Сўнгги пайтларда айрим фирибгар шахслар Ўзбекистон фуқароларига Туркияда юқори маошли иш таклиф қилиб (асосан фуқароларнинг таниш-билишлари орқали), уларни алдаш ҳолатлари кўпаймоқда. Шу муносабат билан Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси огоҳлантириш билан чиқди.
Қайд этилишича, ушбу шахслар ишга жойлашиш, уй-жой ва қонуний ҳужжатларни расмийлаштириш бўйича ёлғон ваъдалар бериб, ўзбекистонликларни оғир аҳволга солмоқда.
Агар ноқонуний меҳнат фаолияти бошланса ёки фирибгарлар томонидан алданилса, қуйидаги муаммоларга дуч келиш мумкин:
— иш ҳақи ваъда қилинганидан анча кам тўланиши ёки умуман берилмаслиги;
— иш шароитлари оғир ёки ёмон бўлиши;
— иш берувчи томонидан ноқонуний эксплуатация ва ҳақорат;
— Туркияда ноқонуний меҳнат қилиш оқибатида депортация ва жарималар;
— Туркияга келгандан сўнг, аэропортда кутиб олиш ваъда қилиниб, пул ўзлаштирилгандан кейин воситачининг ғойиб бўлиши.
Юқоридаги ҳолатларда ватандошлар ва иш таклиф қилган шахслар ўртасида ҳеч қандай расмий ҳужжат мавжуд бўлмагани сабабли фирибгарларни жавобгарликка тортиш жуда қийин бўлади.
Туркияда ишлаш учун чет эллик фуқаролар махсус рухсатнома — иш рухсатномасига (Çалışма İ) эга бўлишлари шарт.