари омилларнинг ҳам жиддий таъсири бор. Лўнда айтганда, боланинг туғма нуқсон билан дунёга келмаслиги отанинг ҳам, онанинг ҳам соғлом ҳаёт кечиришига бирдек боғлиқ.

— Туғма нуқсонларни ҳомиладорлик даврида аниқлаш мумкинми?

— Ҳомиладорликнинг 14-16 ҳафталарида ўтказиладиган ультратовуш текшируви  туғма нуқсонларни аниқлаб беради. Хусусан, лаб ва танглай кемтикларини ҳам шу даврда билиш имкони мавжуд. Агар туғилажак болада камчилик аниқланса, аёл туғруққа қадар ниҳоятда яхши парвариш қилиниши лозим. Шунингдек, камқонлик, инфекцион касалликлар, овқат ҳазм қилиш тизимининг бузилиши, юқори нафас йўллари шамоллашига йўл қўйилмаса, кемтик ривожланишини тўхтатишга муваффақ бўлиш мумкин.

– Эшитишимча, жаҳон бўйича ўрта ҳисобда ҳар минг нафар чақалоқнинг бири туғма нуқсон билан дунёга келар экан.  Сизнингча, бу тўғрими?

— Аввало, нуқсонлар ҳақида гапирилганида уларнинг туғма ва орттирилган турлари борлигини айтиш жоиз. Ҳақиқатан, дунё бўйича ўрта ҳисобда 1000 нафар чақалоқдан бирида  туғма нуқсон аниқланади. Баъзи мамлакатларда бу кўрсаткич 1200 нафарга, айримларида  эса 700 чақалоққа тўғри келади. Шулар орасида кўп учрайдигани юқори лаб ва танглай кемтикларидир. Ўз навбатида, ушбу нуқсонлар ҳам бир неча турга бўлинади. Хусусан, юқори лаб кемтиклари икки томонлама ёки бир томонлама бўлиши мумкин. Танглай кемтиклари эса чегараланган – юқори лаб кемтиги билан туташган, яъни кесиб ўтувчи бўлади. Кесиб ўтувчи шаклнинг ҳам бир томонлама ва икки томонлама турлари бор.

– Уларни даволаш чоралари қандай? Биласиз, кўпчиликни айни амалиётдан кейинги ҳолат қизиқтиради.

— Туғма нуқсоннинг тури ва шаклига қараб, жарроҳлик амалиёти ўтказиладиган муддатлар белгиланади. Туғма нуқсон билан дунёга келган чақалоқ амалиётга қадар ортодон, педиатр ва юз-жағ жарроҳи кузатувида бўлади. Мисол учун, юқори лаб кемтиклигининг бир томонлама чегараланган нуқсони билан туғилган болаларда жарроҳлик амалиёти олти ойликдан кейин ўтказилади. Чунки чақалоқ ҳаётининг олтинчи ойига келиб, бирламчи юқори лаб мушаклари ва лимфа тизимлари шаклланишининг бирламчи босқичи тугайди. Юмшоқ танглай кемтикларида 1-1,5 ёшда, қаттиқ танглай кемтигида эса юқори жағдаги барча тишлар чиқиб бўлгач, 2-3 ёшларда амалиёт ўтказилади.

– Бир марталик жарроҳлик амалиётидан сўнг такрорий муолажа талаб қилинмайдими?

– Лаб, юмшоқ ва қаттиқ танглайдаги хасталикларда жарроҳлик амалиёти фақат бир маротаба ўтказилади. Шундан сўнг боланинг 8-9 ёшида тиш қаторлари меъёрий ҳолатга келиши мумкин. Дастлабки амалиётдан сўнг бемор ортодонтик даво олиши ҳамда логопед, педиатр шифокорнинг мунтазам кўригида бўлиши лозим. Бола улғайгач, бурун қанотининг шакл бузилиши юзага келса, ринопластика амалиёти ўтказилади. Айрим пайтларда боланинг 6-10 ойлигида ўтказилган амалиётдан сўнг у 6-7 ёшга етгач, лабда озроқ шакл бузилиши юзага келиши мумкин. Бундай ҳолларда лабни коррекциялаш, яъни кичик нуқсонларни тузатиш  амалиёти бажарилади.

– Биринчи фарзанди лаб ёки танглай кемтиклиги билан туғилган она кейинги ҳомилада бу ҳолат такрорланишидан қўрқмаса ҳам бўладими?

– Касаллик генетик, яъни наслдан-наслга ўтадиган белгиларига кўра, суяк суриши мумкин. Аммо бу билан тўнғич фарзанддаги  туғма нуқсон кейингисида ҳам такрорланади, деган қатъий хулосага келиш нотўғри. Агар аёл ҳомиладорликни режалаштирмоқчи бўлса, барча зарур тиббий текширувлардан ўтиши керак. Бўлажак ота-она соғлом эканлигига ишонч ҳосил қилиб, сўнг зурриёд қолдиришни режалаштирса, бундай хавфнинг олдини олган бўлади. Кўпчиликка эриш туюлиши мумкин, аммо эр-хотиннинг қовушиш пайтида нечоғли соғлом ва эс-ҳуши жойида эканлиги бу борада катта аҳамиятга эга. Яъни, эркак спиртли ичимликлар ичмаган, эр-хотиннинг иккиси ҳам қовушиш пайти бирор касаллик билан оғриган (ёки унга қарши даволанаётган) бўлмаслиги керак. Ҳатто ички касалликларни даволаш учун қабул қилинаётган дори-дармонлар таъсирида ҳам ҳомила бирор нуқсон ёки касаллик орттириб олиши мумкин. Мухтасар айтганда, туғилажак фарзанднинг саломатлиги ота-онага ҳар жиҳатдан боғлиқдир.

Дилдора Юсуфбекова суҳбатлашди.

 

Шарҳлар

Буйрак хасталиклари кимларда кўпроқ учрайди? Шифокор жавоб берди

06.08.2021, 17:47

CCВ Матбуот хизмати буйрак етишмовчилиги қандай хасталик экани ва уни бартараф этишда мамлакатимиз тиббиёти нималарга қодирлиги ҳақида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бўлим раҳбари,...
ЮТИНГАНДА ҚУЛОҚ ОҒРИҒИ?!

26.12.2017, 13:12

— Уч яшар ўғлим овқат чайнаб ютаётганида қулоғини ушлаб, оғриётганини айтди. Шифокорга кўрсатсам, отит деб ташхис қўйди. Бу қандай касаллик? Уни уйда даволаса бўладими? Назира...
ДИАТЕЗ ҚАЙТАЛАМАСИН ДЕСАНГИЗ…

26.12.2017, 13:08

— Эмизикли чақалоғим экссудатив диатез касаллиги билан оғриганди. Ҳозир соғайган бўлса-да, айрим таомларни истеъмол қилганимда унинг баданида қизғиш доғлар пайдо бўлади. Гўдакда диатез қайталамаслиги учун...
ФАРЗАНДИНГИЗНИ МАКТАБ КАСАЛЛИКЛАРИДА АСРАНГ!

26.12.2017, 11:36

Узоқни кўра олмаслик;сколиоз (умуртқа поғонасининг қийшайиши);гастрит;руҳий-асаб тизими бузилишлари кабиларни мактаб касалликлари сирасига киритиш мумкин. Статистикага кўра, ҳар беш боланинг бири умуртқа поғонаси муаммоларидан қийналса, ҳар...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1