Ўзбекистонда вояга етмаганлар банкларда ҳисобрақамлари ва банк карталарини очиши бўйича талаблар ишлаб чиқилади. Бу ҳақда “Ахборот технологиялари ёрдамида содир этиладиган жиноятларга қарши курашиш фаолиятини янада кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қарорида белгиланди.
Қарорга кўра, банклар ота-оналарни уларнинг вояга етмаган фарзандлари билан боғлиқ шубҳали (фрод) операциялар ҳақида хабардор қилиш амалиётини йўлга қўяди. Ички ишлар органлари масъул бўлинмалари сўровига асосан шубҳали пул ўтказма амалиётларига алоқадор банк карталари тезкорлик билан блокланади.
Банклар ва тўлов ташкилотлари томонидан ўзининг мобил иловаларига антивирус ҳимоя тизимларини ўрнатиш ҳамда фойдаланувчи қурилмасида зарарли дастурлар белгилари мавжудлиги аниқланганда уларни огоҳлантириш амалиёти жорий этилади.
Терговга қадар текширув ва дастлабки тергов давомида содир этилган кибержиноятлар юзасидан киберхавфсизлик талабларига риоя қилингани бўйича хулоса “Киберхавфсизлик маркази” ДУК томонидан берилади.
Шунингдек, Кибержиноятларга қарши курашишга ва рақамли терговга кўмаклашиш маркази ташкил этилади. Кибержиноятларни фош этиш, уларни тергов қилиш амалиётидаги мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича илмий асослантирилган таклифларни ишлаб чиқиш марказнинг асосий йўналишларидан бири этиб белгиланди.