АсосийДунё

Истанбул шаҳар ҳокими президентликка номзод қилинишидан бир неча кун олдин ҳибсга олинди

Бу воқеа коррупция ва террорчилик алоқаларига оид айбловлар бўйича тергов доирасида амалга оширилган.

'Истанбул шаҳар ҳокими президентликка номзод қилинишидан бир неча кун олдин ҳибсга олинди'ning rasmi

Истанбул шаҳар ҳокими президентликка номзод қилинишидан бир неча кун олдин ҳибсга олинди. 

Туркия президенти Ражаб Таййиб Эрдоғаннинг асосий рақиби бўлган Истанбул шаҳар ҳокими Экрем Имомўғли чоршанба куни ҳибсга олинди. Бу воқеа коррупция ва террорчилик алоқаларига оид айбловлар бўйича тергов доирасида амалга оширилган.

Давлатга тегишли Анадолу агентлиги прокуратура 100 нафар шахсга нисбатан ҳам қидирув ордери берганини хабар қилди. Ҳукумат органлари Истанбулнинг бир нечта йўлларини ёпди ва ҳибсга олишдан кейин эҳтимолий норозилик намойишларининг олдини олиш мақсадида шаҳарда тўрт кун давомида йиғилиш ва намойишларни тақиқлади.

Имомўғли ушбу воқеага муносабат билдириб, чоршанба тонгида ижтимоий тармоқларда "Миллат иродасига зарба!" сарлавҳаси билан видеомурожаат жойлаштирди.

"Катта зулмга дуч келяпмиз, лекин мен таслим бўлмайман!" – деди у ижтимоий тармоқдаги яна бир баёнотида. У ҳукуматни халқ иродасини ўзлаштиришда айблади.

Имомўғлининг матбуот котиби айтишича, 53 ёшли шаҳар ҳокими ҳибсга олинган ва ҳозирда полиция бошқармасида сақланмоқда. Котиб ОАВга бевосита изоҳ бериш ваколатига эга бўлмагани учун исмини ошкор қилмасликни сўраган.

Шу билан бирга, NetBlocks интернет мониторинг агентлиги Туркияда бир нечта ижтимоий тармоқларга, жумладан X (собиқ Twitter), YouTube, Instagram ва TikTok платформаларига кириш чекланганини маълум қилди.

Имомўғли 23 март куни ўтказилиши керак бўлган мухолифатчи Республика халқ партиясининг (СНР) ички сайловларида президентликка номзод сифатида кўрсатилиши кутилган эди. 2028 йилга белгиланган президентлик сайловлари муддатидан олдин ўтказилиши эҳтимоли ҳам муҳокама қилинмоқда.

СНР раиси Ўзгур Ўзел Имомўғлининг ҳибсга олинишини "таҳликали давлат тўнтариши" деб баҳолади:

"Ҳозирда мамлакат келгуси президентни танлаш имкониятидан маҳрум қилинмоқда. Биз халқ иродасига қарши уюштирилган тўнтаришга гувоҳ бўляпмиз."

Имомўғлининг ҳибсга олиниши унинг уйи тинтув қилиниши ортидан содир бўлди. Бу воқеа эса унинг олий таълим дипломи бекор қилинганидан бир кун кейин юз берди. Бу қарор мухолифат етакчисини президентлик пойгасидан четлатиш мақсадида қўйилган сиёсий қадам сифатида баҳоланмоқда.

Туркия қонунларига кўра, президентликка номзод бўлиш учун олий маълумотга эга бўлиш талаб этилади. Истанбул университети Имомўғлининг 1990 йилда Шимолий Кипрдаги хусусий университетдан ўз бизнес бошқаруви факултетига кўчирилганини "қонунбузарликка йўл қўйилган” деган асосда номақбул деб топди.

Имомўғли эса бу қарорни "ноқонуний" деб атаб, университет бундай ваколатга эга эмаслигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ҳукумат суд ҳокимиятига босим ўтказган ва бу билан суд мустақиллигига путур етказган.

"Бундай қарорни қабул қилганлар тарих ва адолат олдида жавоб берадиган кунлар яқин. Адолат, қонун ва демократияга ташна халқимизнинг юришини ҳеч ким тўхтата олмайди!" – деб ёзди Имомўғли ижтимоий тармоқда.

Шунингдек, у бу қарорга қарши курашишини ва судга мурожаат қилишини маълум қилди:

"Мен ҳозир нима қиламан? Мен орқага қайтмайман, мен шердай олға югаман! Орқага йўл йўқ, энди янада тезроқ югураман!" – деди у.

Сиёсий таҳлилчи Волфанго Пикколи (Teneo сиёсий хавф таҳлили фирмаси) Имомўғлининг дипломи бекор қилингани Эрдоған сайловда ғалаба қозона олмаслигини англаб етганига ишора эканини таъкидлади:

"Имомўғлининг дипломини бекор қилиш қарори фақат адолатли сайлов жараёнини бузиш эмас, балки ҳокимиятнинг давлат механизмларини тўлиқ назорат қилишига ишора қилади."

Имомўғли сўнгги йилларда бир неча ҳуқуқий муаммоларга дуч келди. 2022-йилда у Туркия Олий сайлов кенгаши аъзоларини ҳақорат қилишда айбланиб, сиёсий тақиқ солиниши мумкин бўлган суд ҳукми чиқарилди. У мазкур қарорга қарши шикоят қилмоқда.

Унга нисбатан бир нечта бошқа суд ишлари ҳам мавжуд, жумладан, мухолифат бошқараётган муниципалитетларни текширган суд экспертига таъсир ўтказиш айблови. Агар у айбдор деб топилса, қамоқ жазоси ва сиёсий тақиқ қўлланиши мумкин.

Маълумки, Имомўғли 2019 йил март ойида Истанбул шаҳар ҳокими этиб сайланган эди. Бу нафақат мухолифат учун, балки 25 йил давомида шаҳарни бошқариб келган Эрдоған ва унинг Адолат ва тараққиёт партияси учун ҳам тарихий йўқотиш бўлди.

Ҳокимият Истанбулдаги мунципал сайлов натижаларини бекор қилиш учун ҳаракат қилди ва янги сайлов тайинланди. Бир неча ой ўтиб, қайта ўтказилган сайловда ҳам Имомўғли ғалаба қозонди.

Охирги маҳаллий сайловларда у шаҳар ҳокими лавозимини сақлаб қолди. Бу сайловларда унинг партияси Эрдоғаннинг ҳукмрон партиясига нисбатан жиддий ютуқларга эришди.

                                              Абдуллоҳ Саййид

    Бошқа янгиликлар