Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси ходимлари томонидан Тошкент шаҳридаги алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналарда учрашувлар ўтказилди. Бу ҳақда инспекция матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Маълум қилинишича, учрашувда тадбиркорларга алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш соҳасида янги қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти тушунтирилди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 20 февралда қабул қилинган “Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-1034-сон Қонуни ҳақида батафсил тушунтиришлар берилди.
Қонунга биноан истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқаришга, шунингдек алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдосига доир фаолиятга берилган лицензия учун навбатдаги йиллик тўлов лицензиядан фойдаланишнинг кейинги йили бошланишидан камида 30 кун олдин тўланиши, кейинги тўлов белгиланган муддатда тўланмаган тақдирда, лицензиянинг амал қилиши тўхтатиб туриш бўйича норма киритилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 29 январда қабул қилинган истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқариш, идишларга қуйиш, сақлаш ва улгуржи сотишни ҳисобга олиш ҳамда назорат қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақидаги 45-сон қарорига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.
Мазкур қарор билан ишлаб чиқарилган истеъмол ва техник этил спирти ҳамда алкоголь маҳсулотларини ҳисобга олиш, истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь маҳсулотларини сақлаш, ташиш ва улгуржи сотиш ҳисобини юритиш ҳамда истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқариш, қуйиш, сақлаш ва улгуржи сотишни назорат қилиш тартиби белгилаб берилмоқда.
Инспекция ходимлари ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолияти билан яқиндан танишиш жараёнида корхоналарда учраётган муаммолар ва уларни ечими бўйича фикр-мулоҳазалари ҳамда таклифлари олинди.