Ўзбекистон бўйлаб ҳозирда мактаб ўқитувчилари учун малака синов имтиҳонлари ўтказилмоқда. Тармоқларда Самарқанд вилоятида тестда қатнашиб чиққан номзоднинг онлайн эфирда ҳали ичкарида ўтиргани ва бунга бошқа педагогларнинг норозилиги акс этган видео тарқалди. Андижонда эса бошқа номзоднинг телефондан фойдалангани эътирозларни келтириб чиқарди.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги расмий изоҳ берди. Унга кўра, Самарқандда тоифа синовлари ўтказиладиган бино ичидаги кузатув камераларининг онлайн эфири узатиладиган сайтда узилишлар юзага келган.
Вазирлик сайт RTSP протоколини қўллаб-қувватламагани учун видеооқим махсус кодировка орқали узатилишини, трансляция тизимида ҳар 15 сонияда янгиланадиган видео кадрлар сақланишини айтиб, сайт компютер браузерида очилгач, кўрсатилаётган барча кадрлар кеш хотирада (яъни вақтинчалик хотирада) қолишини билдирган.
“Агар интернет алоқаси узилса, браузер автоматик равишда охирги узилмасдан аввал кўрсатилган кадрларни кўрсатишда давом этади. Бу муаммони бартараф этиш учун саҳифани оддийгина янгилаш (рефреш қилиш) етарли бўлади. Юқоридаги ҳолатда эса, интерактив панелда интернет алоқаси узилган ва натижада эски, яъни узилишдан олдинги кадрлар экранга чиққан.
Илова қилинган расмдан кўриниб турибдики, ушбу номзод 52 балл тўплаб аттестациядан ўта олмаган. Шунингдек, номзоднинг тест жараёнида олинган расмлари ва у синовдан кетгандан кейинги ҳолатни кўришингиз мумкин (бутун жараённинг тўлиқ видеоси ҳам мавжуд ва у 1 йил давомида сақланади”,– дейилади расмий хабарда.
Иккинчи ҳолатда эса расмийлар телефондан фойдаланган номзоднинг натижалари ҳодиса аниқланган кун, яъни 19 апрел куни бекор қилиниб, у четлаштирилганини таъкидлашган.
Қўшимча қилинишича, ҳозиргача тоифа синовларида алоқа қурилмаларидан ёки бошқа воситалардан фойдаланган жами 24 нафар номзод жараёндан четлаштирилган.