Ўзбекистонда интернетда туҳмат ва ҳақорат қилишнинг олдини олишга қаратилган муаммолар сўнгги йилларда мураккаблашиб бормоқда. Албатта, мамлакатимизга яқин ҳудудда жойлашган Қозоғистон, Қирғиз Республикаси, Озарбайжон, Туркия, Россия каби давлатларда ҳам туҳмат ва ҳақоратдан инсонларни тийиб туриш учун жиноят даражасида ҳуқуқий меъёрлар қабул қилинган. Бироқ интернетнинг тез суръатда ривожланиши ва ижтимоий тармоқлар орқали ахборот алмашинуви кўпайгани сари бундаги салбий тажрибалар ҳам ошмоқда.
Ўзи баъзида туҳмат ва ҳақорат қилишни бир-биридан ажрата олмаслик ҳам кузатилади. Ҳуқушуносликдан кўп ҳам хабари бўлмаганлар қайси гап ҳақорат ёки туҳматлигини фарқлаб олишда бироз қийналишади.
Таъкидлаш жоизки, ҳақорат қилиш шахснинг шаъни ва қадр-қимматини беодоблик билан қасддан таҳқирлашдир. Бунда шахс кескин тарзда камситилади, унга салбий баҳо берилади. Ҳақорат қилишда сўкиниш, қўпол сўзлар ишлатиш орқали, шахснинг шаъни ва қадр-қиммати ерга урилиши кузатилади. Сўзни ҳақорат деб ҳисоблашда у гапнинг ҳақиқат ёки ёлғонлиги муҳим эмас, балки унинг беодоблик, ахлоқ нормаларига зид равишда ифода этилиши муҳим. Масалан, бирор инсон бошқа инсонни сўкиниб, беодобларча унинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасига “коммент” ёзса, айтилаётган гап ҳақиқатга мос бўлса ҳам ҳақорат ҳисобланади.
Туҳмат масаласида нима дейиш мумкин? Била туриб айбсиз инсонни шарманда қилишга қаратилган уйдирма тарқатиш туҳмат ҳисобланади. Ушбу масалада айбдор тарқатаётган ахборот бошқа шахсни шарманда қиладиган бўлиши ва бу хабарнинг ҳақиқатдан йироқлигини туҳматчи ўзи билиши керак. Яъни қасддан, ўзи атайин бировни шарманда қилиш учун уйдирма тарқатиш керак.
Ушбу иккита ноқонуний ҳаракатларнинг олдини олиш учун юртимизда қатор қонуний меъёрлар ва чоралар кўзда тутилган, лекин бу жараёнда қуйидаги бир қатор кўз юмиб бўлмайдиган муаммолар ҳам учрамоқда.
Жумладан, туҳмат ва ҳақорат қилишга қарши қонунларда зарур нормалар мавжуд бўлса-да, суриштирув жараёнлари чўзилиши сабабли ҳар доим ҳам тезкорлик билан суднинг ҳал қилув қарорларини қабул қилишга эришиб бўлмайди. Айниқса, интернетда ахборот алмашинуви тез содир бўлади ва туҳмат ёки ҳақоратга учраган шахс суд тартибида ўзини ҳимоя қилгунга қадар жамоатчиликда ишонувчанлик сабабли нотўғри фикрлар пайдо бўлиши мумкин.
Бу ерда ижтимоий тармоқлар ва интернет платформаларининг роли алоҳида. Ижтимоий тармоқлар (масалан, Facebook, Instagram, Twitter) ва интернет платформаларининг (Youtube, Telegram) кўпчилиги Ўзбекистонда оммалашган. Аммо бу платформаларда ахборот тарқатишнинг натижасида туҳмат ва ҳақоратнинг олдини олиш жуда мураккаб. Уларда хабар жойлаштириш ва интернетдаги ноҳақликларни тўғри қайта ишлаш тизими кўп ҳолларда самара бермаяпти.
Демак, туҳмат ва ҳақорат қилишнинг олдини олиш учун бир қатор ишларни йўлга қўйиш лозим. Ҳуқуқий механизмларнинг такомиллаштирилиши, ижтимоий тармоқлар админлари ва бу йўналишдаги давлат органларининг ҳамкорлиги, шунингдек, ахборот технологияларининг ривожланиши баробарида, фуқароларнинг дахлсизлик ҳуқуқларининг ҳимояси бу каби муаммони ҳал қилишда муҳим аҳамиятга эга.