17−20 март кунлари Миссисипи штати "Camp Shelby" ҳарбий-ўқув базасида "Энг илғор жангчи-2025" мусобақаси бўлиб ўтди. Бу ҳақда darakchi.uz'га Мудофаа вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, халқаро ҳарбий ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш ва махсус бўлинмаларда хизмат қилиш нуфузини ошириш каби мақсадларда ташкил этилган мусобақада ўзбекистонлик ҳарбийлар кичик сержант Алишох Абдуллаев ва III-даражали сержант Шохрух Жовкашев АҚШ Миллий гвардияси Махсус бўлинмалари ҳарбий хизматчилари билан куч синашган.
Мусобақа давомида ҳарбий хизматчилар якка таркибда жисмоний тайёргарлик синовлари (6 та машқни ўз ичига олган фитнес тест), жисмоний ва руҳий зўриқиш йўлагидан ўтиш, тунда 15 километр масофага ориентрлаш, 15 килограмм юк билан 20 километр масофага марш югуриш, жанговар ва умумий тайёргарлик бўйича тест синовлари, иншо ёзиш (ҳарбий ҳамкорлик мавзусида 500 тадан кам бўлмаган сўз), артиллерия оловини бошқариш, АҚШ намунасидаги ўқотар қуролларни нотўлиқ қисмларга ёйиш, йиғиш ва жанговар ҳолатга келтириш, шунингдек, улардан турли усул ва шароитларда ўқ отиш, тиббий тайёргарлик, оммавий қирғин қуролларидан ҳимояланиш, кутилмаган (сюрприз) машқлар каби шартларни муваффақиятли бажарган.
Хусусан, ўзбекистонлик ҳарбийлар жамоавий баҳс — 15 килограмм юк билан 20 километр масофага марш югуриш шартини 1 соат 50 дақиқа ичида бажарди. Шунингдек, якка тартибдаги баҳсларда III-даражали сержант Шохрух Жовкашев 3 километр 219 метр масофани 11 минут 18 сонияда босиб ўтган бўлса, кичик сержант Алишох Абдуллаев 250 метр масофага югуриш давомида мажмуавий машқларни 1 дақиқа 18 сонияда бажариб, 5 килограмм оғирликдаги коптокни 12,3 метр масофага улоқтирди. Мазкур шартларнинг барчасида ҳарбий хизматчилар мусобақа рекордини янгилаган.
Якунда ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар мусобақанинг махсус соврини билан тақдирланди. Вазирликка кўра, Ўзбекистон ушбу мусобақада 2019 йилдан бери муваффақиятли иштирок этиб келмоқда. 23 март куни икки нафар ҳарбий хизматчи Тошкент халқаро аэропортида тантанали равишда кутиб олинган.