Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида турмушга чиқмаган аёлларга иш жойида сариқ рўмол ўрашга буйруқ берилди. Бу ҳақда “Озодлик радиоси”нинг туркман хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, бу талаб март ойининг бошида, турмушга чиққан туркман аёлларининг ишга сариқ кўйлакда бориши ҳақидаги буйруқ билан бир вақтда пайдо бўлган. Ташкилотлар раҳбарияти ўз қўл остидагиларига янги қоидаларни жорий қилиш сабабларини тушунтира олмагани, фақат “юқоридан бўлган” кўрсатмаларга ишора қилгани ва бажарилмагани учун ишдан бўшатиш билан таҳдид қилгани таъкидланмоқда.
“Бу талаб қонунан қўллаб-қувватланмаса-да, Туркманистон фуқаролари учун жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган кўплаб норасмий қоидалардан биридир”, дейилади хабарда.
Карлов университетининг Марказий Осиё бўйича эксперти Славомир Хорак нашрга берган интервьюсида бундай “қоидалар” кўпинча фақат Президент ёки унинг оила аъзоларининг буйруқлари ёки “тавсияларига” асосланишини айтган. Экспертнинг фикрича, бундай эстетик меъёрлар қисман совет давридан мерос бўлиб, мамлакат биринчи президентининг “инжиқликлари” билан боғлиқ бўлса-да, “Бердимуҳамедовлар сулоласи даврида энг юқори даражага чиққан”.
Маълумот учун, олдинроқ туркман аёлларига косметика воситаларидан фойдаланиш, тор кийим кийиш ва сочини очиқ рангга бўяш тақиқлангани хабар қилинганди. ОАВ хабарларида қайд этилишича, 2025 йилнинг январь ойида Туркманистон ҳукумати давлат босма нашрлари устидан назоратни кучайтиришга қарор қилган. Давлат хизматчилари ва талабаларга мамлакат Президенти Сердар Бердимуҳамедов ва унинг оила аъзоларининг суратлари туширилган “газета саҳифаларини нолойиқ жойларга ташламаслик” буюрилди. Тақиқни бузганлик учун, масалан, газеталарни қадоқлаш, олов ёқиш ёки ҳожатхона қоғози сифатида ишлатгани учун фуқаролар ишдан бўшатилиши мумкин.