Миграция агентлиги директори ўринбосари Азимжон Ҳусанов New Future Success Academy халқаро ҳамшираларни тайёрлаш ўқув марказининг Ўзбекистондаги бошқарувчи менежери Фозилбек Хонхўжаев билан учрашди. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати хабар берди.
Мулоқотда Америка стандартлари бўйича ҳамшираларни тест синовларига тайёрлаш марказини Ўзбекистон ҳудудида очиш ва имтиҳон марказини ташкил қилиш масаласи муҳокам қилинди. Марказ МДҲ ва қўшни давлатларда орасида ягона бўлиши айтилмоқда.
Имтиҳонлардан муваффақиятли ўтган номзодларни АҚШда бандлигини таъминлаш масаласи ҳам кўриб чиқилди.
Таъкидланишича, 2030 йилгача АҚШда 1 миллиондан ортиқ ҳамшираларга талаб мавжуд. Олий малакали ҳамшираларга йилига 44 мингта қонуний ишчи виза ажратилади.
Учрашув якунида New Future Success Academy компанияси ва Миграция агентлиги ўртасида тиббиёт соҳасида номзодларни тайёрлаш бўйича меморандум имзоланди.