Навоий шаҳрида таомномани давлат тилида тақдим этмаган умумий овқатланиш корхонасига тегишли таъсир чораси қўлланди. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хабар берди.
Фуқаро Э.Н. Navoiy-saxovat manzili МЧЖга тегишли ресторанда истеъмолчилар ҳуқуқларини чеклаш ҳолатлари мавжудлиги сабабли тегишли чора кўриш юзасидан Рақобат қўмитасининг Навоий вилояти ҳудудий бошқармасига мурожаат қилган.
Ҳудудий бошқарма томонидан ўтказилган ўрганиш давомида истеъмолчилар учун жамиятнинг тўлиқ номи ва солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР) ҳамда ушбу маълумотларни сканерлаш имконини берувчи махсус QR-код, иш режими тўғрисидаги маълумотлар ва маҳсулотларда нархномалар қўйилмагани аниқланган.
Шунингдек, маҳсулотларининг тайёр таомлари тўғрисидаги маълумотлар истеъмолчига давлат тилида тақдим этилмагани қайд этилган.
Юқоридагиларга кўра, ресторанга нисбатан иш қўзғатилиб, қонунбузилиши ҳолатини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилган.
Ресторан "Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонуни ҳамда "Ўзбекистон Республикасида умумий овқатланиш маҳсулотларини (хизматларни) ишлаб чиқариш ва сотиш қоидалари" талабларини бузган.
Бундан ташқари, ресторан масъулига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, тегишли суд органига юборилган.