Президент раислигида ҳудудларнинг туризм салоҳиятини янада ошириш ҳамда хорижий ҳамкорлар билан амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилмоқда. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Давлат раҳбари дунё иқтисодиётида ҳозир фавқулодда вазият кузатилаётганини, уч-тўрт кун ичида халқаро молия бозорларида 10 триллион доллар маблағ йўқотилганини кўрсатиб ўтди.
“Бу тебранишлар бизга таъсир қилмайди, деб ўйлаганлар адашади. Ахир, бу маблағларни бир қисми бизга инвестиция, кредит, евробонд орқали кириб келиши мумкин эди-ку!”, деди давлат раҳбари.
Бу шароитда барча ҳокимлар, иқтисодий комплекс ҳудудлар иқтисодиётини кунлик таҳлил қилиши, ишлаб чиқариш ҳажмлари, иш ўринлари ва экспортни сақлаб қолиш масалалари билан тизимли шуғулланиши кераклиги қайд этилди.
Иқтисодий комплекс масъулларига ҳар ҳафта тармоқма-тармоқ муаммоларни таҳлил қилиш ва янги таклифлар киритиш, туман ва вилоят ҳокимларига ўз ҳудудида тадбиркорлар масалаларига ечим топиб бориш топширилди.
Сўнгги йилларда туризм экспорти 1,6 карра ошиб, 3,5 миллиард долларга етди. Бу соҳада 2 мингдан ортиқ янги тадбиркор иш бошлади. Муҳими — ўтган йили хорижий сайёҳлар оқими илк бор 10 миллионлик маррадан ўтди.
Ҳудудларда туризм ва сервис инфратузилмаси жуда тез ривожланаётгани таъкидланди. Хусусан, ўтган 8 йилда маҳаллий ва хорижий инвесторлар 6,5 миллиард доллар сармоя киритиб, 130 минг меҳмонхона ўрни яратди. Бу йили улар яна 30 мингга кўпаяди.
Паркентнинг “Олтин бел” чўққисида халқаро даражадаги янги тоғ-чанғи зонаси барпо этиляпти. Франциянинг “Куршавел” тоғ-чанги курорти тоғли ҳудудларимизда Европа стандартига мос туризм масканларини ташкил қилишга катта қизиқиш билдирмоқда.
“Бу билан тўхтаб қолмаймиз. Бой тарихий-маданий меросимиз, гўзал ва бетакрор табиатимиз сайёҳларни 2-3 карра оширишга етади”, деди президент.
Туризмнинг иқтисодиётдаги улушини 7 фоизга, экспортни 10 миллиард долларга етказиш бўйича 2040 йилгача стратегия ишлаб чиқилаётгани таъкидланди.